Боксчиларимиз еттита медаль билан қайтишди

4_boks

Ҳиндистонда жорий йилнинг 28 январь 1 февраль кунлари бокс бўйича бўлиб ўтган “Indian Open” турнирида ҳамюртларимиз бешта олтин ва иккита кумуш медалга сазовор бўлди.

Кундузги дастурдан ўрин олган финал жангларида дастлаб 69 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги ёш боксчи Бобоусмон Ботуров ҳиндистонлик Динешни мағлубиятга учратиб, терма жамоамизга илк олтин медални тақдим этди. Жамоадошининг ғалабасидан руҳланган Исроил Мадримов ҳам вазни 75 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида кубалик Эстрада Иглесиас­дан устун келди ва термамиз ҳисобига иккинчи олтин медални расмийлаштириб қўйди. Вазни 91 килограмм­гача бўлган боксчилар жангида эса ҳамюртимиз Санжар Турсуновнинг фаол ҳаракатларини баҳолашга ҳакамларнинг холис савияси етмади, десак муболаға бўлмайди. Чунки бутун жанг давомида фаоллик кўрсатган ҳамюртимиз кумуш медалга лойиқ кўрилди. Олтин эса мезбон боксчи Санжитга совға қилиб юборилди. Бундай ҳолат Санжар билан биринчи марта юз бермаётганлиги киши дилини хира қилмасдан қолмайди (Ўтган йили Тошкентда ўтган Осиё  чемпионатида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берганди). Супероғир вазн(+91кг)ли боксчимиз Баҳодир Жалолов Санжарнинг аламини мезбон боксчи Кумар Сатишдан олди. Ҳакамлар бу сафар жанг давомида Кумар Сатишни жуда қийин аҳволга солиб қўйган Баҳодирнинг ғалабасини тасдиқлашдан бошқа илож топа олмади. Кундузги жанглардан сўнг термамиз аъзолари томонидан учта олтин ва битта кумуш медаль  қўлга киритилди.
Кечки дастурдан ўрин олган жангларда Худойназар Файзов 52 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида Ҳиндистон терма жамоаси аъзоси Анвар Салмонни мағлуб этиб, ҳамюртларимиз учун куннинг иккинчи қисмини ҳам олтин медаль жамғариш билан бошлаб берди.  56 килограммгача бўлган вазнда мўғулистонлик Амар Харкуга қарши рингга кўтарилган боксчимиз Абдулҳай Шораҳматов ҳам рақибидан кучлироқ эканлигини исботлай олди ва термамиз ҳисобидаги олтин медаллар сонини бештага етказди. Иқтидорли, ёш боксчимиз Иқболжон Холдоровга эса финалда бироз омад етишмади. 64 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги боксчилар баҳсида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Иқболжон кубалик Мойран Винентга имкониятни бой бериб қўйди ва якунда кумуш медаль билан кифояланди.
“Indian open”да муваффақиятли иштирок этган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кеча Ватанимизга қайтиб келди. Улар тантанали равишда кутиб олинди.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ