“Қишлоқ қурилиш банк”: Мижозлар ишончига инновацион хизматлар билан эришамиз

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши республикамиз тижорат банклари олдига ҳам муҳим вазифаларни қўйди. Эндиликда молия муассасалари фаолиятини илғор технологиялар асосида инновацион йўналишда давом эттириш зарурати юзага келмоқда. Бу жараёнда эса Президентимизнинг 2017 йилнинг 12 августдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.

Ушбу қарорда тижорат банкларини илғор банк амалиёти асосида фаолият юритадиган тизимга айлантириш, уларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш, хизмат турларини кенгайтириш, аҳолининг банк соҳасига бўлган ишончини, банк хизматлари жозибадорлигини ва кўрсатилаётган хизматлар сафини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Улардан келиб чиққан ҳолда “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Туризм тараққиётига хизмат қилади
Янги йил байрами арафасида “Қишлоқ қурилиш банк” Ягона умум­республика процессинг маркази билан ҳамкорликда “Unionpay International” халқаро тўлов тизими пластик карточкаларини “UZCARD” тўлов тизими терминалларида қабул қилишни муваффақиятли якунлади.
Мамлакатимиз банк-молия хизматлари бозори учун муҳим янгилик ҳисобланадиган бу амалиётни бажариш учун банк терминалларига махсус дастурни юклаб олишнинг ўзи кифоя қилади. Эндиликда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган “Қишлоқ қурилиш банк” терминалларида бир вақтнинг ўзида “UZCARD” ва “Unionpay International” халқаро тўлов тизими карточкаларини қабул қилиш имконияти пайдо бўлди.
Мазкур хизмат  юртимизда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиши билан ҳам аҳамиятлидир. Яъни “Unionpay International” халқаро тўлов тизими пластик карточкаларига эга хорижлик сайёҳлар “UZCARD” терминаллари орқали юртимизда эркин ва ҳеч қандай чекловларсиз тўловларни амалга ошириши мумкин. Ҳозирда мамлакатимизнинг сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудлари, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида жойлаштирилган терминалларни ушбу хизматга улаш ишлари бошлаб юборилди.
Банк жамоаси бу борадаги изланишларини давом эттириб, келгусида бошқа халқаро тўлов тизимларини ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида тижорат банкларига аэропортлар, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар ва бошқа туризм объектларида халқаро тўлов тизимлари билан ишлайдиган банкомат ва терминаллар миқдорини кўпайтириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига тўловларни чет эл валютасида қабул қилиш, жумладан, алоқасиз электрон тўловларни жорий қилиш бўйича қўшимча қулайликлар яратиш белгилаб берилган эди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида айни вақтгача “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан Хива шаҳрида жойлашган “Ичан-қалъа” мажмуасида Валюта айирбошлаш шохобчаси ташкил қилинди. Шунингдек, банкнинг Бухоро, Қарши, Хива, Урганч, Нукус ва Навоий шаҳарларидаги филиалларининг мижози бўлган меҳмонхоналар ҳамда туризм операторлари халқаро тўлов карталарини қабул қиладиган терминаллар билан таъминланди.
Банк жамоаси юртимизда туризм­ни тараққий эттиришга муносиб улуш қўшиш мақсадида замонавий ва илғор инновацион хизматларни жорий этиш борасида изланишларни давом эттирмоқда.

 

Халқаро ўтказмалар: сўмда жўнатасиз, долларда қабул қилади
Банк мунтазам равишда замонавий хизматлар кўламини кенгайтиришга интилмоқда. Янги хизматларни жорий этиш орқали аҳолига ва мижозларга қўшимча қулайлик яратиш асосий мезон бўлмоқда.
Татбиқ этилган янгиликлардан бири – банк тизимида халқаро пул ўтказмалари учун маблағлар мижозлардан миллий валюта – сўмда қабул қилиниб, чет элга жўнатилиши йўлга қўйилди. Юборилган пул маблағларини хорижда қабул қилиб олувчи фуқаро ўша давлат пул бирлигида ёки АҚШ доллари, Еврода олиши мумкин. Бунда хорижий валюта фуқаронинг хоҳишига кўра танланади. Яъни “Қишлоқ қурилиш банк” филиаллари орқали мижозлар хорижда истиқомат қилаётган, вақтинчалик хизмат сафарида ёки сайёҳатда бўлган, ўқув юртларида таълим олаётган яқин қариндошлари, танишлари ва бошқа жисмоний шахслар номига миллий валютада пул маблағларини топширган ҳолда чет эл валютасини жўнатиши мумкин.
Бундан ташқари, “Қишлоқ қурилиш банк” мижозлари ўзларига тегишли пластик карточкаларидаги мавжуд миллий валюта – сўмдан ҳам хорижга пул жўнатмаларини амалга оширишлари мумкин. Бу амалиёт саноқли дақиқалар ичида, тезкор ва сифатли бажарилади.

Мобиль илова орқали янада осон
Банк мижозлари учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида “QQB-mobile” хизматини жорий этган. Android платформаси асосида ишлайдиган мобиль қурилмалар орқали амалга ошириладиган ушбу хизмат тобора оммалашиб бормоқда. Кўплаб мижозлар ушбу замонавий дастурдан фойдаланиб, уяли алоқа операторлари, шаҳар телефони, интернет провайдерлари, рақамли телевидение хизматлари, истеъмол ва ипотека кредитлари учун тўловларни ҳамда коммунал тўловларни амалга ошириб келмоқдалар.
Шунингдек, мобиль илова орқали ҳисоб рақамлар ҳолатини кўриш ва тўлдириш, Online Smart Vista пластик карта қолдиқлари ва унинг айланмалари бўйича маълумотларни олиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси жарима тўловларини амалга ошириш мумкин.
Шу кунларда мазкур дастур фойдаланувчилари яна бир имкониятга эга бўлишди. Эндиликда MUNIS тўлов тизими орқали “QQB-mobile” иловаси ёрдамида “Қишлоқ қурилиш банк” пластик картасидан маб­лағларни бошқа банк пластик картасига ўтказишлари мумкин бўлди.
Иловадан фойдаланиш эса бирмунча соддалаштирилди. Дастурдан фойдаланиш учун “PlayMarket” иловаларидан “QQB-mobile” иловаси юклаб олиш имконияти яратилди.
Яна бир янгилик. “Қишлоқ қурилиш банк” банкоматларида эндиликда бир вақтнинг ўзида ҳам нақд пул маблағларини ечиш, ҳам пластик карточкалар билан боғлиқ бўлган бошқа амалиётларни бажариш мумкин.

Омонатни масофадан бошқариш мумкин
“Қишлоқ қурилиш банк” томонидан аҳолининг банк филиалларидаги пул жамғармалари ҳаракати билан боғлиқ амалиётларни банкка бевосита мурожаат қилмаган ҳолда масофадан туриб бажаришни кўзда тутувчи амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Хусусан, жисмоний шахсларнинг омонатга қўйилган маблағларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, омонатчиларнинг ортиқча вақт сарфлаши (банк филиалига келиб-кетиш) ва самарасиз харажатларига барҳам бериш, маблағ эгаси томонидан омонат маблағларини онлайн тарзида кузатиб бориш ва назорат қилиш имкониятини яратиш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун банк тизимида фойдаланиб келинаётган “QQB-mobile” мобиль дастури янада такомиллаштирилмоқда, омонатлар билан боғлиқ амалиётларини ушбу дастур орқали бажарилиши лойиҳалаштирилмоқда. Келгусида ушбу дастур орқали жисмоний шахслар (омонатчилар) банк филиалига бевосита мурожаат қилмаган ҳолда мавжуд омонат билан боғлиқ амалиётларни масофадан бажариши ва омонатлар ҳаракатини тўғридан-тўғри бошқариши мумкин бўлади.
Шунингдек, омонатчилар ўз жамғармаларидан 547 хилдан ортиқ тўловлар (коммунал тўловлар, кредитлар, фоиз тўловлари ва бош­қалар) бўйича масофадан амалиётлар бажариши бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда ва бу хизмат 2018 йил давомида жорий қилиниши белгиланган.
Истиқболда  “QQB-mobile” мобиль дастуридан фойдаланиш имконияти бўлмаган (Android платформали телефон мосламаси мавжуд бўлмаган) жисмоний шахслар ҳам банк филиалларининг инфокиосклари ёки банкоматлари орқали банкдаги пул жамғармалари бўйича мавжуд амалиётларни бажариши мумкин бўлади. Мазкур лойиҳа дои­расида банк филиалларида мавжуд банкоматлар орқали омонатчиларга омонатдаги маблағларини нақд пулда бериш имкониятларини яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан Ягона умумреспублика процессинг маркази ва “Fido-Biznes” корхонаси билан ҳамкорликда амалиётга жорий этилиши режалаштирилаётган бу каби замонавий хизматлар пировардида аҳолининг тижорат банкларига бўлган ишончини янада ошириш, тижорат банклари омонатларига бўш пул маблағларини жойлаштиришни рағбатлантириш ҳамда банкларда барқарор депозит базаси шаклланишига хизмат қилади.
Банк томонидан жорий этилаётган бу каби янгиликларнинг барчаси инновацион тараққиёт орқали аҳолига ва мижозларга янада қулайлик яратишни, замонавий банк хизматлари кўламини кенгайтиришни кўзлагани билан аҳамиятлидир.

Дониёр ВАЛИЕВ,
“Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банкининг Тошкент вилояти минтақавий филиали бошқарувчиси в.в.б.

Реклама ҳуқуқида