Кўҳна шаҳарларнинг навқирон умри

xiva_016

Хоразм вилояти

Президентимизнинг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тасдиқланган дастурда Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Хива йўналиши бўйича асосий туризм марказларини боғловчи темир йўл ҳамда Хива шаҳрида замонавий вокзал қуриш кўзда тутилган эди. Унга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан шу кунгача 168 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилиб, 2200 метрлик темир йўл излари ётқизилди.
Хива шаҳрига хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида Европа, Осиё ва МДҲ мамлакатларидан доимий ва чартер авиақатновлари йўлга қўйилди. 2017 йилнинг апрель ойидан парвозини бошлаган “Париж-Урганч”, “Милан-Урганч” авиарейси орқали ўтган йили олти минг нафарга яқин сайёҳ вилоятга ташриф буюрди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан “Тошкент – Урганч – Тошкент” йўналиши бўйича якка ва гуруҳ авиайўловчилар учун чегирмали чипталар жорий этилди.
Экотуризм сайёҳларни жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Туяда чўлларни сайр қилиш, кўлларда балиқ овлаш, табиат қўйнида дам олиш каби хизматлар сайёҳларнинг қизиқишини оширади. Айни пайтда “Эшон Равот Тур” хусусий корхонасига қарашли экотуризм масканида сайёҳлар учун туяларда сайр қилиш машғулоти йўлга қўйилди. “Хива Қоракўл” фермер хўжалиги ҳудудидаги кўлда эса балиқ овлаш жойлари ташкил этилди.
Хива шаҳри ва қадимий Хоразм рамзлари тасвирланган эсдалик совғаларини махсус қадоқланадиган ўрамларда ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. “Со1d tuг” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 4 хил кўринишдаги сувенир тангалар интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинмоқда. “Ичан-қалъа” мажмуасида 58 нафар ҳунарманд эсдалик совғалари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланмоқда. Улар томонидан ёғоч ўймакорлиги асосида тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий чопон ва дўппилар, қўлда тўқилган гилам ва газламалар, кулолчилик буюмлари, ўйинчоқлар, миниатюра, рангтасвир, наққошлик санъатига оид нафис буюмлар сайёҳларга манзур бўлмоқда.
Хоразмлик тадбиркор ва ҳунармандлар хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда ҳам фаол иштирок этиб, сайёҳларни юртимизга кенг жалб этишга кўмаклашмоқдалар. Бир гуруҳ ҳунарманд ва усталар, туризм ташкилотлари, меҳмонхоналар вакиллари 2017 йилнинг 7-10 декабрь кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида бўлиб ўтган “Тгаvеl Тuгkеу Izmir-2017” ярмаркасида фаол иштирок этишди.
Сайёҳлар учун қулай шароит яратиш туризм ривожида муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода Урганч шаҳри халқаро аэропорти ҳамда автовокзалида сайёҳлик ахборот офисларининг ташкил этилгани мамлакатимиз билан яқиндан танишмоқчи бўлган хорижликларни мамнун этмоқда. Реставрация ва таъмирлаш ишлари якунланган “Нуруллабой” мажмуасида галерея, ҳунармандлар устахонаси ва миллий кийим­лар кўргазмаси, миллий таомлар ресторани ташкил қилинди. Урганч туманида жойлашган “Уллиҳовли” мажмуасини халқаро туризм йўналишларига киритиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда. Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда вилоятда жами 12 та янги меҳмонхона ишга туширилиб, улардаги мавжуд ўринлар сони 3000 тага етказилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Хоразм вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини янада ошириш ҳамда Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури”га асосан вилоятда ички туризмни ривожлантириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Унга кўра маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, корхона ва ташкилотларга тегишли меҳнат жамоаларининг Ўзбекистон бўйлаб тизимли равишда саёҳат қилишларини таъминлаш кўзда тутилган.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.