Ҳам фермер, ҳам тадбиркор

3_sirdaryo

Сирдарё вилояти

Шукуржон Раҳмонбердиев дастлаб Боёвут туманидаги “Деҳқонобод” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида “Ҳақберди файзи” фермер хўжалигини ташкил қилди. Кейинчалик вилоятда биринчилардан бўлиб “Такси плюс” МЧЖ автокорхонасига асос солди ва Гулистон шаҳри ҳамда Боёвут тумани аҳолисига транспорт хизмати кўрсата бошлади.

Фермерлик жамоаси аъзолари 100 гектардан ошиқ майдонда парваришланадиган қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ҳосил етиштириб келишмоқда. Пахта ва ғаллачиликдан қилинган даромаднинг асосий қисми янги техникалар харид қилишга йўналтирилмоқда. Айни чоғда фермер ихтиёрида 1 та “Класс” ҳайдов, 4 та “ МТЗ- 80” чопиқ ва транспорт тракторлари, 3 та тиркама, 1 та сомон ва бедани тойлаш агрегати, хусусий автобус бор. Барча агротехник тадбирлар замонавий техника воситалари ёрдамида ўз вақтида бажарилаётганлиги, вегетация даврида техника ёрдамида маҳаллий ўғит ва чиқиндилардан самарали фойдаланилаётганлиги шўрхок ер шароитида ҳам мўл ҳосил етиштириш имкониятини туғдирмоқда.
Президентимизнинг қиш­лоқ мулкдорларига кўрсатаётган эътибори эса жамоа аъзоларини  узоқни кўзлаб ишлашга руҳлантиряпти. Чунончи, Шукуржон Раҳмонбердиев ўз маблағи ҳисобига 110 бошга мўлжалланган молхона, ишчилар учун қишки ва ёзги дам олиш уйларини қурди. Кейинчалик, яъни 2013 йилда тадбиркор Украинадан 100 бош олти ойлик “қизил ола” зотли бузоқларни олиб келиб, хўжаликда чорвачиликни ривожлантиришга астойдил киришди. “Ипотека банк”нинг вилоят филиали тадбиркорга 250 миллион сўм кредит ажратди. Бош чорвашунос Фахриддин Ўролов, иш бошқарувчи Жумақул Раҳмонбердиев, молбоқар Шоназар Кўчмуродов, механизатор Равшан Отабоев, менежер Ғайрат Раҳмонбердиевлар бузоқларни қатъий рацион асосида парваришлашмоқда. Эътиборлиси, хўжаликда наслчилик ҳам йўлга қўйилган.
2016 йилда Шукуржон Раҳмонбердиев Украинадан яна 100 бош бузоқ олиб келиб, зотли моллар сонини 370 бошдан оширди. Тумандаги фермер хўжаликларига 80 бошдан зиёд зотли ғунажинлар етказиб берилди. Энг муҳими, чорвачилик фермасида 10 дан ошиқ янги иш ўрни яратилди.
– Ёш бузоқлар маҳаллий шароитимизга тез мослашди, – дейди Шукуржон Раҳмонбердиев. – Хориждан келтирилган ғунажинларни “қора ола” зот билан чатиштириш орқали моллар зотини янада яхшиладик. Чорванинг асосини озуқа белгилайди. Шу боис 15 гектар майдонда беда етиштириб, қишга мўл озуқа жамғардик ва қишловни беталафот ўтказяпмиз. Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида парваришланган маккажўхоридан мўл ҳосил етиштирилаётгани чорва молларини йил давомида тўйимли озуқа билан таъминлаш имконини бераётир. Истиқболдаги режада чорвачилик фермаси ёнида сутни қайта ишлаш цехини ишга туширишни мақсад қилганмиз. Бу эл дастурхони тўкинлигини таъминлаш билан бирга, чорвачиликдан келаётган фойданинг янада салмоқли бўлишига имкон яратади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.