Эътиборсизликми ёки манманлик?

Мулоҳоза

Автобусда кетаётиб 3-4 та мактаб ўқувчиларининг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Улар тахминан 5- ёки 6-синф ўқувчилари бўлиб, кўйлакларининг тугмалари ечилган, қўлида сўнгги русумдаги телефон, қулоқларида қулоқчин тақилган эди. Мактаб сумкаси ўрнида эса икки дона умумий дафтар. Бири қўлидаги телефонини ёнидаги ўртоқларига мақташ билан овора. Шу орада кимларгадир қўнғироқ ҳам қилиб олди. Гаплашиб бўлгач, яна телефони ҳақида оғиз тўлдириб сўзлай кетди. Блутс, интернет, радио, телевидение, смс, ммс, икпорт, фотодизайн, ўйинлар ва бошқалар, тўғриси, буларнинг кўпини ҳали катта ёшли кишилар ҳам эшитмаган.

Ҳа, фарзандларимизнинг бунчалар илғорлаб кетаётганидан қувонсак арзийди. Шундай даврда билим олаётганига ҳавасингиз келади. Аммо ўзлари буни тўғри англаб етмаётган, яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланмаётгандек гўё.
Тўғри, беш қўл баробар эмас. Имкониятлардан тўғри фойдаланиб, салмоқли ютуқларга эришаётган ёшларимиз кўп. Лекин инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳам борки, баъзида фарзандларимиз фақатгина ўйинлар билан чекланиб қолмоқда. Интернет тармоқларида олди-қочди гап-сўзлар билан вақтини беҳуда ўтказмоқда.
Аввало, фарзанднинг комил инсон бўлиб вояга етишида ота-онанинг, мактаб ва маҳалланинг ўрни беқиёс. Ўзим кўп қаватли уйда тураман. Қўни-қўшниларимизнинг фарзандлари мактабга боради. Ўзлари давлат ишида ёки тадбиркорлик билан шуғулланади. Фарзандининг дарсдан кейин нима билан шуғулланаётганига баъзан вақт топа олишмайди. Бир куни одатдагидек ўқувчилар мактабдан чиқиб келишди. Уйим мактабни тўғрисида бўлгани учун танаффус вақтини аниқ биламан.  Ойнадан уларни кузатиб турган эдим, таниш қўшни бола бир қиз синфдошини уят сўзлар билан сўка бошлади. Синфдош қиз ҳам ўғил боладан қолишмасликка ҳаракат қилдими, айтиб бўлмайдиган сўзларни синфдошига ёмғирдай ёғдира кетди. Ўртада қизлар ва ўғил болалар ўртасида даҳанаки жанг бошланди. Бу ҳолатга ортиқ қараб туролмасдан ёнига бориб, уларни тартибга чақиришга уриндим. Афсус, шу онда бирор бола сўзларимга қулоқ солиш тугул борлигимга ҳам аҳамият қилмаётганди. Жанжалнинг сабаби ижтимоий тармоқда синфдошлар бир-бирининг расмини тарқатиб юборгани экан. Воажаб, китоб учун ёки доскага чиқиб вазифани гапириб бериш учун шунчалар талашишмаса керак, бу болалар. Мана, тараққиёт, телефон ва интернетдан келаётган “фойда”.
Ҳаммасидан қизиғи қўшним ишдан келганидан сўнг бошланди. Эшигим жуда қаттиқ тақиллади. Чиқсам, ўша боланинг онаси жаҳл билан турибди. Салом-аликсиз бақиришга тушиб кетди.
– Нимага ўғлимни ўқитувчисига кўчада жанжал қил­япти, ажратинг деб айтиб бердинг. Сени нима ҳақинг бор аралашишга, ҳамма нарсага бурнингни суқаверасанми, – деб бор овози билан бақириб кетди. Гапириб бўлгач, воқеани айтиб, ўғлингизнинг тарбияси билан қаттиқроқ шуғулланиб қўймасангиз бўлмайдиганга ўхшайди, дедим. Шунда ҳам у ўғлини оқлаб, “Ўғил бола қўрқмас бўлиши, ўз ҳақини ўзи ажрата олиши керак” дея яна унинг тарафини олди. Ўшанда тушуниб етдимки, болани тарбиялаш учун, аввало, ота-она тарбияли бўлиши лозим экан.
Маълумотларга қараганда, кейинги йилларда компь­ю­тер ҳамда уяли телефон таъсиридаги фарзандининг руҳий муаммолари борасида психологларга мурожаат қилаётган ота-оналар сони ортган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жонли мулоқотга киришмай фақатгина мобиль телефон ёки интернетга боғланиб қолиши натижасида бола ташқи дунёдан ажралган одам, илмий тил билан айтганда “виртуал аутист” ҳолатига тушиб қолиши мумкин. Бу борада муаммо бола ҳали нима яхшию нима ёмонлигини билмаслиги ҳамда табиатидаги қизиқувчанлик ва ноодатийликка бўлган қизиқиш оқибатида келиб чиқади. Сахийлик қилиб, кичкинагина “қути” орқали ўз фарзандларимизга ўрнини ҳеч қандай нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказаётганимизни чуқурроқ ўйлаб кўришимиз лозим.
Бугун содир бўлган воқеа ҳақидаги ахборот, турли фото, видео тасвирлар зумда интернетдан жой олади ва бутун дунё бундан хабардор бўлади. Бу ҳам етмаганидек, кўп ўтмасдан айнан шу ахборотларнинг “сара”лари мобиль телефонлардан ўрин олади. Бу борада хотирасига кўп маълумотларни сиғдира оладиган энг сўнгги русумдаги телефонларни фарзандларига харид қилаётган ота-оналарни огоҳлантирсак, аксарияти мен фарзандимнинг ҳеч кимдан кам бўлишини хоҳламайман, деган жавобни эшитамиз. Бироқ танганинг иккинчи томони борлигини ҳам унутмасак, ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳозирда кўплаб хорижий давлатларда болалар саломатлигини сақлаш мақсадида мобиль телефонларидан фойдаланиш бўйича чекловлар жорий этилган. Масалан, Бангладешда 16 ёшгача бўлган болаларнинг мобиль телефондан фойдаланиши бутунлай тақиқланган. Шунингдек, Франция, Испания ва Англия давлатларида ҳам болалар учун бу борада чекловлар ўрнатилган. Демак, бугун биз фикр юритаётган масала дунё ҳамжамиятини ҳам ташвишга солмоқда. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича икки ярим миллиард инсон мобиль телефондан фойдаланади. Бу мобиль телефон техника оламидаги янгилик эмас, инсон ҳаётида ижтимоий ҳодисага айланиб улгурганидан далолатдир. Масаланинг энг нозик жиҳати шундаки, мобиль телефондан фойдаланувчилар орасида болалар, яъни мактаб ўқувчилари, ҳатто, боғча тарбияланувчилари ҳам борлигида…
Бугунги кунда мамлакатимизда маънан етук, жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш, уларнинг камолоти, бахту саодати, фаровон келажаги йўлида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилаётир. Бу борада биринчи галдаги вазифамиз фарзандларимизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини эътибордан четда қолдирмай, уларни  умуминсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, миллий ўзлигимиз, азалий қад­риятларимизга ёт ва бегона ғоялар таъсиридан асрашдир. Шундагина хайрли ишлар самараси юзага чиқади.

Латофат БЎРИЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.