Миллий армия – матонат ва жасорат мактабидир

2_01

Навоий вилояти

Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган таб­ригини Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов тадбир иштирокчиларига ўқиб эшиттирди. Шунинг­дек, тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан миллий армиямизни янада равнақ топтириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар хусусида  сўз юритди.
Тадбирда Президентимизнинг фармонига асосан Давлат мукофотлари билан тақдирланганларга орден ва медаллар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа фидойилари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Хизматни ўташ чоғида ҳалок бўлган соҳа вакиллари хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди. Фахрий ҳарбийларга эса алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
– Менинг камтарона меҳнатим Президентимиз томонидан шундай катта мукофотга муносиб топилгани кўнглимни тоғдек кўтариб юборди, – дейди Навоий шаҳри Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари, “Жасорат” медали соҳиби Ўктамхўжа Амонов. – Мен бундай эътиборга жавобан Ватанимиз осойишталиги учун бор куч ва шижоатим билан хизмат қилишни ўзимнинг муқаддас бурчим, деб биламан.
Мудофаа вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши вакиллари, маҳалла фаоллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият, санъат, спорт намояндалари томонидан ҳарбий қисмларда ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари Ватан ҳимоячиларининг маънавияти янада юксалишига хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бундай тадбирлар халқ ва армия яқинлиги ҳамда якдиллигининг ёрқин исботи бўляпти.
Тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватанни, тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ва жозибали рақслар барчага хушкайфият улашди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.