Мозий мўъжизалари сайёҳларни ҳам мафтун этажак

4_01

Навоий вилояти

Нурота туманидаги “Чашма” мажмуаси Нур чашмаси атрофида бунёд этилган тарихий ёдгорликлардан иборат. Бу ерда Нур қалъаси, шифобахш чашма, ширмоҳи балиқлари, катта гумбаз ва Чилустун жомеъ масжиди, улуғ авлиёларнинг даҳмалари ва зиёратгоҳлари бор. Қадимий тош ҳаммом эса узоқ тарихдан сўзлайди.

Афсонавий чашма ҳақида ўнлаб ривоятлар тўқилган. Шифобахш нур чашмасидаги ширмоҳи балиқлар аҳоли томонидан жуда қадрланади. Улар ушбу ширмоҳи балиқларнинг нур чашмаси кўзларини очиб, у ердан дардларга дармон бўладиган зилол сувлар қайнаб чиқиб туриши учун йўл очишига ишонадилар.
Тумандаги Ғазғон ва Деҳибаланд қўрғонлари Марказий Осиёдаги энг кўҳна иншоотлардан ҳисобланади. Тарихдан маълум бўлишича, уларнинг ёнида 3 минг йиллар муқаддам Пашшот ва Қўшшот қўрғонлари ҳам бўлган. Улар карвон йўли бўйи­даги йирик манзиллардан саналган. Аммо ўтмишдаги қирғинбарот босқинлар натижасида бундай обод қўрғонлар йўқ бўлиб кетган. Ҳозирда уларнинг фақатгина харобалари ва улар ҳақидаги ривоятлар сақланиб қолган. Ғазғон қўрғонида Ҳазрати Али ёки Шоҳимардон отанинг етти қабрларидан бири жойлашган. Шоҳимардон отанинг даҳмаси ёнида Бухоро амирлиги маликаси томонидан жуда ноёб лойиҳа асосида бунёд эттирилган тош устунли масжид бўлиб, жуда сирли, синоатли обидалардан бири ҳисобланади.
Нуротадаги яна бир тарихий маскан Деҳибаланд қўрғонидир. Унда пайғамбаримизнинг набиралари, Ҳазрати Алининг ўғиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусанларнинг қабрлари ҳамда уларнинг устозлари зиёратгоҳлари мавжуд.
Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” сайёҳларни ўзига жалб этаётган ноёб қадамжо ҳисобланади. Очиқ осмон остидаги музей 5 минг гектар майдонда 7 минг йиллик 10 мингдан ортиқ тарихий, маданий, археологик ва табиат бойликларини ўз бағрида сақлаб келмоқда. Мамлакатимиз сайёҳлик  соҳасининг нодир намунаси сифатида хизмат кўрсатаётган бу масканда шу қадар муҳим ёдгорликлар мавжудки, бу ҳақда кўплаб петрог­лиф (тошбитик)лар орқали маълумотга эга бўлиш имконияти мавжуд. Сирасини айтганда, музей-қўриқхона қоятошларга битилган тарих китобидир. Ҳали инсоният томонидан қоғоз ихтиро этилмаган даврда аждодларимиз қоятошларга турмуш тарзига оид воқеалардан ҳикоя қилувчи шакллар чизиб, ўзларидан ўчмас из қолдирган. Чўкичлардан фойдаланиб, тасвирлар яратганликлари аждодларимизнинг умуминсоний тараққиётга қўшган бебаҳо ҳиссалари сифатида бугун дунё қадимшуносларининг ҳайратини оширмоқда.
Ривоятларга кўра, улар томонидан қоятошларга чизилган ҳар бир сурат илоҳий ҳодиса ва мўъжиза сифатида асраб-авайланган, уларга сиғинилган ҳамда турли маросимлар ўтказиш объекти ҳисобланган.
Мустақиллик йилларида Сармишсойда 3 маротаба ЮНЕСКО ташкилоти иштирокида халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Унда 15 мамлакатдан 50 дан ортиқ қадимшунос олим иштирок этди. Олимларнинг илмий-тадқиқотлари натижасида Сармишсой тарихи ҳақида жуда кўплаб маълумотлар асослаб берилди.
Навбаҳор туманининг Учтут ҳудудида ҳам ўзига хос маданий мерос объектлари тарих билан бугунни боғлаб келмоқда. Мазкур ҳудуд Марказий Осиёдаги ягона чақмоқтош шахталари мас­канидир. Бу ерда олимлар томонидан 23 та чақмоқтош шахтаси аниқланган. Чақмоқтош шахталаридан 5-10 минг йил муқаддам аждодларимиз жуда ноёб руда қазиб олганлар. Ушбу тош ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, ундан жуда қаттиқ ва кескир қиррали қуроллар ясалган. Мана шундай илк меҳнат ва жанг қуролларини ясаш шахталари ва устахоналари Марказий Осиёда фақат Учтутда бўлган. Жойнинг Учтут деб номланишига сабаб у ерда 300 ёшдан ошган 3 та тарихий тут дарахти сақланиб, парваришлаб келинмоқда. Улар ҳақидаги кўплаб ривоят­лар халқ орасида сақланиб қолган.
Хатирчи туманидаги Сангижумон дараси мўъжизалари ҳам ҳар бир инсон ҳайратини оширмасдан қолмайди. Дарада ноёб табиий ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Сангижумон дараси турли хил тоғ жинсларининг шамол, ёмғир, қор, жазирама иссиқ ҳодисалари таъсирида пайдо бўлган мавжудотлар образини эслатувчи тарихий тош ҳайкаллар масканидир. Ушбу дарага ташриф буюрган сайёҳ ҳақиқатан очиқ осмон остидаги ҳайкаллар музейига тушиб қолгандек бўлади. Жумладан, кабутар, аждаҳо ҳайкали, девлар ва важоҳатли афсонавий жонзотларни эслатадиган қиёфадаги тош ҳайкаллар кишига ўзгача кайфият бағишлаб, табиатнинг қудратига яна бир бор гувоҳ бўлишга ундайди. Уларнинг орасида энг ёдда қоладигани тахминан 4 минг тонна оғирликдаги инсон бош чаноғини эслатадиган тошдир. У дарадаги тош супа устига табиат томонидан шундай қулай ўрнатилганки, омонат тургандек кўринса-да, думалаб кетмайди, иккинчидан, инсон қўлларини текизса, бир маромда чайқалади.  Тошга ҳар қандай катта куч билан тасир ўтказилса ҳам у бир маромда қимирлайди.  Дарада бу каби ҳайкалтошлар жуда кўп. Шулардан яна бири – тешик тошнинг довруғи бутун дунёга машҳур. Ушбу тош тешигидан жуссаси ҳар хил катталикдаги киши ҳам ўта олади. Аммо халқ орасида шундай ривоят юрадики, кимнинг гуноҳи кўп бўлса, мазкур тешиктошдан ўтиш пайтида қисилиб қолар экан.
Учқудуқ тумани Мингбулоқ овули ҳудудидаги Жарақудуқ тош ўрмони ҳам табиатнинг ўзига хос ноёб ҳосиласидир.  Мамлакатимиз олимлари томонидан тош ўрмон объекти мукаммал ўрганилиб, бу борада турли маълумотлар тўпланган. Тарихдан маълумки, эрамиздан 100-95 миллион йил муқаддам ҳозирги Қизилқум саҳроси ўрнида Тетиз денгизининг кўм-кўк сувлари мавжланиб, унинг соҳилларида мўътадил иқлим, яшаш учун мўл озуқа ва қулай шарт-шароит мавжуд бўлган. Шу муносабат билан 35-40 минг йил муқаддам денгиз соҳили бўйида аждодларимиз умргузаронлик қилганлар. Уларни гоҳида ибтидоий одамлар ҳам дейишади. Бу фан тилида Калтаминор маданияти ўчоқларидан бири, деб таърифланади.  У ерда яқин йилларгача баландлиги 4-5 метр тош қотган дарахт таналари, денгиз жониворлари, динозаврларнинг тош қотган суяклари, йиртқич балиқларнинг умуртқа ва тиш суяклари топилган ва музейларда энг қадимий экспонатлар сифатида сақланмоқда.
Кармана туманидаги Сангбур тегирмон тош шахталари ва устахоналари ҳам ноёб ёдгорликлардан саналади. Ушбу манзилга инсоният тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган манзиллардан бири – тегирмон тошлари ясалган манзил сифатида қаралади. Сангбурсой қир-­адирларидан аждодларимиз тегирмон тошлари ясаш учун мос ва қулай бўлган тош­лар борлигини аниқлаганлар ҳамда 40 дан ортиқ устахоналарда сангтарош усталар томонидан кўплаб тегирмон тошлари ясалган. Сангбурликлар Самарқанду Бухоро ун тегирмонларини ҳам тегирмон тошлари билан таъминлаб турганлар. Ҳатто Сангбур тегирмон тошлари Россиянинг айрим жойларига юборилганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар бор.
Сентобсой Нурота тоғ тизмаларидан сизиб тушадиган Катта эж, Кичик эж, Собсой каби даралардан келадиган ирмоқлардан ҳосил бўладиган улкан сой ҳисобланади.  Бу ҳудуднинг ўзига хослиги бутун дунёга маълум. Тоғ тепасидаги вулқон отилишидан ҳосил бўлган кратор ўрнидаги ҳозирги Фозилмон кўли, беш бармоқ табиат ёдгорлиги, улкан тоғларда яшайдиган архар, бўри, тўнғиз, бургут ва шу каби ноёб ҳайвонот ҳамда ўсимлик олами намуналарига бой маскан сифатида  сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.
Бу тарихий ва қадимий масканлар мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юксаклигидан далолат беради. Энг муҳими, ўзига хос табиат гўзалликлари, кўҳна тарих, ноёб экспонатларни мужассам этган она замин бағридаги бу қадамжолар ҳақиқий мўъжиза демакдир.

Рамазон ЭГАМОВ,
Навоий вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи.