Сув кам бўлганда…

Ҳа, қишлоқ хўжалигида жорий йил сув тақчил бўлиши кутилмоқда. Таҳлилларга қараганда сув етишмовчилиги бутун вегетация даврида ҳам давом этиши мумкин.

Сув тақчиллиги сезилаётган шароитда суғориш технологияси интизомига қатъий риоя этиш талаб қилинади. Бунда экинлар ривожини тезлатиш ва сув камчилигига қарши самарали кураш олиб боришга алоҳида эътибор бериш лозим.
Суғориладиган ҳар бир участкада суғориш муддатлари ва меъёрларини сув билан таъминланганлик, тупроқ хусусиятлари ва сизот сувлар чуқурлигини қатъий ҳисобга олиб белгилаш лозим. Шунингдек, ғўза нави, эгат кенглиги, сувчилар ҳамда суғориш ашёлари билан таъминланганлик даражаси ва бош­қа омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, бу жараёндаги энг асосий агротехник тадбирлардан бири маҳаллий ва компост ўғитлардан самарали фойдаланишдир. Ерга солинган маҳаллий ўғитлар микроорганизмлар ёрдамида парчаланиши натижасида ҳосил бўлган карбонат ангидрид тупроқдаги фосфорга таъсир кўрсатиб, унинг эрувчанлигини кучайтиради. Туп­роққа қанча кўп маҳаллий ўғит солинса, шунча кўп углевод ажралиб чиқиб, ўсимликнинг ҳаводан озиқланиш (фотосинтез) жараёнини қулай ҳолатга келтиради. Натижада ўсимликнинг сувсизликка чидамлилиги ошади.
Наманган туманидаги “Абдураҳим ота” фермер хўжалиги экин майдонининг 7 гектарига маҳаллий ўғитни навбатлаб, гектарига 14-15 тоннадан бериб, ишлов ўтказилди. Натижада одатдаги парваришдаги ғўзага нисбатан суғоришлар сони бир мартага камайиб, гектаридан 800-900 метр куб сув иқтисод қилинди. Энг муҳими, ғўза қатор ораларига ишлов бериш сони ҳам 2 мартага камайди, гектарига 5 центнер қўшимча ҳосил олинди.
Таъкидлаш жоизки, биринчи суғоришда ҳар гектар майдонга ўртача 700-800 куб метр сув қатор оралатиб берилади. Сув сарфи енгил тупроқли майдонларда гектарига 600-700 куб метр, ўрта таркибли тупроқли ерларда 700-800, оғир тупроқли далаларда 800-900 куб метр бўлиши керак. Гуллаш даврида 200-300 куб метр сув кўп сарфланади. Гектарига бундан ортиқча берилган сув илдиз қатламидан пастга ортиқча сингишига, ғўзанинг бўкишига олиб келиши мумкин.
Фермерларга ва бошқа сувдан фойдаланувчиларга обиҳаётни нав­батлаб беришни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Гуллашгача бўлган даврда тупроқнинг 50-70 сантиметригача нам борса, етади.
Суғориладиган майдоннинг бир текис намланиши ва обиҳаётни тежамли тараш учун эгат узунлигига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Бу ишни тупроқ хилига, ернинг нишаблигига ва ғўза қатор ораларига боғлиқ ҳолда мувофиқлаштириш лозим. Шуни ҳисобга олиб, бу йилги шароитда сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор ораларига 60 сантиметр бўлган далаларда узунлиги 60-70 метрдан, сувни суст шимадиган оғир туп­роқли пайкалларда эса тегишли равишда 80-90 ва 90-100 метрдан ошмаслиги керак. Булар билан бир қаторда сувдан тежамли фойдаланишда Чуст тумани хўжаликларининг суғоришни қисқа эгатлар (40-50 метр) орқали “Чуст усули”да ўтказиш тажрибаси диққатга сазовордир.
Шунингдек, ғўзани фосфор ва калий унсурлари билан етарли даражада таъминлаш ва тупроқнинг сув шимиш қобилиятини яхшилаш мақсадида ноанъанавий агрорудалар (бентонит, глауконит лойқалари) ва бошқа захиралардан фойдаланиш мумкин. Бунда ғўзани озиқлантиришда гектарига 250-300 килограмм меъёрда уч марта – экишдан олдин, шоналашда ва гуллаш даври бошида маҳаллий ўғитлар ва ноанъанавий агрорудалар асосида тайёрланган компостларни гектарига 20-25 тонна қўллаш фойда беради. Шу усул орқали 1-1,5 марта суғориш сони қисқариб, 800-1200 куб метр обиҳаёт тежалади. Чиритилган гўнг шарбат усулида қўлланилганда ҳам сув буғланиши камаяди, сув тупроққа яхши сингади, намлик сақланади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айрим хўжаликларда гўнг очиқ ва сочилган ҳолда сақланади. Бундай сақланган гўнгда озиқ ва озуқа элементларининг камайиши кузатилади. Илмий-тадқиқот институтларининг маълумотларига қараганда, очиқ ҳолда сочма равишда сақланган гўнгнинг ҳар бир тоннасидан 23-24 фоиз қуруқ модда ва 44 фоизгача умумий азот йўқолади.
Маҳаллий ўғитлар (гўнг, компост) таркибидаги озиқ моддаларнинг беҳуда йўқотилишига йўл қўймаслик учун устига 10 – 15 сантиметр тупроқ бостирилиб,  вақти-вақти билан сув сепиб туриш лозим.
Ғўза гуллаган пайтида вегетацион суғоришни ҳар бир эгат орқали ўтказиш керак, қолган пайтда бир эгат ташлаб суғорса ҳам бўлади. Бир эгат ташлаб суғориш юқори ҳосил етиштириш ва сувни 25 фоизгача тежаш имконини беради.
Сувдан унумли фойдаланиш учун хўжалик ички ва хўжаликлар­аро сув тақсимотида аниқ ҳисоб- китоб жорий этилиши даркор. Кенг майдонларни (10 – 15 гектар) суғориш учун бир неча кишидан иборат сувчилар гуруҳи ишлаши лозим.
Шуни унутмаслик керакки, юзаси ишлов берилганда текис чиққан майда кесакли далада нотекис, йирик кесакли юзага қараганда нам­нинг буғланиши 25-35 фоиз кам бўлади. Ҳар бир тадбирни ўз вақтида, кўнгилдагидек ўтказиш мўл ҳосилга замин қўйиш демакдир.
АҚШда ҳам сувни тежаб-тергаб, экинларни қондириб суғориш аксарият фермерларнинг доимий ташвишидир. Бу ерда энг кўп тарқалган суғориш усули биздагидек эгатлаб суғоришдир. Бунда сув тупроқ шароитига қараб, ҳар бир эгатга ёки эгат оралатиб таралади. Тупроқ рельефидан келиб чиқиб томчилатиб суғориш усуллари ҳам ривожланиб бормоқда. Шундай бўлса-да, у ерда сув биздагига қараганда икки баробар кам сарфланади. Негаки, уларда ариқ ва ўқариқлар йўқ. Шунингдек, оқава бўлмайди. Яъни обиҳаёт тўп­лагичлардан 1,5-1,8 метр чуқурликда кўмилган қувурлар орқали ғўза экилган далаларга боради ва алюминий қувурларга уланади. Сув қувурларидаги тешикчалардан эгатларга оқади, эгат охирига етиб бориши билан суғориш тўхтатилади.
Греция ва Болгария фермерларининг кўпчилиги сувни тежаш учун енгил тупроқларга экилган ғўзаларни ёмғирлатиб суғоришга эътибор қаратадилар. Албатта хориж агротехнологияларини ўрганиш, уларнинг афзал жиҳатларини амалга татбиқ этиш ютуқ ва муваффақиятларимизнинг   янада ошишига омил бўлади.

Ренат НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, профессор.