Совуқ ҳам етарли бўлиши керак

qish

Қиш – барча турдаги дарахтлар учун тиним даври. Хўш, бу даврда дарахтлар танасида қандай ўзгаришлар кечади, совуқнинг дарахтга таъсири қанақа, кеч куз ёки қишда қўйиладиган сувнинг дарахтларга фойдаси қандай? Қуйида ушбу саволларга жавоб сифатида андижонлик тажрибали боғбон Машъал ХУШВАҚТнинг мавзуга оид фикрлари билан танишамиз.

– Тиним даврида дарахт­лар ёз мавсумида тўплаган захирани оз миқдорда сарфлайди. Дарахт танасида захира бўлган шакар қиш мавсумида парчаланади ва дарахт танаси бўйлаб тарқалади. Бу суюқлик дарахтни “антифриз” сифатида қиш совуғида зарарланишдан сақлайди. Дарахт совуқдан зарарланмаслиги учун кузда берилган сув  ёки ёмғир суви жуда муҳимдир. Шунингдек, дарахтлар баҳорда ўсишга киришиб, фаол гуллаши учун тиним даврида маълум бир совуқлик йиғиндисини олиш­лари муҳим ҳисобланади.  Бу нарса ҳар бир мевали дарахт турига қараб ҳар хил бўлиши мумкин.
Субтропик мамлакатларда шафтоли дарахтини етиштиришдаги асосий муаммолардан бири шафтоли дарахтининг совуқ ҳароратга талаби юқорилигидир. Чунки бундай минтақаларда қишки ўртача ҳарорат минус бешни ташкил этиши мумкин. Бу даража эса шафтоли навлари  учун етарли ҳисобланмайди.
Аксарият мевали дарахт­лар учун етарли совуқ ҳарорат (–7) бўлиши мақсадга мувофиқдир. Агар қиш илиқ келиб, дарахтлар ўзига зарур бўлган совуқ ҳароратни ололмаса, кеч новда чиқариши мумкин. Шунда гуллаш муддати кечикади, натижада ҳосил камаяди. Гуллаш даврининг чўзилиши, об-ҳавонинг ноқулай келиши мева гуллари билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради.

Паҳлавон РАҲИМОВ
ёзиб олди.