“Хонқа тажрибаси” тобора оммалашмоқда

Хоразм вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида: “Қишлоқ хўжалиги ҳақида сўз борар экан, бугунги кундаги энг муҳим вазифамиз – одамларни кўпроқ даромад топишга ва шу асосда яхши яшашга ўргатиш, бунинг учун зарур шароитлар яратиб беришдан иборатдир. Бу борада, айниқса, “Томорқа – қўшимча даромад манбаи” деган шиорни барча ер эгаларининг онгига сингдиришимиз зарур.

Бу – халқимизни бой қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим омилидир.  Шу ўринда томорқадан унумли фойдаланиш, айниқса, кам таъминланган оилаларнинг даромадини кўпайтиришга кўмаклашиш бўйича биз Хонқа туманида бошлаган бир тажрибани мисол қилиб келтирмоқчиман. Бу тумандаги ўнлаб кам таъминланган оилаларга тадбиркорларни бириктириб қўйдик. Тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан кам таъминланган оилаларнинг томорқасига юқори даромад келтирадиган экинлар экишни ва етиштирилган ҳосил тадбиркорлар томонидан сотиб олинишини ташкил этдик. Бу ишлар чорва ва парранда етиштириш бўйича ҳам йўлга қўйилди. Айтиш керакки, бундай ишлардан тадбиркорлар ҳам, кам таъминланган оилалар ҳам рози бўлмоқда. Одамларнинг розилиги – бу энг катта натижа! “Хонқа тажрибаси” деб ном олган бу усулни биз барча ҳудудларимизда жорий этиш чораларини кўрмоқдамиз”, деган эдилар.
Ҳақиқатан ҳам хонқаликлар азалдан ишбилармонлиги ва тадбиркорлиги билан ном қозонган. Деҳқончилик илмининг ҳадисини олган. Айниқса, томорқадан фойдаланишда уларга тан бермай илож йўқ. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, томорқадан йилига уч марта ҳосил олишади. Ариқ ва зовур бўйларини ҳам бўш қолдиришмайди.
Бугунги кунда “Хонқа тажрибаси”ни вилоят бўйлаб ёйиш барча маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари олдида турган асосий вазифалардан биридир. Жорий йил бошида Хонқа тумани ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, тумандаги 46 мингдан зиёд хонадоннинг иқтисодий аҳволи ва бандлик масалаларини атрофлича ўрганиб чиқишди. Уларнинг 1003 таси кам таъминланган оила эканлиги аниқланиб, ушбу оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш чора-тадбирларини белгилаш жараёнида томорқа имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратилди. Дастлаб 58 нафар фуқарони томорқа имкониятларидан келиб чиқиб, иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Қирқёп қишлоғидаги “Сулаймон Абдулҳай” фермер хўжалигининг 30 бош наслли қорамоли 10 та кам таъминланган оилага тенг миқдорда бириктириб берилди. Улар эса ўзларига бириктирилган қорамолларни мунтазам парваришлаб, кунлик соғилган сут миқдорининг 50 фоизини иш ҳақи сифатида оладиган бўлишди. Бундан ташқари, рағбатлантириш сифатида сигирларнинг иккинчи бузоғи уларга ҳадя қилинади.
Яна бир лойиҳа боғдорчилик йўналишида амалга оширилди. Мадир қишлоғидаги “Хонқа дон агроэкспорт” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 11 гектар боғ кам таъминланган оилаларга парвариш­лаш учун бириктирилди. Уруғлик, минерал ўғит, зарур препаратлар етказиб бериш, агротехник тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар агрофирма томонидан қопланади.
Шунингдек, 17 та кам таъминланган оилага томорқасидан унумли фойдаланишлари учун уруғлик, минерал ўғит етказиб бериш, техника хизмати кўрсатиш агрофирма томонидан амалга оширилади. Натижада экспортбоп маҳсулотлар етиштирилиб, даромаднинг 50 фоизи меҳнат қилганларга берилади.
Кам таъминланган оилалар даромадини оширишга қаратилган навбатдаги лойиҳа паррандачилик йўналишида амалга оширилди. “Қўшкўпир парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан уч минг бош бройлер жўжа озуқа маҳсулотлари билан бирга тақсимланди. Жўжалар 35 кун парваришланганидан кейин корхонанинг ўзи уларни сотиб оладиган бўлди. Бу ҳам оилаларга иқтисодий манфаат келтиради.
Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари давомида кам таъминланган оилаларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида имтиёзли кредитлар ҳам таклиф этилди. Бунинг натижасида туман бўйича 122 та кам таъминланган оилага 391 миллион сўмлик микрокредитлар ажратилди.
Эҳтиёжманд оилалар даромадини ошириш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган мазкур чора-тадбирлар натижасида кам таъминланган 437 та оиладан 1047 нафар киши ишли бўлди ва ушбу оилаларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб, кам таъминланганлар сафидан чиқарилди.
– Ўтган йилнинг 9 ойи мобайнида ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссиясига 20 нафар фуқаро моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганди, – дей­ди “Дурвадик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Кўпалбой Нуруллаев. – Кам таъминланган оилаларда томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш борасида олиб борилган ишлар натижасида ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар камайди.
Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони экин майдонлари ва томорқа имкониятларидан самарали фойдаланишда янги истиқболларни очиб берди.
– Илгари деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг уруғлик, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари, техника таъминотида айрим муаммолар учраб турарди, – дейди Хонқа тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ҳамза Жуманиёзов. – Эндиликда кенгаш қошида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилиши билан ушбу муаммолар ўз ечимини топмоқда. Шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиниши ҳам ўзига хос таъсир чораси бўлиб, ернинг ҳақиқий эгасини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳоли ўртасида ўтказилган тушунтириш ишлари, мулоқотлар ўз самарасини бермоқда. Томорқадан унумли фойдаланиш баробарида чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликни йўлга қў­йиш, интенсив боғлар яратиш, енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этишга интилиш кучайди.
– Томорқамизда бодринг, помидор, саримсоқпиёз, булғор қалампири етиштирамиз, – дейди Томадурвадик қишлоғида яшовчи Самандар Рўзматов. – Бир йилда уч марта ҳосил оламиз. Банк кредити ҳисобига 2 сотих майдонда ихчам иссиқхона ташкил этиб, 20 туп лимон, 10 туп ёнғоқ, 20 туп унаби кўчатларини экдик. Даромадимиз чакки эмас. Қиш­лоғимизда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйлардан бирини 15 йил муддатга кредит ҳисобига сотиб олдик. Фарзандларимнинг ҳар бирига алоҳида уй-жой қилиб берганман. Миниб юрган замонавий автоуловларимиз томорқа даромади ҳисобидан.
Туманда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан агрофирмалар ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда ўтказилган халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тумандаги “Хонқа омад агрофирма”, “Хонқа дон агроэкспорт”, “Хонқа агро фрукте экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномаларни имзоладилар. Бу хонқаликлар томорқасида етиштирилган мева-саб­завот маҳсулотлари хориж бозорларидан ҳам муносиб жой эгаллаётганидан далолатдир.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.