Армия ва халқ – бир тану бир жон

4_kp2

Қорақалпоғистон Республикаси

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Мудофаа вазирлиги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда уларнинг масъулиятини кучайтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар Қуролли Кучларимизнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун уларнинг оила аъзоларига эътибор қаратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий сектор ташкил этилган бўлиб, унга раҳбарлик қилиш бевосита маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига юкланмоқда. Сектор аъзолари фаолиятининг асосий йўналиши ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳудудда жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, улардаги маиший-турмуш, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик соҳаларидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатишдир. Ҳар ойда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари яшайдиган жойларга чиқиб, яшаш шароитларини ўрганиш, жойларда уй-жой коммунал хизматлари, шу жумладан, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови масалалари, арзон уй-жой қурилиши, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, намунали маҳаллаларни ташкил этиш бўйича ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарига таклиф киритиш ҳисобланади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мамлакат тақдири учун масъуллик туйғусини шакллантириш, ҳарбий бурчни ўтаб келган ёшлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Мудофаа ишлари бошқармалари, унинг ҳудудий бўлимлари, жойлардаги чақирув комиссиялари, ўқув ўринлари инфратузилмасини, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўришдек аҳамиятли вазифалар юкланган.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Ҳарбий кенгашининг 2017 йил 29 декабрдаги қарори билан Оролбўйи маъмурий ҳудудида ҳам ҳарбий-маъмурий сектор ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Ўтган даврда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама рағбатлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Янги йил арафасида ҳарбий хизматчилар оилаларига 36 хонали 2 та уй-жой топширилди. Бундай хайрли ишлар келгусида ҳам давом эттирилиб, ҳарбийларга яна 36 хонали 2 та уй-жой берилиши  режалаштирилмоқда.
Шу куни Нукус шаҳрида “Армия ва халқ – бир тану бир жон” мавзусида ҳарбий ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари замонавий қурол-аслаҳа ва техникалар, ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.