Тани соғнинг кўнгли чоғ

Сурхондарё вилояти

Бугунги кунда вилоятда аҳолига 7 минг 560 ўринли 35 та шифохона, 196 та даволаш профилактика муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда вилоятдаги 245 та қишлоқ врачлик пунктидан 94 таси қишлоқ оилавий поликлиникаси, 34 таси ҚВП сифатида фаолият юритади. Шунингдек, 55 таси “103” хизматига айлантирилган бўлса, 46 таси шифокорлар учун уй-жой қилиб берилди, талабга жавоб бермайдиган 16 та ҚВП фаолияти тугатилди.

Уларнинг аксарияти “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2”, “Саломатлик-3” лойи­ҳалари доирасида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва бу ишлар яна давом эттирилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида вилоятдаги мавжуд клиникаларга 9 та компьютер тамографияси келтирилиб, улар ёрдамида касалликни эрта аниқлаш орқали аҳолига бир мунча қулайлик яратилди. Албатта,  замонавий, халқаро андозаларга мос тиббий хизмат тизимини ташкил этиш соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош вазифасидир.
– Ташкил этилган оилавий поликлиникаларнинг ёнида тез ёрдам шохобчалари ҳам барпо этилган, – дей­ди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботир Мамасоатов. – Биргина 2017 йилнинг ўзида 98 та махсус тез ёрдам машиналари жойларга етказиб берилди. Натижада аҳолининг тез ёрдамга қилаётган мурожаати аввалги йилга нисбатан 139 фоизга кўтарилди. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасида жойларда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятининг йўлга қўйилаётгани ҳам аҳолига қатор қулайликлар яратмоқда.
Вилоятдаги яна бир шифо маскани – Эндокринология диспансери 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, бино капитал таъмирланган. Диспансернинг замонавий ташхис ва лаборатория анжомлари билан таъминлангани муолажа ишлари сифатини оширмоқда.
– Диспансеримиз рўйхатида 38 мингга яқин бемор бўлиб, уларнинг 24 мингга яқини  қалқонсимон без касалликлари билан оғриган, – дейди вилоят Эндокринология диспансери бош шифокори Бобур Тешаев. – Саккиз мингга яқин бемор қандли диабет касаллиги билан назоратда туради. Илгарилари ҳудуд аҳолиси қалқонсимон без операция­си учун Тошкент шаҳрига борган бўлса, эндиликда бу муолажа шу ернинг ўзида амалга оширилмоқда. Чунки эндомек зона ҳисоб­ланган Сариосиё туманида 25 ўринли туманлараро эндокринология бўлими ишга туширилди.
Вилоятда кўз касаллиги билан оғриган беморлар учун ҳам қулайликлар яратилмоқда. Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг Термиз филиалида мукаммал реконструкция ишлари амалга оширил­япти.
2017-2018 йиллар инвес­тиция дастурига вилоят болалар кўп тармоқли  тиб­биёт маскани ҳам  киритилган. Шифохона 335 ўринли бўлиб, 11 та бўлим, 7 та ёрдамчи бўлимлардан иборат. Бу ерда юрак туғма касаллигидан ташқари барча жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Малакали мутахассисларнинг фаолият олиб бораётгани, моддий техника базасининг яхшилангани боис мурожаат қилувчилар сони ортган. Бу, ўз навбатида, даволаш муассасасини кенгайтиришни талаб қилади. Шу боис, 160 ўринли 5 қаватдан иборат янги шифохона биноси қуриляпти.
Қурилиши жадал давом эттирилаётган яна бир иншоот вилоят перинатал маркази бўлиб, унинг таркибида бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган туғуруқхона, репродуктив саломатлик ва ви­лоят скрининг маркази  фаолият кўрсатади.  Шунингдек, вилоятда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий урология, кардиология марказлари филиал­лари ҳам жорий йилда ўз фао­лиятини бошлаши кўзда тутилган.
Қизириқ туманида 160 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва тиббий маданиятини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда мукаммал таъмирдан чиқарилиб, ишга туширилган тиббиёт бирлашмаси, марказий поликлиникадаги қулайликлар фикримиз исботидир.
Қумқўрғон туманида эса замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган “Турон” диагностика ҳамда “Меҳригиё Махсар” хусусий даволаш масканлари иш бош­лади.  Шунингдек, ҳудудда янги стоматология маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Маълумки, давлатимиз томонидан тиббий муассасалар фаолиятини яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш мақсадида кадрлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимдаги ислоҳотларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар соғлиғини асраш муҳим йўналиш саналади. Сўнгги йилларда вилоятда хотин-қизлар ва болалар соғлиғини яхшилашда салмоқли натижаларга эришилди. Сўнгги 10 йил ичида олиб борилган амалий чора-тадбирлар самарасида туғма ногирон болалар сони 50 фоизга камайди. Айниқса, 6-15 ёшда бўлган болалар орасида учрайдиган ўткир юқумли касалликларга чалиниш 2-3 баробарга, нафас йўллари касаллиги  25-30 фоизга камайди.
Қисқача айтганда, халқимиз сиҳат-саломатлигини муҳофазалаш доимий долзарб вазифалардан ҳисоб­ланиб, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан соҳа мутахассислари билан бўлган қатор учрашувларда билдирилган фикр-­мулоҳазалар, таклифлар қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилаётир.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
 “Qishloq hayoti” мухбири.