Ҳиндистонлик шифокорлар Қашқадарёда

Қашқадарё вилояти

Бир гуруҳ ҳиндистонлик шифокорлар вилоятга ташриф буюрди. Бундан кўзланган мақсад ўзаро ҳамкорликда турли хасталикларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ҳар икки давлат тиббиётида эришилган ютуқларни баҳам кўришдир.

– Ўзбекистонда тиббиёт илмининг  султони Абу Али ибн Синонинг издошлари билан тажриба алмашиш биз учун катта шараф, – дей­ди Дуа Викрам. – Бу ердаги инновацион технологиялар, замонавий тиббий жиҳозлар, шифокор ва беморлар учун яратилган шароит ва имконият­лар таҳсинга ло­йиқ.
Маҳаллий шифокорлар ҳиндистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда Ви­лоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида нейрохирургия, онкология, урология ва дерматология касалликлари билан оғриган ўта оғир асоратли беморларни тиббий кўрикдан ўтказишди ҳамда муолажа қилишди. Шунингдек, жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
– Мазкур тиббий-кўрик аҳоли саломатлиги йўлида соҳага илғор хориж тажрибаларини жорий этиш мақсадида  ташкил қилинди, – дейди Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Бегали Ҳакимов. – Хорижлик шифокорларнинг ташрифи маҳаллий мутахассисларнинг аниқ ташхис қўйиш, мураккаб муолажаларни амалга ошириш ва жарроҳлик амалиёти борасидаги тажрибасини янада бойитишга хизмат қилади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.