Мардликни мадҳ этган матонат мактаби

Қашқадарё вилояти

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган “Ҳарбий- ватанпарварлик ойлиги” доирасида жанговар техникалар, қурол-яроғлар, Ватан ҳимоячиларининг фаолияти билан боғлиқ бошқа ашёлар кўргазмаси ташкил этилди.

Маълумки, бу йилги байрам тадбирлари Президентимиз фармойишига биноан янги шаклда, “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” умумий шиори остида нишонланмоқда. Тадбирлар дастурида ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришга, уларда ҳарбийлик касбига нисбатан кучли қизиқиш ва ифтихор ҳиссини уйғотишга, халқ ва армия якдиллигини таъминлашга хизмат қилувчи ҳарбий техника, қурол-яроғ намойиши, ҳарбий оркестрлар концертлари, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм ва муассасалар, Ўзбекис­тон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши, вилоят Фавқулодда вазиятлар бош­қармасига тегишли ҳарбий техникалар карвони шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланди. Тепасида юртимиз байроғи ҳилпираган, турли вазифаларни бажарувчи қудратли техникалар карвонини шаҳар ва вилоят марказига яқин туманлар аҳолиси, воҳа меҳмонлари томоша қилишди.
– Ўғлим Саидмуҳаммадхоннинг орзуси ҳарбий бўлиш, – дейди Косон туманилик Фарҳод Усмонов. – Бугун Қарши шаҳрида ҳарбий техникалар кўргазмаси бўлишини эшитиб, уни ўзим билан олиб келдим. Турли ҳарбий машиналарни яқиндан кўрдик, масъулиятли ва шарафли касб эгаларининг фаолияти ҳақидаги тасаввурларимиз кенгайди. Шу аснода фарзандимда ушбу касб машаққати, масъ­улияти, шарафи ҳақида тушунча шаклланди.
Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирлар ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Кўргазмада вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳ ўқувчилари ҳам иштирок этди.
Вилоятда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар давом этмоқда.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.