Зангори кошинлар синоати

4_kulol

Хоразм вилояти

Матчоновлар сулоласи кулолчилик ҳунарини санъат даражасига етказиб келмоқда.

Хоразмда кулолчилик ҳақида гап кетгудек бўлса, хонқалик Раимберди ота Матчонов номини алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олинади. Уста ҳунарманд Раимберди ота ҳаётлигида қадимий кошинкорлик санъатини қайта тиклаб, тарихий обидаларни таъмирлаш ишларида фаоллик кўрсатган. Унинг қўли билан яратилган кошинлар бугунги кунда барча вилоятлардаги тарихий обидаларга қайта ҳаёт бахш этиб турибди.

Устанинг ижодий ишлари нафақат республикамизда, балки Италия, Франция, АҚШ, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия давлатларида ҳам санъат мухлислари таҳсинига сазовор бўлган. Унинг қўлида жило топган маданий мерос намуналари Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари санъат музейларида авайлаб сақланмоқда.
Уста ота-боболаридан ўрганган қадимий сир тайёрлаш, нақш солиш технологиясини яхши ўзлаштирганлиги сабаб у яратган ишлар бошқа усталарникидан ажралиб туради.
Раимберди Матчонов Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини таъмирлаш, Урганч шаҳридаги ал-Беруний ва ал-Хоразмий ёдгорлик мажмуаларини зангори кошинкорлик асосида бе­заш ишларига раҳбарлик қилган. Бу билан ушбу услубнинг ҳозирги замон миллий меъморчилигида фойдаланиш учун мақбул жиҳатларини исботлаб берди ва Хоразм зангори кулолчилик мактабини қайта яратди. Қолаверса, Мадр зангори  кулолчилик мактабига асос солди.
Раимберди ота 1978 йилдан умрининг охиригача Республика халқ амалий санъати “Усто” бирлашмаси Хоразм бўлимида фаолият кўрсатди. Халқ амалий санъатини ривож­лантиришдаги муносиб хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлди. Халқаро миқёсда ўтказилган кўплаб танловларда қатнашиб, дипломлар ва сертификатлар билан тақдирланди. Қувонарлиси, устанинг ишини бугун унинг фарзандлари, неваралари давом эттиришмоқда. Одилбек Матчонов Мадр зангори кулолчилик мактабининг бешинчи авлодидир.
Одилбек отасидан ўрганган кулолчилик анъаналари асосида юқори натижаларга эришиб келаётир. У томонидан яратилган кулолчилик буюмлари дунёнинг турли минтақаларида, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия ҳамда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган халқаро кўргазмаларда намойиш этилди.
Тошкент шаҳридаги замонавий санъат маркази биносининг ташқи қисми, Бухоро вилоятидаги Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳининг айвон қисми деворлари Одилбек уста томонидан зангори кошинкорлик услубида безатилган.
Одилбекнинг ишлари респуб­ликамизнинг нуфузли кўрик-танловларида эътироф этилиб, юқори баҳоланган. “Ташаббус – 2007” ва “Эътироф – 2014” кўрик-танловларида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб топилган. У ҳозирги кунда ака-­укалари, фарзандлари ва шогирдлари билан Урганч шаҳридаги янги қурилаётган иморатларга зеб беришга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
– Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунарманд­ларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони биз – ҳунармандларни янада тўлқинлантириб юборди, – дейди уста кулол Одилбек Матчонов. – Фармонда белгиланган имтиёзлар бизни янада шижоат билан ишлашга ундамоқда.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.