Замонавий логистика маркази хизматга шай

3_03

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Highway Logistics” замонавий логистика марказида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан семинар-тренинг ўтказилди.

Унда сертификатлаштириш органлари ходимлари, тижорат банклари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Божхона брокерлари ассоциацияси масъул вакиллари, халқаро ташувларни амалга оширувчи маҳаллий ҳамда хорижий автоташувчилар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига мазкур комплекс фаолиятида тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш бўйича амалга оширилган ишлар, ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда сансоларликка барҳам бериш мақсадида жаҳон андозаларига мос, замонавий инновацион технологиялар асосида соддалаштирилган, кам вақт ва маблағ сарфланадиган божхона расмийлаштируви жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Айниқса, божхона терминалида божхона расмийлаштируви ва рухсатнома ҳужжатларини олиш билан боғлиқ тартиблар “ягона дарча” тамойили асосида яратилганига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда сўзга чиққанлар товарларни соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш механизмини амалиётга жорий қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлиги хусусида сўз юритди. Жорий йил 5 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев замонавий логистика маркази фаолияти билан танишиб, бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, ушбу тажрибани мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш ва намуна сифатида кўрсатиш лозимлигини қайд этган эди.
Шунингдек, семинарда мутахассислар томонидан катта ҳажм­даги юк ташувчи маҳаллий ва хорижий автотранспорт воситаларида мамлакатимиз ҳудудида ташувчиларга рухсатнома ҳужжатлари беришга доир жараёнларнинг соддалашган тартибда амалга оширилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. Иштирокчилар божхона терминалида экспорт-импорт қилинаётган товарларни фақат дастлабки божхона режимида расмийлаштириш вақтида “хавфни бошқариш” тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўриги ўтказиш лойиҳалари билан таништирилди. Ушбу янги тизим ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирган тартибда тезкорлик билан ўтказиш, аксинча, белгиланган божхона қоидаларини бузганларни тўғри йўлга бошлаш мақсадида яратилган.
Семинарда тадбиркорларга янада қулайлик яратиш ва ортиқча расмиятчиликларни қисқартириш мақсадида мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш, хусусан, божхона органлари фао­лиятига доир жорий қилинган 20 дан ортиқ интерактив давлат хизматларини янада фаоллаштириш, янги электрон хизматларни жорий этиш бўйича фикр алмашилди.

Латофат БЎРИЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.