Сайробнинг азим чинорлари

1726965

Сурхондарё вилояти

Ҳар гал Бойсунга борганимда ёхуд Термиз – Тошкент катта ўзбек трактидан ўтганимда, албатта, Сайроб қишлоғига тўхтаб ўтаман. Негаки, бу гўша гўзал табиати, хушманзара боғлари, пурвиқор тоғларию серсув булоқлари ва унда сузиб юрган балиқлари билан одамни ўзига ром этади. Айниқса, йўл ёқасидаги азим чинорларни томоша қилмасдан, кун иссиғида соясида дам олиб, зилол булоқ сувидан симирмасдан кетолмайман.

– Бу кўҳна чинорлар минг йил бўляптики, ҳамон яшнаб турибди, – дея ҳикоя қилади 106 ёшни қаршилаган бўлса-да, ҳали анча бақувват сайроблик Муродқул бобо. – Ушбу дарахтлар табиатнинг мўъжизаси, болам. Мен бу чинорлар билан қарийб юз йилдан буён сирлашаман, уни тирик одамдай, садоқатли дўстдай ҳис қиламан. Яна кўп ўйлайман: ўн асрга гувоҳ чинорлар қанча-қанча воқеаларга, тарих тилсимларига гувоҳ бўлмаган, не буюк зотларни кўрмаган? Унинг соясидан қанча-қанча шоҳу гадо баҳраманд бўлмаган, дейсиз, болам?!
Чинорлар орасида биттаси ўз салобати ва ҳайбати билан яққол ажралиб туради. Бу ноёб дарахт табиат ёдгорлиги сифатида давлат қарамоғига олинган бўлиб, унинг ёши тахминан 950-1000 ёшда. Баландлиги қарийб 30, шох-шаббаларининг диа­метри 21 метрли чинорнинг мўъжизали томони танасида улкан коваги бўлганидадир. Ер сатҳидан ўлчами 3,5, баландлиги эса 7 метрдан иборат бўлган ковакнинг оғзи (эшиги) тўғри учбурчак шаклидадир. Унинг ичига 10-15 нафар одам бемалол сиғади.
Октябрь инқилобигача бу чинор мактаб, 1920 йилдан қиш­лоқ кенгаши идораси, 1932-1934 йилларда отлиқ қизил аскарлар полкининг лагерь кутубхонаси ва  1936 йилда эса савдо дўкони сифатида фао­лият юритган. Ҳозирда икки азим чинорнинг ичи чиройли ўтовдай безатилиб, бирига “Алпомиш”, иккинчисига “Барчиной” деб ном берилган. Уни кўрган ҳар қандай сайёҳ мафтун бўлиб қолиши тайин.
– Сайроб булоқларининг шифобахшлиги илмий томондан исботланган, – дейди “Сайроб” қишлоқ оилавий поликлиникаси мудираси, олий тоифали врач Барно Воҳидова. – Бизнинг ҳудуддаги аҳоли орасида қандли диабет касаллиги умуман учрамайди. Бунинг боиси қишлоқ одамлари шифобахш булоқ сувларини ичганидадир. Ҳар тонгда ойнадек тоза булоқ сувидан ичган киши ҳеч қачон бу дардга чалинмайди.
Қишлоқ кўрки бўлиб турган азим чинорлар ўз салобати ва ҳайбати билан ташриф буюрувчиларни ҳайратга солиб турибди. Халқ оғзаки ижодининг гавҳари бўлган “Алпомиш” дос­тони қаҳрамонлари номи билан аталган дарахт коваклари эса сайёҳларга халқимизнинг азалий урф-­одатларидан ҳикоя қилади.

Чори ЖУМАҚУЛОВ,
журналист.