Пиллачилик ва масъулият

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган пиллачиликни ривожлантириш борасида замонавий талаблар ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда иш юритиш давр талабидир. Бироқ ўтган йиллар давомида кўзланган натижаларга эришилмасдан, айрим жиддий камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилганлиги ҳам бор гап.

Хусусан, ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, мавжуд тутзорлардан фойдаланиш, уларни сақлаб қолиш ва мамлакатимизнинг табиий-иқлим шароитларига мос келадиган, озуқа қиймати юқори бўлган тут кўчатларини экиш, парваришлаш талаб даражасида эмаслиги, қаровсиз қолдирилганлиги ва кесиб кетилаётганлиги тут дарахтларининг камайиб кетишига ҳамда уларнинг ҳосилдорлиги йилдан-йилга пасайиб боришига олиб келган.
Мисол учун, ҳисоботларда республика бўйича 73699,7 минг дона якка қатор тутлар мавжудлиги қайд этилган. Лекин ўтган йилги хатловда шу турдаги дарахт­лар 45640,8 минг дона ёки ҳисоботга нисбатан 28058,9 минг дона кам эканлиги аниқланган. Натижада бу ҳолат пиллачиликка салбий таъсир кўрсатган. Хусусан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси маълумотига кўра, 2017 йил учун пилла етиштириш режа кўрсаткичи 48 фоизга бажарилган. Бунинг оқибатида пиллани қайта ишлаш корхоналари тўлиқ қувват билан ишламай, иш ўринлари қисқариб кетган. Масалан, Тошкент вилоятидаги “Равнақ силк” қўшма корхонаси 1,9 тонна ёки йиллик қайта ишлаш қувватига нисбатан 1,3 фоиз, Хоразм вилоятидаги “Хоразм ипаги” МЧЖ 81,3 тонна ёки йиллик қайта ишлаш қувватига нисбатан 37,6 фоиз кам миқдорда пилла қабул қилган.
Олиб борилаётган саъй-­ҳаракатларга қарамасдан назорат тадбирларида айрим мансабдор шахслар томонидан жиддий қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Масалан, “Улуғнор пилла тайёрлов” МЧЖ раҳбари жамият агрономи билан тил бириктириб, ўтган йилнинг 11 февраль куни “Улуғнорлик Дилёрбек боғлари” фермер хўжалиги раҳбаридан 2017 йил учун пилла харид қилиш шартномасини тузмаслик эвазига 1 миллион сўм пул талаб қилиб, таъмагирлик йўли билан 500 минг сўм пулни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Bekobod kumush tola” шўъба корхонаси раҳбари эса мансаб мавқеини суи­истеъмол қилиб, умумий қиймати 65 миллион 906 минг сўмлик пиллачилик ва бош­қа турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда растрата қилиш орқали давлатга зарар етказган. Албатта, ушбу ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Соҳада юзага келган тизимли камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ва Ҳукуматининг пиллачиликни тубдан такомиллаштиришга оид қарорлари қабул қилинди. Хусусан, республикамизда пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш мақсадида 2017 йил 29 мартда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолияти йўлга қўйилиб, унинг таркибига тижорат банклари ва пиллачилик тармоғи ташкилотлари муассислигида янгидан ташкил этиладиган “Ипакса­ноат” минтақавий жамиятлари, Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятлар “Пилла” ҳудудий бирлашмалари негизидаги “Агропилла” МЧЖлар, туман ва туманлараро “Пилла” МЧЖлар негизида ташкил қилинган туман “Агропилла” МЧЖлар, ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар киритилди.
Эътиборлиси, 2023 йил ­1 январгача ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ҳамда пиллачилик тармоғи учун ёрдамчи материалларни ишлаб чиқаришдан олинадиган даромадлар юридик шахсларнинг ягона солиқ тўловига тортилмаслиги белгиланди. Шунинг­дек, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар томонидан олиб келинадиган пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қурти уруғлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан, уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилди.
Пилла етиштирувчи ташкилотлар ҳам касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари бўйича ягона ижтимоий тўловдан озод қилинди.
Пиллачилик тармоғи ишчилари ва касаначиларнинг қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсумда ишлаган даврлари уларга пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига киритилди.
Уюшма аъзолари манфаатларини кўзлаб, давлат божини тўламасдан судга даъво аризаларини тақдим этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги “2017-2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс ривож­лантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори билан мазкур йилларда пиллачилик тармоғини ва тармоқ озуқа базасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи 24 та корхонани модернизация қилиш бўйича лойиҳаларнинг манзилли дастури ҳамда жами 55 банддан иборат бўлган пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги қарорлар ижросини белгиланган муддатларда таъминлаш, соҳада қонунийликка қатъий риоя этиш мамлакатимизда пиллачиликни янада ривожлантириш, турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда муҳим омил саналади.

Нодир ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори.