Пахта – тўқимачилик кластери: Замонавий ва барқарор тараққиёт лойиҳаси

3_buxoro

Бухоро вилояти

Бугунги шиддатли тараққиёт даври барча тоифадаги маҳсулот ишлаб чиқариш субъектларидан ақл билан узоқни кўзлаб тузилган аниқ ва пухта режалар асосида иш юритишни талаб этяпти. Мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланишида, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам бундан мустасно эмас, албатта.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги Бухоро вилоятида замонавий пахта – тўқимачилик кластерини ташкил этишга оид қарори асосида олиб борилаётган амалий ишлар соҳага кириб келаётган инновациянинг ёрқин кўринишидир.

“Тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида
Шу ўринда кластер лойиҳаси ҳақида маълумот бериб ўтишни жоиз деб билдик.
Пахта – тўқимачилик кластери бу пахта хомашёсини етиштириш учун ерларни тайёрлаш, пахтани экиш, етиштириш, йиғиштириб-териб олиш, қайта ишлаш ва бирламчи қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш йўли билан юқори қўшимча қийматга эга бўлган, жаҳон стандартларига мос келадиган, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг реализацияси билан шуғулланувчи корхоналарни битта бош­қарув тизимида бирлаштирган ишлаб чиқаришни ташкил қилиш услубидир.  Бухоро пахта-тўқимачилик кластерида ушбу услубнинг моҳияти ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш ташкил этилган. Яъни бу ерда фан ва замонавий ишлаб чиқариш жараёнини ўзаро боғлаган, саккизта лойиҳани ўзида бирлаштирган яхлит тизим шакллантирилган. Биринчидан, саноатбоп хом­ашё етиштирилади ва йиғиштириб олинади. Иккинчидан, қайта ишлаш жараёнида бирламчи хомашё тайёрланади. Учинчи босқичда эса пахта толаси ип-калавага айлантирилади. Кейинги босқичда у табиий бўёқ билан бўялади, маҳсулот тўқилади – тайёр маҳсулот ҳолатига келтирилади. Сўнг корхонада ташкил этиладиган тикувчилик цехида тайёр кийимга айлантирилади.
Иккиламчи маҳсулот сифатида олинган чигитдан эса ёғ, шрот, кунжара ишлаб чиқарилади. Озуқа маҳсулотлари кластерда ташкил этиладиган 10 минг бош­га мўлжалланган чорвачилик мажмуаси учун керак бўлади. Маж­муада олинадиган хомашё – сут, гўшт ва терини қайта ишлаш учун учта завод қурилади. Чорва чиқиндиларини қайта ишлаш натижасида биогаз олиниб, 20 гектарлик иссиқхонани иситиш учун ишлатилади. Қувонарли томони шундаки, мазкур лойиҳа аграр соҳанинг бир қатор тармоқларини ўз ичига олади ва улар истиқболда белгиланган “Тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида иш олиб боради. Буларнинг барчаси соҳада хомашёни сотиб эмас, уни тайёр маҳсулотга айлантириб, моддий манфаатдор бўлиш йўлидаги дастлабки одим ҳисобланади.

Амалий ҳаракатлар самараси
Президентимизнинг қарори асосида ўтган йилнинг иккинчи ярмида Бухоро вилоятида “Paraglide Limited” (Буюк Британия) ва “Петромаруз” (Россия) компаниялари инвес­тициялари асосида “Bukhara cottoh tekstile cluster” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги пахта-тўқимачилик корхонаси ва унинг пахта етиштириш ва пахтани қайта ишлаш шўъба корхоналари ташкил этилди.
Бухоро вилоятида замонавий пахта – тўқимачилик кластерини ташкил этиш лойиҳаси 2017-2021 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 123,1 миллион АҚШ долларига тенг. Корхона учун зарур бўладиган пахта хомашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида Ромитан туманининг суғориладиган майдонларидан 8 минг гектар ер ажратилди. Бу ерда “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS” МЧЖ корхонаси ташкил этилди. Ҳозирда деҳқончилик юмушларини бажаришга ихтисослашган агрокорхона, ёқилғи мойлаш ва машина-трактор парки каби мажмуалар барпо этилмоқда. Ер майдонлари 8 бўлим, 78 та участкага ажратилиб, бунда ерларнинг сув йўлларига мослиги, аҳоли яшаш манзиллари эътиборга олинди. Буларнинг барчаси мутахассислар ва аҳоли эътирофига сазовор бўлди.  Ҳозирда агротехник юмушлар бошлаб юборилди. Хусусан, ерларни шуд­гор ва шўр ювишга тайёрлаш, контур атрофларини тозалаш, шудгорлаш, сув йўлларини таъмирлаш каби агротехник тадбирлар тўлиқ бажарилди. Бунда маҳаллий ўғит жамғариш ишларига ҳам алоҳида этибор берилди. 8 минг гектар майдонда ушбу агротехник тадбирларни амалга ошириш учун олдинги йиллари 426 нафар киши меҳнат қилган бўлса, бу йил уларнинг сони салкам 8 баробарга ошди. Энг муҳими, бунда сифат бош тамойил ҳисобланди.
Албатта, корхонада техникалар кучидан унумли фойдаланиш, механизациялашга ҳам жиддий қаралмоқда. Жумладан, экиш мавсуми бошлангунга қадар корхона машина-трактор паркини 20 та “К-700”, 20 та “ПЯ-4-35” ва “ПЯ-5-35” омочлари, 12 та “Кейс-1200” русумли экишгич, 5 та экскаватор, 6 та бульдозер, 156 та “МТЗ 80-1” русумли чопиқ, 78 та транспорт трактори, 156 та тиркама, 5 та “Isuzu” русумли ёқилғи ва маҳаллий ўғит ташишга мўлжалланган автомашина ҳамда бошқа зарур техника воситалари билан тўлдириш кўзда тутилган.

Янги иш ўринлари ва муносиб меҳнат шароити
Пахта – тўқимачилик инновацион кластер лойиҳаси тўлиқ амалга оширилиши баробарида 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда корхонанинг 3 қаватли дала шийпони кўринишидаги маъмурий биноси қад ростламоқда. Бу ерда ишчи-ходимларнинг овқатланиши, дам олиши, китоб ўқиши, талаба-ўқувчиларнинг ўз билимини ошириши ва олимларнинг инновацион ғояларни муҳокама қилишлари учун барча шароитлар яратилади. Келгусида яна 77 та шундай дала шийпони қуриш режалаштирилган.
– Фаолиятимизда иккита йўналиш асосий мезон қилиб белгиланган, – дейди агрокорхона бош агрономи Норбой Жамилов. – Биринчиси, ишчи-ходимларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўлаб, уларнинг реал даромадларини ошириш орқали меҳнатга бўлган муносабатини ўзгартириш. Иккинчиси, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш орқали турмуш даражасини янада юксалтиришдир.
Лойиҳа фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида кўплаб ишчилар билан учрашиб, уларнинг фикрлари билан ўртоқлашдик. Агрокорхона менежер агрономи Ҳасан Юсупов шу вақтгача фермер хўжалигида иш юритувчи ва фермер сифатида фаолият юритган экан. Унинг таъкидлашича, илгари қишлоқ мулкдорларининг аксарияти етиштирилган хомашёни қабул қилувчи корхоналарга етказиб берган. Табиийки, қайта ишлаш ҳисобидан келадиган қўшимча даромаддан хомашё етиштирувчи манфаатдор бўлмаган. Кластер лойиҳасида эса корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан эркин фойдаланиш, мустақил равишда нархларни ва маҳсулотларни сотиш ҳажмларини белгилашга рухсат берилган.
Мухтасар айтганда, пахта – тўқимачилик кластери услубида ишлаб чиқаришнинг ташкил этилиши, қишлоқ хўжалигининг интеграциялашувига ҳамда ишлаб чиқаришга янги инновацион ғоя­ларни татбиқ этишга имкон беради. Шу боис, кластерни мамлакатимиз аграр соҳасини замон талаблари даржасида тараққий эттиришга хизмат қиладиган “бугунги куннинг қалдирғоч лойиҳаси”, дея таърифлаш мумкин. Уни амалиётга татбиқ этишда муайян қийинчиликлар бўлиши табиий. Аммо янги лойи­ҳанинг истиқболи порлоқ эканлигига шубҳа йўқ. Зеро, табиий пахта толасидан ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари хорижда ҳар доим харидоргир бўлганини барчамиз яхши биламиз. “Ўзбек бренди” номи билан жаҳон бозорига сифатли, сертификатланган тайёр маҳсулот чиқариш эса юртимиз тадбиркорларига фахр ва ғурур бағишлайди.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.