«КЎЗ ЁШИ» УСУЛИДА СУҒОРИЛГАН АДИРЛАР

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Андижон вилояти

кўзни қувнатадиган боғ-роғларга айланмоқда

Ўтган йили Марҳамат туманида ғалла ва пахта тайёрлашда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Бу меҳнат ғалабаларида сув хўжалиги ходимларининг хизмати алоҳида эканлигини фермерлар бот-бот эътироф этишмоқда. Зеро, туман экинзорларининг 43 фоизини оқар сув бормайдиган тоғ ёнбағирлари, қир-адирлар ташкил этишини ҳисобга олсак, бу эътирофнинг нақадар ҳақиқат эканлиги маълум бўлади.

“Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаси бош­лиғининг ўринбосари Муқимжон Тошболтаев билан ушбу туманда бўлдик.
Уч босқичли “Орзу” насослар тизими Улуғтоғ этакларига туташиб кетган Охунбобоев номли массив далаларига сув чиқариб беради. Мазкур массивдаги минг гектардан зиёд майдонга сув чиқариш масъулияти соҳа ходимларидан ҳамиша зийраклик билан иш юритишни тақозо этади.
Биринчи босқичдаги “Орзу-1” насос станцияси Жанубий Фарғона каналидан сониясига 1,6 кубометр сувни  2- ва 3-босқичларга чиқариб беради. Ушбу массивда фермерлик қилаётган Зокиржон Режабалиев ҳар йили ғалладан ҳам, пахтадан ҳам юқори ҳосил олади. Фермер билан бирга ишлаётган сувчилар адир шароитида суғоришни “кўз ёши” усулида олиб боришади. Эгатларда бундан мўлроқ сув оққан тақдирда эса тупроқни ювиб кетади ёки экинларнинг томири очилиб қолади. Бир ҳовуч сувнинг қадрини билган сувчи оромдан воз кечиб, кўзини эгатдан олмайди.
Туманда 26 та насос станцияси мавжуд. Бу иншоотларга масъул бўлган  Баҳромжон Усмонов агрегатларнинг бир маромда ишлашига талабчанлик билан ёндашгани ҳолда, фермерлардан сувдан оқилона фойдаланишни талаб қилишдан чарчамайди.  Аввалги йили хорижий технология асосида модернизация қилинган “Асака адир” насос станцияси шарофати билан “Истиқлол”, Асака туманидаги Навоий номли, “Шарқ ҳақиқати”  массивларидаги адирларга қайтадан жон ато этилди. Давлат буюртмасидаги ҳар икки экин ҳосилдорлиги 8-10 центнергача кўтарилди боғдорчилик ва узумчилик ривожида барака намоён бўла бошлади.
Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғи этагида харсангтошлардан иборат тоғ бор. Бир вақтлар тажрибали раҳбар Назиржон Сулаймонов ташаббуси билан харсангтошлар орасига халталаб тупроқ ташилиб, кўзни қувнатадиган боғ яратилган. Ана шу боғ ташкил этилиши баробарида “Ширмонбулоқ” насос станцияси ҳам қурилган эди.  Қирқ йилдан зиёд хизмат қилган  насос станцияси тўла янгилангач, тоғ манзараси янада яшилликка буркана бошлади. Ҳосилдорликнинг фермерлар кутаётган даражада ортиши кўзга ташланди.
– Сув таъминотидаги беқарорлик меҳнатимиз муносиб мева беришига замин яратмоқда, – дейди ширмонбулоқлик фермер Мирзасойиб Мирзасолиев. – Хоҳ катта, хоҳ кичик йиғинларда насос станцияси ҳақида гапиришдан чарчамадик. Давлат дастури асосида бизга хизмат қиладиган насос станцияси агрегатлари, қувурлари янгиланди. Уч йилдирки, меҳнатимиз рўёбга чиқяпти. Насос сувига боғланиб қолган барча фермерлар бугун даромадда, фойдада.
Дарҳақиқат, “Мирзасойиб Мирзасоли” фермер хўжалиги далаларининг етмиш фоизи тошлоқ ерлардан иборат. 97 гектар экин майдони бўлган фермер ҳар гектар ердан 59 центнердан дон янчиб олди. Тайёрлов корхонасига топширилган 160 тонна пахтанинг барчаси биринчи навга қабул қилинди.
Насослар кўмагида сув етказиб бериладиган ҳудудларда  гектар ҳисобига 40 центнердан ошириб пахта етиштираётган фермерлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётганлиги қувончли ҳолат. Пахтаобод туманидаги “Исомиддин” фермер хўжалигида юқори ҳосилдорлик ҳамиша барқарор. Хўжалик раҳбари Авазбек Исомиддиновдан ўрнак олаётган бошқа фермерлар ҳам пахта-ғалла етиштиришда яхши натижаларга эришмоқда.
Асака, Марҳамат, Булоқбоши, Хўжаобод, Андижон, Жалақудуқ, Қўрғонтепа туманларидаги адирларда деҳқончилик, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик барқарор ривожланиш йўлига кирган. Ҳозирда вилоят бўйича 146 та катта-кичик насос станция­си бўлиб, салкам 77 минг гектар ерга сув чиқариб берилмоқда.
Эскирган насос станциялари давлат дастури асосида тубдан янгиланмоқда. Чунончи, хорижий сармоялар ҳисобига “Улуғнор”, “Гулбаҳор”, “Райиш-Ҳакан-1”, “Райиш-Ҳакан-2”, “Асака адир” насос станциялари энг тежамкор технологияга асосланган ва компьютер кўмагида бошқариладиган двигателлар билан жиҳозланди. “Ширмонбулоқ”, “Кўк гумбаз” насос станциялари эса Россияда ишлаб чиқарилган технологиялар асосида таъмирланди.
Бунинг натижасида 2017 йилда режага нисбатан насос станциялари орқали далаларга сув етказиб бериш 53 миллион 828 минг кубометрга кўпайди. Электр энергияси сарфи эса 31 миллион 77 минг киловатт соатга қисқарди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган таркибий ўзгаришлар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Хўжаобод туманида айнан шу мақсадга хизмат қиладиган насос станцияси қурилиши давом этмоқда. Мадиёров номли машҳур боғдорчилик ва узумчилик массивида сув таъминотини яхшилашга хизмат қиладиган ушбу насос станцияси фойдаланишга топширилгач, боғ-роғлар майдони кенгаяди. Айни шу массивда хорижий сармояга асосланган “Навигул” қўшма корхонаси фаолияти кенг қулоч ёйиши кутилмоқда.
Президентимиз 2017 йил 1-2 июнь кунлари Андижонга ташрифи давомида ўрмон хўжалиги фао­лиятини янада кенгайтиришга қаратилган тавсиялар берган эди. Ана шу тавсиялар асосида айни адирларда ва унга туташ массивларда янги ўрмонзорлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Хонобод шаҳри атрофидаги Тошоҳур массивида 2 минг гектардан зиёд майдонда ўрмон хўжалиги барпо этилмоқда. Ушбу хўжаликда интенсив ёнғоқзорлар қаторида фармацевтика саноати учун хомашё етиштирувчи плантациялар ташкил этиш бошлаб юборилди.
Бир вақтлар фойдаланилган ва кейинчалик тўхтатилган “Тошохур-1”, “Тошохур-2” насос станция­ларини қайтадан ишга тушириш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Бу билан янги ўрмонлар ва доривор экинлар парвариши учун барқарор сув таъминоти таъминланади. Худди шундай ўрмонзорлар Марҳамат, Асака адирларида ҳам яратиляпти. “Андижон биокимё заводи” корхонаси томонидан дастлабки ёнғоқзор Хўжаобод туманидаги Завроқ адирида ташкил этилди.
Ҳадемай, насосга боғланган 16 минг гектардан зиёд ғалла майдонларида баҳорги агротехник тадбирлар бошланади. Бош­қарма тизимидаги барча насос станциялари жорий йил деҳқончилиги учун таъмирдан чиқарилиб, синовдан ўтказилди.
Махсус ишчи гуруҳи насос станцияларининг мавсумга ҳозирлигини синчковлик билан кўриб чиқмоқда. Кўплаб фермер хўжаликларида ҳам ички насослар мавжуд. Бошқарма бошлиғи Содиқжон Мўйдиновнинг айтишига қараганда, мутахассисларнинг амалий кўмагида ички насослар агрегатларидан 83 таси таъмирлаб берилган.
Кичик ҳажмдаги насос станцияларида муқобил энергиядан фойдаланиш бўйича дастлабки ишлар бошлаб юборилди. Ўтган йили йигирма бир дона қуёш батареялари ўрнатилди.
Йирик деҳқончилик ва боғдорчилик ҳудудига хизмат қиладиган “Савай” насос станцияси модернизацияси билан боғлиқ ташкилий ишларга тайёргарлик кўрилмоқда. Жаҳон банки кўмагида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа рўёбга чиққач, Жалақудуқ туманидаги бир қатор массивларда деҳқончилик маданияти янада ривож топади.
Барча насос станцияларида деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ва сабзавотчиликни тизимли ташкил этиш имкониятлари бор. Кўп сонли бошқарма жамоаси ана шу имкониятлардан фойдаланиш ҳаракатида. Бугунги кунда қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик тармоқларида ўсиш кузатилмоқда. Иссиқхоналар, айниқса, лимонарийлар барпо этиш бўйича режа асосида иш олиб бориляпти. Олди ёрдамчи хўжаликларда ҳосил етиштириш ва ишчи-хизматчилар эҳтиёжи учун ишлатиш бошланди. Янгиларини қуриш ва серҳосил лимон кўчатларини экишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.