Ватанга садоқат туйғулари юксалмоқда

4_01

Навоий вилояти

Навоий вилоятида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 26 йиллиги муносабати билан “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, ҳарбий кўргазмали чиқишларни ўзида мужассам этган “Ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги” ўтказилмоқда.

Навоий шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида илк бор ташкил этилган “Армия ва ёшлар” номидаги ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бу тадбирларнинг узвий давоми бўлди.
Вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль аҳоли ва ёшлар ўртасидаги югуриш марафони, мотокросс мусобақалари билан бошланди.
Фестиваль доирасида  таниқли рассомлар ва ёшлар ўртасида миллий армиямиз қудратини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган “Армия ёшлар нигоҳида” мавзусидаги суратлар кўргазмаси, вилоят ҳунармандлари томонидан миллий маҳсулотлар ҳамда авиамоделлар намойиши, авто-мото техникалари, фахрий қоровул кўргазмали чиқишлари, қўл жанги, ҳарбий хизматчиларнинг тантанали ва қўшиқ билан марш юриши намойиш этилиши иштирокчилар қалбида она юртга садоқат туйғуларини янада юксалтирди.
– Бугун миллий армиямиз сафида ҳар томонлама чиниққан, ақлан ва жисмонан соғлом, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминловчи мард ва жасур йигитлар хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий шаҳар кенгаши раиси Мақсуд Нуриллаев. – Бугунги фестиваль келажагимиз эгаларини янада руҳлантириб, миллий армиямизга бўлган ишончини оширди. Ёшларимиз нигоҳидаги ишонч ва ғурур уларнинг ҳақиқий ватан ҳимоячиси бўлиб камол топаётганлигининг амалий ифодасидир.
Фестивални ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ёшларни ҳарбий соҳа фаолияти билан яқиндан таништириш, улар онги­га миллий армиямизнинг мардлик, матонат ва жасорат мактаби эканлигини чуқурроқ сингдириш ҳамда уларни ҳақиқий ватан ҳимоя­чиси этиб тарбия­лашга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
– Мазкур фестиваль миллий армиямиз ҳақидаги тушунча ва тасаввурларимизни янада бойитди,–  дейди Кармана туманидан келган фестиваль иштирокчиси Соҳиб Нурил­лаев. – Ҳарбий соҳага қизиқишим юқорилиги боис, ҳар бир кўргазмали чиқиш менда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар намойиши барчани бирдек руҳлантирди.
Тадбирда вилоят ҳокими Қ.Турсунов иштирок этди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.