Самарқандга саноат салоҳияти ярашади

3_01

Самарқанд вилояти

Ўтган йили вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига асосан саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги йуналишида қиймати 2007,6 миллиард сўм бўлган 2298 та лойиҳа амалга оширилиши ва бунинг натижасида 22500 га яқин янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган эди. Қувонарлиси, ушбу режа ортиғи билан бажарилди.

Биргина саноат йўналишида 873,8 миллиард сўмлик 311 та лойиҳа амалга оширилиб, 6906 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, Булунғур туманидаги “Сам гарден пласт” МЧЖда йилига 10 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва шок усулида музлатиш лойи­ҳаси, “Тоҳир” МЧЖда 4 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қуритиш лойиҳаси амалга оширилди. Самарқанд шаҳридаги “Сифат Азизбек барака” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 200 тонна колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Каттақўрғон шаҳридаги “Каттақўрғонсут агрофирмаси” томонидан йилига 1000 тонна сутни қайта ишлаш, Оқдарё туманидаги “Муштарий Оқдарё” масъулияти чекланган жамияти томонидан эса йилига 5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ишлари бошлаб юборилди.
– Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили вилоят иқтисодиётида улкан ижобий ўзгаришлар йили бўлди, – дейди иқтисодиёт фанлари доктори  Мамаюнус Пардаев. – Янги ишлаб чиқариш ва қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва тури сезиларли ошди. Шубҳасиз, бу ўринда Президентимизнинг соҳа ривожини кўзлаб қабул қилган қатор фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Каттақўрғон шаҳридаги “Металл солуший техноложис” корхонасида турли ўлчамли шарикли вентиллар, латун фитинглар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада 250 та янги иш ўрни яратилди.
Иқтисодиёт ва унинг ривожи йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида  сўз борганда маҳаллийлаштириш дастурининг ижроси ва бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталмасдан  бўлмайди. Ушбу дастур доирасида вилоятдаги 22 та корхонада 43 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Ўтган давр мобайнида 3,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ иқтисод қилиниб, 62,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Жорий йилда ҳам бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, мева-­сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш учун Самарқанд шаҳридаги  “Орифен” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, “Грин агро экспорт” МЧЖда 7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қуритиш лойи­ҳалари ишга туширилади.
Сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Нарпай туманида “Чорбоғ олазод чорва” фермер хўжалиги томонидан йилига 2 минг тонна сутни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилиб, 12 та иш ўрни яратилади.
Тўқимачилик саноатида пахта толасини чуқур қайта ишлаш ҳисобига ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош тайёр тўқимачилик, тикув-трикотаж ва чарм-пойаб­зал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисос­лашган замонавий корхоналар ташкил этилади.
Ургут туманида “Камалак текстил” МЧЖда йилига 1,8 миллион квадрат метр тайёр гилам, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, 230 та иш ўрни яратилиши борасида амалий ишлар бошлаб юборилди. Пастдарғом туманидаги “Самарқанд камалак инвест текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 280 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Фармацевтика саноати бўйича Оқдарё туманида “Вакцина фарм медикал” масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 12 миллион  дона доривор ўсимликларни қайта ишлаб, дори-дармонлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу билан 50 та янги иш ўрни яратилишига эришилади.
Бу каби ҳаётбахш лойи­ҳаларнинг амалиётга татбиқ этилишидан кўзланган асосий мақсад эса халқимиз фаровонлигини янада оширишдир.

Нуриддин БОЛИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.