Голландия инновацион зироати

4_01

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида соҳани ривожлантириш ҳақида сўз юритар экан, аграр тармоқни тараққий эттиришда инновациянинг ўрнига алоҳида тўхталиб, шундай деган эди: “Бир ҳақиқат барчамизга яхши маълум: илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва, умуман, бирор-бир соҳанинг келажаги бўлмайди”.

Албатта, бу жараёнда биз дунё­нинг ривожланган давлатлари таж­рибасини ўрганишимиз, лозим бўлганда, тўпланган тажрибаларни амалиётга татбиқ этишимиз жоиз. Шу маънода, Голландиянинг қиш­лоқ хўжалиги ҳақида сўз юритишни лозим топдик. Зеро, ушбу мамлакат дунёда қишлоқ хўжалиги юқори даражада ривожланган, тараққиёт инновацион тарзда давом этаётган давлатлардан биридир.
Бу юртда ҳозирги кунда аграр соҳада фаолият юритаётган бир ишбилармон 112 нафар кишини боқади. Германия ва Францияда бу кўрсаткич 2-3 маротаба кам. Россияда эса 9 тага тўғри келади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакат қишлоқ хўжалиги билан аҳолининг атиги 2 фоизи шуғулланади. Голландия озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўз мамлакати аҳолисини тўла таъминлабгина қолмасдан, бу маҳсулотлар экспорти бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Инновация – асосий сифат
Гарчанд мамлакат ер майдони кам бўлса-да, дунё қишлоқ хўжалиги бозорида гигант мамлакат ҳисоб­ланади. Голландияликлар “мамлакатимиз кичик бўлса-да, унинг ҳар бир квадрат метри юқори инновацион сифатга эга” дея фахр билан сўзлашади.
Мамлакатда турли соҳалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва уни механизациялаш, автоматлаштиришга инновацион инвестициялар жуда кўп киритилади. Эйндховен шаҳри дунёдаги энг инновацион ва истиқболли шаҳар деб тан олинганлиги ҳам бунга мисол бўла олади.
Мамлакатда саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ниҳоятда ривожланган. Шу сабабли бозорга ўн мингдан ортиқ номдаги турли-туман озиқ-овқат маҳсулотлари йилнинг ҳамма фаслида сотувга чиқарилади. Дунёда аҳоли зичлиги бўйича энг юқори ўринда бўлганлиги сабабли бу ерда ҳар бир квадрат метр жойдан тежаб-тергаб фойдаланилади. Голландия қишлоқ хўжалигининг деярли ҳамма соҳалари бўйича инновацион технологияларни жорий этиш борасида дунё эътироф қилган мамлакат ҳисобланади. Айниқса, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, уруғчилик, ем-хашак ишлаб чиқариш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш, гулчилик соҳасида бу давлат билан беллашадиганлар йўқ.
Голландия қишлоқ хўжалиги 4 та инновацион “кит”га таянади: 1) механизация; 2) ихтисослашув; 3) интенсификация (унумдорликни ошириш, самарали қилиш) ва 4) компьютерлаштириш.
Кейинги пайтларда мамлакатда бошоқли экинлар, қанд лавлаги ва бошқа экинлар ҳосилдорлигининг ошиши, шунингдек, чорвачилик, паррандачиликда маҳсулдорликнинг кўпайиши бевосита уруғчилик, наслчилик ва генетика фани ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳисобига амалга ошмоқда. Масалан, ўсимликшуносликда ҳар хил касалликларга чидамли шундай навлар яратилганки, бу ўсимликларга инсон саломатлигига зарар етказувчи кимё­вий воситаларни ишлатишга ҳожат йўқ. Шунинг учун қишлоқ хўжалигида генетика, ген муҳандислиги фанларига алоҳида эътибор берилади. Айни вақтда алмашлаб экиш масалалари ҳам тўғри йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда Голландияда буғдой, картошка, маккажўхори (силос учун) – қанд лавлаги алмашлаб экиш тизими қабул қилинган. Ерни ҳар хил касалликлардан, нематодалардан сақлаш мақсадида бир майдонда картошкани 4 йилда бир мартадан, қанд лавлагини эса 3 йилда бир мартадан ортиқ экиш қонун билан тақиқланади.

Ҳар бир қорамолнинг “пропискаси” бор
Бу ҳеч ҳам муболаға эмас. Негаки, Голландия чорвадорлари ҳар бир сигирнинг аждодию ўзи ҳақида маълумотга эга.
Голландия қишлоқ хўжалигида чорвачилик алоҳида аҳамиятга эга. Биринчи ўринда йирик шохли молларни кўпайтириш туради. Юз йилдан кўпроқ вақтдан буён ҳар бир подадаги моллар бошма-бош санаб чиқилиши ва наслчилик китобига ёзиб борилиши йўлга қўйилган. Бир неча ўн йиллардан буён бу маълумотларнинг ҳаммаси компьютерга туширилган. Хоҳлаган киши компь­ютер орқали мамлакат ҳудудидаги исталган сигир ёки буқа ҳақида бир неча сониялар ичида тўла ахборот олиши мумкин.
Голландияда қора-ола гольштин-фриз моллари кўп тарқалган (63 фоизни ташкил қилади). Бу насл­ли сигирлар лактация даврида 9 минг литр сут беради (айрим сигирлар 20 минг литргача ҳам сут берар экан). 35 фоизга яқин пода қизил-­ола моллар ҳисобланади. Мамлакат бўйича бир гектар яйлов ҳисобига 9,5 минг литр сут олинади, бу кўрсаткичга дунёнинг ҳеч бир давлати етиб олгани йўқ. Сутининг миқдори бир йилда 5600 литрдан камайиб кетса, сигирлар гўштга топширилади.
Мамлакат эътирофи ва ҳурмати сифатида сигир Голландиянинг фаровонлик тимсоли ҳисобланади. Унга махсус ҳайкал ўрнатилиб, бу жой мамлакатнинг диққатга сазовор ва сайёҳлар келиб кўрадиган жойи даражасига тенглаштирилган.
Йилнинг иссиқ фаслида озиқлантириш асосини яйловлардаги озуқалар ташкил қилса, қишда концентратлар қўшиладиган маккажўхори силоси, сенаж, қуритилган хашаклардан иборат бўлади.
Ҳар бир фермада 3 кунлик соғилган сутни сақлайдиган ҳажмда музлаткичлар мавжуд. Сутни қайта ишлаш жуда кўп турдаги юқори сифатли маҳсулотлар тайёрловчи кооператив корхоналарда амалга оширилади. Соғилган сут мамлакат ичкарисида фойдаланилса, уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар асосан экспорт қилинади. Яна бир муҳим масала шундаки, бузоқлар учун ажратилган сутга тегиш ёки уни қайта ишлаш қатъиян тақиқланади.

Илмга асосланган тараққиёт
Чорвачилик соҳасидаги эришилган улкан ютуқлар нафақат тарихий, кўп асрлар давомида орттирилган тажрибалар натижасигина бўлиб қолмасдан, балки наслчиликда фаннинг охирги инновацион ютуқларини қўллаш, масалан, сунъий қочиришда ҳозирги замон ютуқларидан фойдаланиш, эмбрионал трансплантациясини қўллаш каби усуллари кенг жорий этилганлигидир. Селекция ишлари энг яхши наслли зотларнинг уруғларидан музлатилган ҳолда 5 миллион дозадан иборат махсус спермобанклар яратилган.
Голландияда муҳим йўналиш­лардан яна бири паррандачилик ҳисобланади. Ҳозирги кунда мамлакатда 90 миллиондан ортиқ товуқ боқилади. Паррандачилик фермасида бир кунда товуқнинг вазни ўртача 64 граммга ўсади. 1 килограмм парранда гўшти олиш учун 2,3 озуқа бирлиги сарфланади. Бройлер фермаларида бу кўрсаткич яна ҳам кам – 1,99 озуқа бирлигини ташкил қилади.
Мамлакатда табиий бошоқлар ва ем-хашак экилган майдонлар 1,2 миллион гектардан иборат. Бу майдонларда энг сара навли уруғлар экилган бўлиб, бир гектар майдондан 80 тонна силос массаси ёки 13,5 тонна қуруқ хашак олиш мумкин.
Голландия ҳар йили 40 дан ортиқ мамлакатга 20 минг тоннагача ўт-ўлан ва хашаклар уруғини сотиб, жуда катта фойда кўради. Ер танқислиги учун ҳар хил ўтлар ва хашакларнинг уруғини бошқа мамлакатларга (Германия, Франция, АҚШ, Польша ва ҳ.к) бориб экиш ама­лиёти кенг жорий этилган. Бу ҳолатда ҳисоб-китоб ем-хашаклар уруғи билан амалга оширилади. Чет элларга бориб экилган уруғ миқдори Голландия­нинг ўзида олинган ҳосилга нисбатан бир неча баробар кўп экан.
Чорвачилик, айниқса, паррандачиликда эришилган ютуқлар омихта ем ишлаб чиқариш билан ҳам узвий боғлиқ. Голландияда омихта ем таркибидаги протеин миқдори дунёдаги энг кўп кўрсаткичга (16%) эга ҳисобланади.

Иссиқхоналар ва гуллар диёри
Голландияда мева-сабзавотчилик соҳаси йирик механизациялашган ва рентабелли соҳалардан бири ҳисобланади. Бу мамлакат “иссиқхоналар мамлакати” деб бежиз айтилмайди. Автомобилда Амстер­дам-Роттердам йўналишлари бўйича сафар қилсангиз, бир неча ўнлаб километрдан иборат улкан иссиқхоналарни кузатиб, голландлар меҳнатига яна бир бор таҳсин айтасиз.
Иссиқхоналарда сув, ўғит ва зараркунандаларга қарши курашиш моддаларини етказиб бериш, микро­элементлар, йилнинг барча фаслида бир хил ҳарорат ва намликни яратиб бериш – буларнинг ҳаммаси автоматлаштирилган.
Бу мамлакат шампиньон замбуруғлари етиштириш бўйича ҳам дунёда етакчи давлат ҳисобланади. Ҳар йили етиштирилган ҳосилнинг 80 фоизи экспортга чиқарилади. Иссиқхоналарда механизация ўта ривожланганлиги туфайли бир йилда 6 мартагача замбуруғ экилиб, ҳосили териб олинади.
Иссиқхоналарда сабзавотлар кўчати етказиб бериш саноат асосида намуна бўладиган даражада йўлга қўйилган. Кўчат етиштиришнинг асосий қисми махсус мажмуаларга тўғри келади. Етиштирилган кўчатларнинг аксарияти Европанинг деярли барча мамлакатларига экспорт қилинади. Одатда кўчатлар йил бўйи тайёрланади.
Голландия иссиқхоналари замон талабига қараб мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда.
Бу юртни “гуллар мамлакати” ҳам дейишади. Шахсий, жамоатчилик ва давлат тасарруфидаги хоналарда коридор, балкон, ҳовли, кўча ва ўнлаб километр йўллар атрофида кўзни қувонтирувчи ранг-баранг гулларни кўрасиз. Еттита гулчилик илмий-тадқиқот маркази ва минглаб боғбонлар гулларнинг янги навларини етиштирмоқда. Масалан, ҳар йили мамлакат бўйича атиргулнинг юздан ортиқ нави рўйхатга олинади. Гул навларини рўйхатга олишда экспертлар гулнинг ранги, унинг шакли, ҳиди, рангининг барқарорлиги каби талабларни қўйишади. Очиқ тупроқдаги гулчилик умумий гулчиликнинг 10 фоизини ташкил қилади.
Савдода энг кўп талаб қилинадиган атиргул, иккинчи ўринда хризантема, ундан кейин гвоздика турар экан. Лола эса олтинчи ўринни эгаллаб турибди. Дунё гул савдосининг 60 фоизи Голландия улушидир. Бу соҳада ҳам у биринчи ўринда туради.

Ишбилармон – инноватор демак
Шу ўринда голландларнинг тадбиркорлиги ҳақида ҳикоя қилиб ўтсак. Голландияга сафаримиз чоғида 250 дан ортиқ қорамол боқиладиган чорвачилик фермаси билан танишдик. У ерда ҳар бири алоҳида ўралган 8 та яйлов (ўт ўсиб турган майдон) бор экан. Қорамоллар бир яйловнинг ўтини тозалаб бўлгач, озуқа тугаганини компьютер автоматик равишда аниқлаб, кейинги яйловнинг эшигини очар экан. Тўсиқ очилгач, қорамоллар тезда кейинги яйловга ўтиб, ўтлашга киришиб кетди. Таблода яйловнинг неча фоизида ўт қолгани кўриниб турибди. Чорвадор бу жараённи хоҳласа уйда, хоҳласа ишда ёки бош­қа интернет бор жойда бошқариши мумкин экан. Шунда бизни лол қолдирган яна бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдик: тадбиркор билан суҳбатимиз қизиб, вақт ўтганини билмай қолибмиз. Компьютер қорамоллар молхонага сут беришга келадиган вақт бўлганини билдирди. Оператор ўз тилида бир нарсалар деганди, биздан узоқроқда ўйнаб юрган ит олдига югуриб келди. Яна бир нарсаларни гапирган эди, ит югуриб қорамоллар ўтлаб юрган яйловга бориб, сигирларни молхонага ҳайдаб келди. Ит операторнинг буйруғини, моллар эса итнинг буйруғини сўзсиз бажарганини кўриб ҳайратга тушдик. Бу ҳам ҳар бир ишга илмий ёндашишнинг меваси эди.

Тадбиркорлик фалсафасини эрта ўрганадилар
Голландияда мамлакат аҳолиси жон бошига ҳисоблаганда тадбиркорларнинг фоизи дунёда энг юқори даражада. Тадбиркорлик билими ва фалсафаси ёшликдан – боғча, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртидан сингдирилиб, шакллантириб борилади. Уйда ва мактабда голландлар ўз болаларини креатив асосда, амалдаги стандартларга тўғри келмайдиган ноанъанавий инновацион ғоялар билан фикрлашга даъват қилиб тарбиялайдилар.
Мамлакат ёшларига дунё стандартлари даражасида билим олиш учун барча шароит яратилган. Дунё­нинг юзта энг илғор олий таълим муассасаси қаторига 3 та Голландия университети, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасига кадрлар тайёрлаб берувчи Вагенинген университети ҳам киради.
Голландияда инновация жадал ривожланиб кетишининг сабаб­ларидан яна бири ўта ривожланган инфраструктура яратилганлигидир. Бу соҳада ҳам Голландия дунёда биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Бу юртда қишлоқ хўжалигига юқори даражада механизациялашган, автоматлаштирилган инновацион ғоялар ҳар бир қадамда сингдирилган. Шу сабабли меҳнатга яроқли аҳолининг бор йўғи 2 фоизи қишлоқ хўжалигига жалб қилинган.
Бундан ташқари, Голландия қиш­лоқ хўжалиги соҳасида дунё бўйича кадрларни амалий тайёрлаш билим дастурлари, аниқ инновацион деҳқончилик ва чорвачиликни амалга ошириш дастурлари, механизациялаш ва автоматлаштириш каби дастурларни реализация қилиш ва амалий малакавий ёрдам бериш ҳисобига жуда катта фойда кўради.

“Пастликдаги ер”дан дунёга бўйлаган давлат
Голландия немис тилида Нидерландия – “пастликдаги ер” маъносини билдиради. Ҳақиқатан ҳам, мамлакат умумий майдонининг учдан бир қисми океан сатҳидан паст. Шунга қарамай Голландиянинг ЯИМ 700 миллиард доллар бўлиб, аҳоли жон бошига 40,7 минг еврога тўғри келади ва бу соҳада ҳам дунёнинг кучли 10 та давлати қаторига киради.
Мамлакат умумий ер майдонининг 65 фоизини қишлоқ хўжалиги эгаллаган. Мамлакатдаги 4,5 миллион қорамолдан 2,5 миллион бош сигир сут ишлаб чиқаришга ажратилган. Ёғ етиштириш бўйича Европада 5-ўрин, пишлоқ ишлаб чиқариш бўйича 4-ўринда туради. Мамлакатдаги 1,5 минг гектар иссиқхонанинг тахминан 60 фоизи гулчиликка ажратилган.
Аграр соҳа экспорти бўйича мамлакатга мева-сабзавотлар 12 миллиард евро, сут маҳсулотлари 5 миллиард евро фойда келтиради. Ҳаммаси бўлиб қишлоқ хўжалиги мамлакатга 85 миллиард евро даромад олиб келади. Дунёда Голландиянинг агроинновациялари ва янги технологияларига йилдан-йилга талаб ошиб бормоқда. Шунингдек, ўсимликлар ва ҳайвонлар генетикаси, юқори технологик ускуналар ишлаб чиқариш, микро ва нанотехнологиялар бўйича дунёда биринчиликни бермай келаётир.
Буларнинг барчаси фақат инновация ва инновацияга интилиш ортидан. Демакки, айни шу жиҳатлар “пастликдаги ер”дан дунёга бўйлашиш имконини бермоқда.

Бакриддин ЗАРИПОВ,
Собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси аъзоси (академик), Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори.