Тўйга айланаётган тўй маслаҳати

Фарғона вилояти

Яқинда кўпни кўрган нуронийлар билан суҳбатлашиб қолдик. Гап айланиб, мавзу тўйларга тақалди. Шунда даврадаги кексалардан бири – Абдураҳмон ота шундай деди:

– Бундай замонни ҳали ҳеч ким кўрмаган десам ишонаверинг, – деди у атроф­дагиларга қараб. – Ўзбекистонимиз жуда тез тараққий этяпти. Одамлар яшаш шароити тобора яхшиланиб боряпти. Уйлар, ҳашаматли иморатлар, бир-биридан гўзал хиёбонларни кўриб кўзингиз қувнайди. Илгари битта қишлоқда нари борса тўрт-бешта оқланган иморатлар бўларди, дарвозали уйлар кам эди. Ҳозир ҳамма икки-уч қаватли уйлар қургиси келяпти. Қўш уловли кишилар, хусусий автобусга, юк машинасига, экскаватор ва бошқа нарсаларига эга бўлган одамлар ҳам кўпайяпти. Бироқ тўқликка шўхлик қилиб, тўйлар ўтказишда нотўғри йўлдан боришаётганларни кўриб, бироз хафа бўлиб кетади одам.
– Тўй ҳақида шунча гап бўлаяпти, аммо дабдабали тўйларни камайтира олмаяпмиз, – деди даврадаги яна бир оқсоқол. – Айниқса, суннат тўйлардаги ортиқча дабдабабозликни айтмайсизми. Қуда томон катта сўқим олиб келяпти. Ундан ташқари, куёвнинг ўзи, ака-ука, опа-синг­лиси ва ота-онасидан тортиб, ­аммаю холаларигача сарпо қилишяпти, 80-100 килодан гуруч дамлаб, ош беришяпти.
– Қайси куни бизнинг маҳалламизда бир одам тўйдан бир кун олдин сабзи тўғрар куни артистларни айттириб базм қилди, – деди Абдураҳмон ота. – Маҳалладаги барча эркаклар чиқди. Номи сабзи тўғрар экану, лекин ўзи тўй бўларкан. Зиёфат авжида, дастурхонга сара  таомлар, турли хил нозу неъматлар тортилган. Ичимликлар эса оддий газ сувдан тортиб, ароғу коньяккача. Қўшиқчилар навбат-навбати билан куйлаяпти. Бир кинода айтганидек, “тўй тўйдек бўлсин-да”, дейишибди. Бундай исрофгарчилик, манманлик, дабдабабоз­лик миллатимизга борган сари қўлга кирган тикондек ботиб боряпти. Бу ҳақда давраларда, мажлисларда қанча гапирилмасин одамлар ким ўзарга тўй қилишдан чарчамаяпти.
Даврада ўтирган қариялар бундай янгича одат, расм-русумлар яқинда ҳаётимизга кириб келганини ачиниш билан гапиришди. Илгари сабзи тўғраш куни маҳалладан 20-30 одам айтиб келиниб, ошпазлар учун масаллиқларни тайёрлашга ёрдамлашар ва охирида улар олдига шавла тортилар экан. Шу билан эрталабга наҳорги ош берилар, кейин хотин оши ўтказилар, тушдан кейин тўй тугатиларди. Энди эса ҳар тоифадаги кишилар, бирини кўриб, бири андаза олишяпти. “Кўрпангга қараб оёқ узат” деган мақолга ҳеч ким амал қилмайдиган бўлиб қолди. Тўй қилган ўртаҳол оила кимлар томонидан киритилаётган урфларни бажараман деб қарзга ботиб қоляпти.
Ҳозир қишлоқларда ҳам бир кунда ўтадиган тўйларни ҳашаматли тўйхоналарда ўтказиш одат бўлиб қолди. Тўй куни меҳмон бўладиган 5-6 оқсоқолдан тортиб, идишларни ювадиганларгача пул бериляпти. Сирасини айтганда, мисқоллаб йиққанини бир кунда ҳавога, беҳудага совуряпти. Ўзларини эса ҳамма қатори орзу-ҳавасимиз бор, деб овутиш билан чекланиб қолишяпти.
– Хўш, қариялар, – деди ўтирганлардан каттароғи. – Суннат тўйини бир ҳисоблаб кўрайлик-чи: биринчи – маслаҳат оши, қўй сўйди, иккинчи – сабзи арчар (базми билан), учинчи – наҳорги ош, тўртинчи – хотин оши (санъаткорлар иштирокида), бешинчи – жамоа зиёфати (бунга ҳамма қатнашаверади), олтинчи – ошпазлар, дас­турхончилар, уста, кузатувчиларни рози қилиш маросимлари.  Буларнинг ҳар бирига пул, сарпо, нон, гўшт, майда-чуйда солинган чорси бериляпти. Хўш булар бизнинг қадриятларимизми?..
Бундай дабдабали тўйлар, ортиқча исрофгарчиликлар билан ўтказилаётган маросимларни вилоятнинг Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Данғара, Ўзбекистон ва бошқа туманларида ҳам кўриш мумкин. Ҳалол меҳнат билан топган маблағини ҳавога совуриш, ўзини кўрсатиш учун қилинган тўйларни ҳеч ким тарихий воқеа деб ҳисобламайди. Унинг ўрнига топган маблағининг кўп қисмини фарзандлар тарбияси, ўқиши, ҳунар эгаллаши учун сарф қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Болаларга китоб сотиб олиб беришни оғир иш деб билган оталар тўйни дабдабали ўтказишга бор будини сарфлаши инсофдан эмас деб ўйлаймиз.
Ўғил тўйи исломда болани суннат қилиш баҳонасида ўтказиладиган ўртача маросим ҳисобланади. Негадир, имом домлалар ҳам жоме масжидларда амру­маъруф қилаётганда маҳаллаларда авж олиб бораётган турли маросимларни, ортиқча харажатлар қилиш ҳам гуноҳ эканлигини, одамларнинг тинкасини қуритаётган ортиқча сарф-харажатларга барҳам бериш лозимлигини дадил айтмаяпти. Маҳалла фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, маслаҳатчилар, бошқа жамоат ташкилотлари бу борада аниқ иш қилишларини давр тақозо қилаётганини унутмаслик керак.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.