САЙЛОВ ТИЗИМИ МУСТАҲКАМ ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ АСОСГА ЭГА

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялари ҳамкорлигида “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда сенаторлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳлари ҳамда жойлардаги кўмаклашувчи комиссиялар раҳбарлари ва аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман ва шаҳар бўлинмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Семинарда таъкидланганидек, Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, маҳалла институтининг ролини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Маълумки, шу йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинларининг амалдаги раислари ва маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугайди. Шу муносабат билан жорий йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва уни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир чора-тадбирлар Низоми тасдиқланди.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Сенат Кенгашининг юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жойларда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилди ҳамда таркиби тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан 25 март куни видео-мулоқот шаклида семинар ўтказилиб, сайловга тайёргарлик кўришнинг барча босқичлари тўғрисида тўлиқ тушунчалар берилди.

Галдаги вазифа эса бўлажак сайловни очиқ-ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи тамойиллари асосида ўтказиш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчиларини халқнинг ишончини қозонган, ишчан ва юксак инсоний фазилатга, обрў ҳамда ҳурматга эга бўлган шахслар орасидан сайланишини таъминлашдан иборат. Бунда ишчи гуруҳлари аъзоларига ҳам  катта масъулият юкланади.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.