Мактабгача таълим соҳасида

4_02

топшириқлар нотўғри талқин қилинмоқда

Тизимдаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида Мактабгача таълим вазирлиги маълумот берди.

2017 йилнинг 30 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳуқуқий асосга кўра, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактаб­гача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш белгиланган. Шунингдек, 2017 йил 19 декабрда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган мажлисда ҳам Президентимиз томонидан бу борада мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилганди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида нодавлат мактабгача таълим муассасалари очиш ниятида бўлган кўплаб тадбиркорлар бугунги кунда ҳудудий ҳокимликларга мурожаат этишмоқда. Ушбу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, вилоят ҳокимликлари томонидан туман ва шаҳарларда бўшаб қолган жойлар ва биноларни рўйхатдан ўтказиш ишлари ҳам қизғин паллага кирган.
Янги нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ишлари юзасидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда жойларда кўзбўямачилик, топшириқларни нотўғри талқин қилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Хусусан, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактаб­гача таълим муассасаларини ташкил қилиш мақсадида тўлақонли фаолият кўрсатаётган давлат мактабгача таълим муассасаларини хусусийлаштириш, тадбиркорларга бериб юбориш ҳолатлари кузатилган.
Фаолияти тўхтатилмаган, зарур шарт-шароитларга эга, тарбияланувчилари сони белгиланган, талабга жавоб берадиган боғчаларни хусусий сектор вакилларига ноль қийматда бериб юбориш оқибатида муассасада болаларнинг таълим олишида узилишлар, тарбияланувчиларни қамраб олиш ва молиявий муаммолар келиб чиқмоқда.
Хабарда келтирилишича, моддий-техник базаси талаб­га жавоб бермайдиган, фаолият кўрсатмаётган мактаб­гача таълим муассасалари Мактаб­гача таълим вазирлиги билан расмий келишилгандан сўнг хусусийлаштирилиши ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга берилиши мумкин.
Мазкур йўналишдаги ишлар Мактабгача таълим вазирлиги назорати остига олинган. Фуқаролар ва уларнинг фарзандлари манфаатлари бузилмаслиги учун барча кучлар сафарбар этилган.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ