Маданият юксаклиги тараққиёт тимсоли

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида вазирлик томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда жорий йилга мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилган ишлар йўналишлар бўйича таҳлил қилиниб, келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августдаги ижод аҳли вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви ижодкорлар учун муҳим воқейлик бўлди. Унда муаммолар очиқчасига муҳокама қилинди. Шу билан бирга, кечиктирмасдан бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури, шунингдек, Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамасининг  “2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилди. Мазкур қарор асосида театрлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш, театрларнинг нуфузи ва жамиятдаги ўрнини оширишга эришилди. Театр соҳасида кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, уларнинг фаолиятини баҳолаш ҳамда рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада изланишларни чуқурлаштириш ва таълим билан узвий интеграцияни таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилиши йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, вазирлик тизими кўплаб соҳаларни қамраб олган бўлиб, улар ичида мозий кўприги бўлган музейлар ҳам алоҳида ўринга эга. Бугунги кунда республикамизда 350 дан ортиқ музей ва музей фаолияти билан боғлиқ кўргазма муассасалари мавжуд бўлиб, уларнинг 90 таси давлат музейларидир. Шу жумладан, вазирлик тизимида 79 та музей  фаолият кўрсатмоқда. Улар фондида 2,4 миллиондан зиёд халқимиз тарихи билан боғлиқ нодир эскпонатлар сақланмоқда. 2017 йил давомида вазирлик тасарруфидаги музейларда ўтказилган экскурсиялар сони режадаги 100 минг ўрнига 152,5 мингтага етиб, ташриф буюрувчилар сони 4 миллион нафардан ортиб кетди.
Таҳлил натижалари ҳамда халқаро тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017 – 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.
Мамлакатимизда истеъдод ва иқтидор эгаларининг униб-ўсиши, камол топиши, ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Айни соҳада кашф этилаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида актёрлик санъати таълим йўналишида махсус сиртқи бўлим ташкил этилгани эътиборга молик бўлди. Айниқса, ижодий йўналишларда таълим берадиган олий ўқув юртларига талабаларнинг тест имтиҳонлари асосида эмас, аксинча, уларнинг ижодий имкониятлари баҳоланиб, қабул қилиниши чинакам истеъдодларни топишда муҳим ўрин тутади.
Концерт-томоша йўналишида ҳам кўплаб тадбирлар ўтказилди. “Ўзбекистон” анжуманлар саройида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” рес­публика дўстлик ва маданият фес­тиваллари совриндорлари ҳамда республикамиз санъат усталари иштирокида Республика Байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали байрам гала-концерти уюштирилди. Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан 10-23 март кунлари республикамиз бўйича жами 283 та асосий байрам сайиллари юқори савияда ўтказилди. “Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабий таваллудининг 120 йиллиги, Хива шаҳридаги “Кўҳна арк” мажмуасида Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллиги муносабати билан катта гала-концерт ташкил этилди.
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жами 26 та жойда “Фавворалар сайли” ўтказилиб, унда 109 мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Бойсун баҳори” фольклор фестивали  бўлиб ўтди. Юртимиз санъат саройларида жаҳоннинг машҳур хонандалари концерт дастурлари намойиш этилди. “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалининг очилиш ва ёпилиш маросимлари Ўзбекистон санъат усталари иштирокида юқори бадиий савияда ташкил қилинди. Хива шаҳрида ўтказилган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали доирасидаги маданий тадбирлар миллий рақс санъати ривожида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан миллий мақом санъатини ривожлантириш мақсадида “Ўзбек миллий мақом санъати маркази” ташкил этилди. “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивали якуний босқичи Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилди. Кўрик-фестивалда 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган 90 нафардан зиёд профессионал ёш опера ижрочилари ўзаро беллашдилар. Маданият ва санъат коллежлари ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ёш ижрочиларининг республика танлови ташкил этилди. Юртимизда Тожикистон, шунингдек, Россия, Қирғизистон, Туркманистон, Қувайт давлатларида Ўзбекистон маданият кунлари юксак савияда ўтказилди.
Айтиш лозимки, маданий соҳанинг тараққий этиши мамлакат тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ ҳодиса. Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида соҳани ривож­лантиришга қаратилган юксак эътибор, эзгу интилишларнинг барча-барчаси, энг аввало, соҳанинг, шунинг баробарида Ватанимизнинг ёрқин келажагига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Инобат МАТЁҚУБОВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.