«Насаф» гуруҳ босқичида «Пахтакор» эса…

4_nasaf

Жорий йилнинг 30 январь куни футбол бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионлар лигаси плей-офф баҳсларида мамлакатимизнинг икки жамоаси гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун кураш олиб боришди.

Эслатиб ўтамиз, ОФК регламентига кўра, плей-офф ўйинлари фақат битта ўйиндан иборат бўлади ва жавоб учрашувлари ўтказилмайди. Агар асосий вақтда ғолиб аниқланмаса, қўшимча таймлар белгиланади. Унда ҳам тенглик бўлса, пенальтилар сериясига мурожаат қилинади ва ғолиб жамоа гуруҳ босқичига йўл олади.
Миллий чемпионатимизда мавсумни аъло даражада ўтказиб, уни иккинчи ўрин билан якунлаган Рўзиқул Бердиев бош мураббийлигидаги Қаршининг “Насаф” жамоаси “Марказий” стадионда Иорданиянинг “Ал Файсали” жамоасини меҳмон қилди.
“Аждарлар”нинг тўлиқ устунлигида ўтган баҳсда “Насаф”нинг бешта голига меҳмонлар бир бора жавоб бера олди.
Учрашувнинг 12-дақиқасида Славко Лукич томонидан бурчак зарбаси амалга оширилди. Аъло даражада узатилган тўпни Игорь Голбан бош билан дарвозага аниқ йўллаб, голлар шоусини бошлаб берди. 49-дақиқада Жасур Ҳасановнинг бурчакдан оширган тўпини Бобур Абдухолиқов дарвозага жойлаб қўйди. 52-дақиқада Азизжон Ғаниев жарима майдонидан қайтган тўпга узоқ масофадан аниқ зарба бериб, жамоасининг учинчи голини урди. 61-дақиқада рақиб футболчилари ўз жарима майдончаси ичида Ислом Кенжабоевга нисбатан қўполлик ишлатди. Пенальтидан эса “Насаф” легионери Драган Черан унумли фойдаланди ва ҳисобни 4:0 кўринишига олиб келди. Учрашувнинг 87-дақиқасида Дониёр Нарзуллаев томонидан жарима майдони ичига узатилган тўпни Муҳаммад Ёсир ўз дарвозасига жойлаб қўйди – 5:0. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгги сониялари ўтиб бораётган вақтда иорданияликлар жарима зарбасидан “Насаф” дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Учрашув 5:1 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа “Насаф” “ОЧЛ – 2018” иштирокчисига айланди.
Энди Рўзиқул Бердиев шогирдлари “ОЧЛ – 2018” мусобақаси “C” гуруҳида “Персеполис” (Эрон), “Ал-Садд” (Қатар), “Ал-Васл” (БАА) клублари билан рақобатлашади.
Афсуски, Доҳада “Ал-Гарафа” меҳмони бўлган Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, гуруҳ босқичи йўлланмасидан мосуво бўлди. Осиё чемпионлар лигасининг энг кўп иштирокчиларидан бири – “Пахтакор”нинг бу йил шунчаки томошабин  бўлиши аламли, албатта. Учрашувдаги ҳар иккала гол рақибнинг кучли тактик ҳужумлари натижаси эмас, вазиятлардаги хатолар ҳосиласи эканлиги ундан-да аламли.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ