Табиатни асрашга барчамиз масъулмиз

Фан-техниканинг жадал суръатларда ривожланиши, аҳоли сонининг кескин ошиши табиий захиралардан оқилона фойдаланган ҳолда озиқ-овқат, ёқилғи, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ ишлаб чиқаришни талаб этмоқда.  Маълумки, сўнгги 50 йил ичида ер юзи аҳолиси деярли уч маротаба ўсди. Транспорт воситалари сони, электр энергиядан, нефть ва газдан фойдаланиш, ёғоч истеъмоли, қоғозга бўлган талаб бир неча баробар ошди. Табиий захиралардан фойдаланишнинг кескин ортиши, инсониятнинг табиат қонуниятларига бўйсунмасдан унга таъсир кўрсатиши оқибатида экологик муаммоларнинг долзарблиги янада ортиб бормоқда.

Бугун тоза ичимлик суви муаммоси дунё аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Йилига ер юзидан 13 миллион гектар ўрмонзор йўқ қилинмоқда. 2050 йилга бориб ҳайвонот турлариниг 25 фоизи йўқолиб кетиши мумкин. Маиший ва бошқа турдаги чиқиндилар ҳажми ўсиб бормоқда…
Экологик муаммоларни комплекс ҳал этишда нафақат давлат органлари, балки жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтларининг сайъ-ҳаракатларини бирлаштириш талаб этилади. Шу боис юртимизда бу ишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш йўлида жиддий қадамлар ташланди. Бу борада Ўзбекис­тон экологик ҳаракати экологик таълим-тарбия масалаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Ёшларнинг экологик таълим-тарбия борасидаги ҳаракатларини бирлаштириш, аҳолининг соҳага оид билимларини ошириш нечоғлик долзарб эканлигини мисоллар орқали тушунтирмоқда.
Экоҳаракат ва “Экосан” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси буюртмаси асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Табиатни асрашга барчамиз масъулмиз” ижтимоий буюртмаси амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад табиий муҳитни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш борасида кўргазмали материаллардан фойдаланишни кенгайтириш, аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, атроф-муҳит муҳофазаси нафақат давлат, жамият, балки ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш, фуқароларда табиий ресурсларни асраб-авайлаш кўникмасини шакллантириш, табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилиш ва оммалаштиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида турли кўргазмали материаллардан фойдаланилди, жамоатчиликнинг эътиборини тортадиган, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асрашга чорловчи баннерлар тайёрланиб, таъсирчан тарғибот ишлари олиб борилди. Шунингдек, турли тадбирлар, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилди. Ёзги болалар дам олиш оромгоҳларида ёш авлодни она табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган ижодий   учрашувлар ташкил этилди.
Албатта, амалга оширилаётган  бундай эзгу ишлар замирида юртимиз табиатини ва табиий неъматларини асраб-­авайлаш, келгуси авлодлар учун мусаффо осмон, тиниқ сув, тоза ҳаво ва обод Ватан қолдириш ҳисси муажассамдир. Лойиҳа доирасида тайёрланган кўргазмали материаллар ва ўтказилган тадбирлар ҳам юртдошларимизни ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини сақлашга, биохилмахилликни асрашга ундайди. Энг муҳими, шу муқаддас замин фарзанди сифатида фахрланиш туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Эркин ОМОНОВ,
Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизмати раҳбари.