Сайёҳ келса, хайру барака ҳам келади

4_buxara_2

Бухоро вилояти

Шарқу Ғарбда Шариф шаҳар номи билан машҳур қадим ва ҳамиша навқирон Бухорои Шарифни бир кўриш истагида бўлган инсонлар дунёнинг исталган бурчагида топилади. Шу боис, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, такрорланмас тарихий-маданий мерос объектлари билан сайёҳларни таништириш учун қулай шароитларни яратиш, ҳудудда замонавий туризм инфратузилмасини барпо этиш, замонавий талабларга мувофиқ туризм, меҳмонхона, транспорт хизматлари сифатини яхшилаш  ва янги турдаги хизматларни жорий этиш муҳим масала саналади. Мухбиримиз вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров билан воҳада шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.

– Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ вилоятга ташриф буюраётган чет эллик меҳмонлар ва мамлакатимиз сайёҳларига қулай шарт-шароит яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Шу асосда биргина ўтган йилнинг ўзида Бухоро шаҳрида 22 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 7 та янги замонавий сайёҳлик автобуслари харид қилинди. Қисқа даврда авиақатновлар ва “Афросиёб” тезюрар поездининг ҳаракатланиш жадваллари оптималлаштирилди. Бухоро шаҳрида янги меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар масканлар ва 500 кишига мўлжалланган замонавий амфитеатр каби объектларни ўз ичига олувчи “Қадимий Бухоро” туристик ҳудудини барпо этиш учун 10 гектар ер майдони ажратилиб, хорижий ва маҳаллий меъморлар билан биргаликда лойиҳалаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Бухоро шаҳридаги собиқ “Шаҳристон” бозори ҳудудида ҳунармандлар марказини барпо этиш, муқаддас қадамжолар – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Чорбакр мажмуаларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида “Ипак ва зираворлар”, “Бухоро шаҳри куни”, “Қовун сайли” ва “Бухоро ҳунарманд­лари” фестиваллари, “Маҳоратли пазандалар” кўрик-танловлари ташкил этилди.
Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Хитойнинг Лоянь ва Россиянинг Владимир шаҳарлари билан Бухоро шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш меморандумлари имзоланди. Испания, Япония, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Афғонистон, Покистон, Россия, Латвия ва Туркия каби давлатлар билан шу йўналишда музокаралар олиб борилди.
2017 йилда хорижий туристларга хизматлар экспорти қиймати 104,2 миллион АҚШ долларига етказилиб, ўсиш суръати 110 фоиз­ни ташкил этди. Ички туризм бўйича индивидуал тартибдаги зиёратчиларни ҳисобга олганда маҳаллий саёҳатчилар сони қарийб 2,5 миллион нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 15 фоизга ортди.
Айни пайтда Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган  “Бухоро бўйлаб саёҳат қил” дастури асосида ҳар ҳафта вилоятнинг маълум бир туманидан маҳалла, ёшлар ва бошқа меҳнат жамоаларидан таркиб топган 1200 нафардан ортиқ аҳоли саёҳатга чиқмоқда. Уларга Бухоро давлат университетининг Туризм ва тарих факультети иқтидорли талабалари амалий машғулот тарзида ҳамроҳ-волонтёр сифатида хизмат кўрсатишмоқда. Мазкур саёҳатлар учун 8 та замонавий сайёҳлик автобуслари жалб қилинган.
2018 йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар Абу Али ибн Сино ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция, “Насриддин Афанди” ва “Шарқ таомлари” каби фестиваллар ҳамда Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллик юбилейларига уйғун тарзда амалга оширилади.
2017 йилнинг 7-10 декабрь кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилган халқаро сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимизнинг бу соҳадаги салоҳиятини намойиш этиш мақсадида “Ўзбекистон” миллий павильонида ташкил этилган барча тадбирларда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари вакиллари қаторида Бухоро вилояти делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Тўрт кунлик халқаро кўргазма жараёнида Бухоро вилояти туристик компаниялари томонидан воҳамизнинг туризм салоҳияти, бой тарихи, маданий мерос объект­лари, улуғ қадамжолари, табиати, халқнинг маданияти ва урф-одатлари ҳақида тайёрланган тақдимот, реклама ҳамда тарғибот материаллари кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларига манзур бўлди.
Шунингдек, “Travel Turkey Izmir 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Бухоро вилоятининг туризм имкониятлари ва салоҳиятини алоҳида йўналишлар бўйича намойиш этган “Bukhara Eco Tour” ва “East Line Tour” туристик компаниялари кўплаб хорижий ҳамкорлар билан келишув ва битимлар тузишга эришди. Жумладан, “Bukhara Eco Tour” туристик компанияси Туркиянинг “Ginger Travels”, “Kemer Travel”, “Sefir Tour”, “Golden Tours”, “Movvlana Istanbul”, “Betatur”, “OBT Travel”, “Sinaia Tours”, “Folo Travel” ва бошқа 100 дан ортиқ туристик компаниялари билан ҳамкорлик келишувларини тузди.
Музокаралар натижалари бўйи­ча “Bukhara Eco Tour” туристик компанияси 2018 йилда Туркиядан 3000 га яқин сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларни ташкиллаштириб бериши кутилмоқда. “East Line Tour” туристик компанияси эса 120 дан ортиқ хорижий турис­тик компаниялар билан ҳамкорлик келишувлари асосида келгуси йили Туркиядан 4000 га яқин сайёҳларни юртимизга келиши кўзда тутилган.
Шунингдек, мазкур кўргазмада иштирок этган бухоролик архитекторлар  Туркиянинг Измир ва Истанбул шаҳарларидаги диққатга сазовор жойлар, бино ва иншоотлар, истироҳат боғлари, тарихий-маданий ёдгорликлар ҳамда йўл бўйи инфратузилма объектлари қурилиши ва архитектураси билан танишдилар. Замонавий меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш ишлари билан шуғулланадиган “Браско” компания­си ҳамда истироҳат боғларини қуриш бўйича етакчи “Кемер” ва “Макера Атолйеси”, “Отем Декорасйон” компанияси вакиллари билан таж­риба алмашишди.
Вилоятимиз ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида 2018 йилда яна 50 дан ортиқ меҳмонхона, 60 га яқин ресторан ва 10 дан ортиқ истироҳат боғи қуриш мўлжалланмоқда.
“Қадимий Бухоро” туристик ҳудудида сайёҳларнинг кечки вақтда дам олишлари учун театрлаштирилган концертлар, миллий кинолар намойиши ва мусиқали шоулар ташкил этилади. Бундан ташқари, янги туристик йўналишлар ташкил этиш мақсадида Шофиркон туманидаги “Оғитма” кўли атрофида туризм инфратузилмаси ривож­лантирилади. “Жайрон” экологик марказининг “Ташриф маркази” капитал таъмирланиб, унинг атрофида зоология боғи барпо этилади. Пешку туманидаги “Қорақир” кўлида ов, пляж ва спорт туризми билан шуғулланиш учун шароитлар яратилади, Тиб илмининг султони ибн Сино таваллуд топган гўшадаги “Афшона” музейи атрофида ихтисослаштирилган уй-шифохоналар қурилади.
Мухтасар айтганда, дас­турда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали Бухорода туризм соҳасини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш тизимини янгилаш ҳамда халқаро тан олинган маданий мерос объектларини сақлаб қолишнинг асосий мезони – хорижий сармоялар, замонавий технология­лар ва инновацион лойи­ҳаларни жалб қилиш имкония­ти янада ортади.

“Qishloq hayoti” мухбири
Ҳамроз АЛИ ёзиб олди.