Ҳаётда бардам, ижодда илдам, шахматда шахдам

4_01

Русларнинг “Киши ҳақида мукаммал таассуротга эга бўлиш учун у билан бирга бир пуд туз ейиш керак”, деган ҳикматли ибораси бор. Шатранж ихлосмандларида эса “Ҳар қандай одамнинг ички дунёсини билмоқчи бўлсанг, лоақал бир қўл шахмат суриб кўр”, деган гап юради. Бу гапнинг нечоғли тўғри эканини билмайман. Аммо шу нарса ҳақиқатки, ҳаётда орттирган азизу қадрдонларнинг аксарияти билан “олтмиш тўрт катак” узра ашаддий рақиблашув баробарида дўстлашганман.

Шуларнинг энг ҳурматлиларидан бири – Сайди ака Умиров. Закий олим, ёш ижодкорларнинг меҳрибону талабчан устози, оташин публицист ва сўнмас ғайрат-шижоатга эга тиниб-тинчимас бу инсон шахматни, футболни, қолаверса, спортнинг барча турларини, аввало, назарий жиҳатдан, яъни спорт журналистлари тайёрловчи етук мутахассис-мураббий сифатида, шу билан бир қаторда ўзи мунтазам шуғулланадиган моҳир амалиётчи рутбасида ҳаётининг ажралмас бўлагига айлантирган. Лекин…
Домланинг шахматга меҳр-муҳаб­бати, садоқати бўлакча. Зеро, у ушбу кўҳна ва мудом ёшариб, такомиллашиб борувчи сеҳр-синоатли, мўъжизакор ўйинни, инсон тийнатининг мунаввар кўзгуси, деб ҳисоб­лайди.
“Ақл, идрок, тафаккур қудрати, жисмоний ва руҳий етуклик, ирода ва қатъият, шахду журъат, матонату жасорат кўрсатиш қобилияти – ҳамма-ҳаммаси унда аён кўринади. Қолаверса, “ақл гимнастикаси” сифатида у мана шу фазилатларни шакл­лантиради, такомиллаштиради”, – дейди у. Ва такрор-такрор таъкидлайдики, ўзининг серқирра ижодкор зиёли бўлиб етишувида, саксондан сакраётганига қарамасдан мудом бардам, хушчақчақ, ҳаётсевар, дўстпарвар бўлиб юрувида шахматнинг хизмати беқиёс.
Зарафшондан баҳриёб Пойариқ соҳилларида оддий деҳқон оиласида туғилиб, машъум уруш туфайли эсини таниб улгурмаёқ отадан етим қолиб, заҳмату машаққатлар ила воя­га етган бу инсон тақдирида журъат, меҳнат, қатъият ва ирода ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Самарқанд давлат университетини аъло баҳолар билан битказгач, олим бўлиш ва ижод этиш иштиёқида Тошкенти азимга отланар экан, шатранжчилар ибораси билан айтганда, бу “юриши”, албатта, ғалабага элтажагига астойдил ишонди. Айни пайтда шуни яхши билдики, билимини қунт билан оширмаса, тинимсиз такомиллаштирмаса, изланмаса, “мот бўлиб” орқага қайтишига тўғри келади. Мана, орадан салкам олтмиш йил ўтиб, натижа аён бўлиб турибди: Сайди Умиров пешқадамлар сафида!
Шахмат ўйинини ҳаётнинг инъикоси дедик. Бинобарин, шатранж тахтасидаги сингари турмушда ҳам баъзида кичик, арзимаган бир хато инсон қисматида ҳал қилувчи ўзгариш ясаши: толеини порлатиб юбориши ёхуд аламли мағлубиятга сабабчи бўлиши мумкин. Демак, қилинадиган ҳар бир юриш, яъни ташланадиган қадамдан олдин обдон ўйлаш, пухта ҳисоб-китоб ўтказиш, етти марта ўлчаш даркор. Айниқса, буни илму ижод билан шуғулланувчи кишилар бир дақиқа ҳам эътибордан фаромуш этмаслиги, теран англаб, шунга монанд ҳаракат қилиши талаб этилади.
Бу жабҳага кирган киши кенг миқёсли ва теран тафаккурга таяниши, айни пайтда майда икир-чикирларни, оддий бир детални ҳам назардан қолдирмаслиги лозим. Сайди Умиров илмий ишни мунтазам ижод билан уйғун тарзда олиб борар экан, бу ҳақиқатни дилига жо этиб олган.
Бинобарин, илмий-тадқиқот объекти сифатида бадиий асарларда деталь, яъни кичик ифода воситасидан фойдаланиш таҳлилини танлагани тасодиф эмас, деб ўйлаймиз. Яна унча-мунча эмас, ўзбек адабиётининг улкан қояларидан бири ҳисобланмиш Абдулла Қаҳҳорнинг шу борадаги маҳоратини ўрганиш ва ёш ижодкорларга дастуруламал бўладиган даражада очиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди ва илк мақолаларидаёқ шу мавзуни танлаб адашмаганини исботлади. Бундан эллик йил аввал “Шарқ юлдузи” журналида босилган “Абдулла Қаҳҳор – деталь устаси” сарлавҳали илмий мақоласи мутахассислар томонидан илиқ кутиб олинди. Ёш олим ушбу долзарб мавзуни қунт билан давом эттириб, фан номзоди бўлди, улуғ адибнинг юқори баҳосини олди. Шу билан биргаликда, илмий ҳамда ижтимоий публицистик ижодини бир дақиқа ҳам тўхтатгани йўқ. “Миллий маданиятлар ривожида танқид­чиликнинг роли “рисоласи” Чингиз Айтматовнинг “нажот кемаси”, “Чин публицист – руҳан инқилобчи”, “Мулоқот мавзуси – маънавият”, “Янгича тафаккур манзаралари”, “Сўз мулкига саёҳат”, “Сўз дурларин термоқдур иши” сингари салмоқли тадқиқотлари ана шу ғайрат-шижоат ҳосилаларидир.
Узоқ йиллар давомида икки дорулфунун журналистика факультетларида ишлаш асносида минглаб, балки ўн минглаб ёш истеъдодлар қўлига қалам тутқазиб, ҳақиқий маънодаги устоз мақомига эга бўлди. Бунинг ёрқин исботи ўлароқ бўлажак шифокорларга аталган “Пуб­лицистик таҳлил”, “Тарихи тоза публицистика”, “Самарқанд журналистика мактаби”, “Даъваткор сўз”, “Ёшликнинг публицистик мавжлари”, “Мақоланависликда тил экологияси”, “Интернет ва аудиовизуал журналис­тика” сингари илмий мақола ҳамда тадқиқотларини кўрсатиш мумкин. Олимга давлатимиз раҳбарияти томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони, Ўзбекистон Рес­публикаси Фахрий ёрлиғи берилиши ана шу риёзатларнинг муносиб баҳосидир.
Ижтимоий публицистика – Сайди Умиров ижодининг ўткир ва бетак­рор қирраси. У қаламга олган ҳар бир мавзу муштарий қалбининг энг нозик торларини чертади. Айтайлик, “Тил ҳақида сўз”, “Журналист халқнинг дилидаги гапни гапирса”, “Ҳаёт фалсафаси – яхшилик”, “Маънавият мулкига саёҳат” сингари мақолаларидан бирортасини бефарқ ўқиш мумкин эмас. Зотан, Сайди ака шунчаки қоғоз қоралаш учун эмас, дилидан чиққан, ақл-идрок чиғириғидан ўтган, халқнинг ўй-ташвишларига ҳамоҳанг, долзарб бир муаммони кўтариш, уни ҳал этиш йўлларини қидириш ҳамда кўрсатиш мақсадида олади қўлига қаламни. Айнан шунинг учун ҳам ёзганлари юрагингизга жойлашади, эзгу ҳислар уйғотади, яхшилик сари етаклайди.
Дарвоқе, шу маънода Сайди Умиров публицистик ижодини унинг марҳум устози, улкан олимларимиздан Ғайбулла ас-Салом бир сўз билан – “Яхшиликшунослик”, дея ифодалаган, бу ҳақда мақола ҳам ёзган эди. Бу эътирофнинг ҳаққонийлиги эса Сайди Умировнинг “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти билан тақдирланиши билан ўзининг барқарор ва мустаҳкам исботини топди.
Шу ўринда “Ярми ҳазил – ярми чин” қабилида бир гап: анча-мунча ҳамкасбларимиз ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритганидан сўнг, “учи едирилиб қолмасин” дейишади шекилли, “пуф-пуфлаб” сандиқда сақлашга киришадилар. Яъни “Энг катта мақсадга эришдим”, дея ижодий фаолликни сусайтириб қўядилар. Сайди ака эса билъакс, ноёб маъдандан ясалган ижод қуролини мутлақо аямасдан тинимсиз ишлатмоқда: домлани Навоийда кончилар, узоқ Томди чўлларидаги чўпонлар, Сурхондарёнинг Тўпалон дарёсидаги сувчилар, Фарғонаю Наманганнинг ҳассос боғбону соҳибкорлари ҳузурида учратасиз. Республиканинг етакчи газеталари саҳифаларида у кишининг қаламига мансуб сафарнома-очерклар, эсселар, таҳлилий мақолалар, бағоят хушлаҳжа лавҳалар, завқли репортажлар узлуксиз босилиб турибди. Яқиндагина босмадан чиққан “Сеҳрли ва меҳрли сўз” номли салмоқли тўпламдан ана шу асарларнинг бир қисмигина жой олган. Ҳа, айтганча, Сайди Умиров публицистикасида ўзбек спорти ривожига оид долзарб, гоҳида анчайин оғриқли муаммолар ҳам мудом муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. Чунки домланинг ўз таъбири билан айтганда, бугунги дунё ҳаётини спортсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Спорт ҳар бир мамлакатни, давлатни дунёга танитишда муҳим ўрин эгаллайди, қолаверса, миллатнинг соғлом, баркамол, буюк ишларга қодир бўлишида ғоят катта аҳамиятга эга. Бинобарин, спортни севиш, у билан мунтазам шуғулланиш, фарзанду невараларни ҳам мутассил шунга даъват этиш ҳар бир ватандошимизнинг бурчидир, дея таъкидлайди у ва ушбу ақидага ўзи қаттиқ амал қилади. Шу ўринда Сайди ака шахматдан ташқари футболнинг ҳам ашаддий ишқибози эканини, саксондалигига қарамасдан жаҳон тиллари дорулфунуни халқаро журналистика факультети футбол жамоасининг тренери сифатида самарали фаолият олиб бораётганлигини алоҳида эътироф этишимиз шарт.
Натижада ҳамиша соғлом, хушчақчақ, бардам, яхши спорт формасида ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида ўтказиладиган мусобақаларда жанговар ҳолатда иштирок этишга шай.
Сайди Умиров айни кунларда республикамиз раҳбарияти томонидан ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан, мамлакатимизда журналист кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштиришга қаратилган тадбирларни, хусусан, махсус журналистика университети ташкил этиш мўлжалланилаётганини зўр мамнуният ҳамда сафарбарлик ҳис-туйғулари билан кутиб олиб, илмий-педагогик, ижодий-публицис­тик ва спортдаги азму шижоатини янада оширмоқда. Зотан, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳаётимизда ҳар куни рўй бераётган эзгу ўзгаришлар кексаю ёшнинг қалбига янада юксак орзулар, порлоқ умид­лар бағишламоқда. Бас шундай экан, муҳтарам домламиз бундан буён ҳам узоқ йиллар давомида ҳаётда бардам, илму ижодда илдам, шахматда шахдам бўлиб юришини тилаб қоламиз.

Ҳабиб ТЕМИРОВ