Сурхон ҳавзаларида балиқ мўл бўлади

Сурхондарё вилояти

Юртимизда бошқа соҳалар қатори балиқчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борада дастуриламал вазифасини ўтаётир. Мазкур қарорга асосан балиқчилик соҳасини мувофиқлаштирувчи, ушбу йўналишдаги корхоналарнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи  уюшма ташкил қилинди. Натижада балиқ етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган босқичларни қамраб олган ягона тизим яратилди.

Ўтган йили Сурхондарёда қиймати 7  миллиард сўмдан ортиқ бўлган 36 та лойиҳанинг амалга оширилиши икки минг тоннадан зиёд балиқ етиштириш имконини берди. Вилоятда балиқ етиштириладиган минг гектардан зиёд сунъий, 5 минг гектардан ортиқ табиий сув ҳавзалари бўлиб, уларда 229 та балиқчилик хўжалиги фаолият кўрсатади. Балиқчилик соҳасининг пойдевори бўлган личинка ва чавоқлар етиштиришни тизимли ташкил этиш учун 3 та инкубация цехи фао­лият кўрсатяпти.
– Вилоятда асосан Африка лаққаси, оқ дўнгпешона, оқ амур, зоғора каби балиқлар етиштирилади, – дейди “Сурхондарёбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти директори Фахриддин Эшқулов. – Ўтган йилда балиқчилик хўжаликлари томонидан қарийб 4 минг тонна балиқ маҳсулотлари  етиштирилди.
Умуман олганда, балиқчилик қисқа фурсатда салмоқли даромад бериши билан аҳамиятлидир. Эрта баҳорда ташланган 100 граммлик чавоқ яхши парвариш қилинса, кузда 1,5-2 килограмм­гача тош босади. Оддий усулда боқилса, гектаридан 500 килограммгача балиқ олиниши, интенсив усулда парваришланса, бу кўрсаткич 10 баробарга ошиши муваффақиятли синовдан ўтди. Вилоятда ҳам интенсив усуллардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, бунда қафас, яъни садоқ усулида парваришлаш ниҳоятда самарадорлиги билан ажралиб туради. Бу усул асосан йирик сув ҳавзаларида, кўлларда ва сув омборларида қўлланилади. Ўтган йилда вилоятда 250 та садоқ мосламаси ишга туширилди.
– Хўжалигимизда асосан Африка лаққаси, дўнгпешона, зоғора каби балиқлар боқилади, – дейди Қумқўрғон туманидаги “Жанубий-Сурхон” сув омбори қошида ташкил этилган “Жануббалиқ” масъ­улияти чекланган жамияти раҳбари Бозор Қорабоев. – Бу балиқлар тоза ва совуқ сувда яшайди ҳамда кўпаяди. Сув ҳарорати 20-25 даража иссиқ бўлганда яхши ўсади. Ҳаво ҳарорати ва сувдаги кислород миқдори доимий равишда текшириб турилади ва шунга қараб озуқа берилади. Кўлимизнинг умумий чуқурлиги 20 метр бўлиб, қафаснинг чуқурлиги 4-5 метрни ташкил этади. Тўрдан сув доимий равишда ўтиб туради. Сув билан биргаликда балиқ учун зарур фитоплактонлар оқиб киради ва балиқлар у билан озиқланади. Кичик балиқлар кунига 5 маҳал,  катта балиқлар эса 3 маҳал озиқланади.
Дарвоқе, хўжалик мутахассисларининг айтишича, балиқларни озиқлантириш режими бир марта бузилса, уларнинг ўсиши бир ҳафтагача ортга сурилар экан. Бу эса балиқлар парвариши осон эмаслигини билдиради. Ҳафтасига ҳар бир қафасдан 200 донадан балиқ олиб тортиб кўрилади ва уларнинг ривожланишидан келиб чиқиб, бериладиган омихта ем миқдори белгиланади. Ҳар ойда эса барча қафасдаги балиқлар бирма-бир олиб сараланади.
Ихтиолог Жума Қорабоев ультратовушли ташхис аппаратида балиқнинг ривожланиши, увилдириқлар сифатини текшириб боради. Ана шу текширувлардан сўнггина увилдириқни олиш муддати белгиланади. Агар увилдириқ муддатидан олдин олинса, балиқ зарарланиши ва оқибатда, келгуси йил ҳосилдорлиги камайиши ёки умуман уруғ қўймаслиги мумкин.
Вилоятнинг чекка туманларидан бўлган Деновда ҳам балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Берилаётган имтиёзлар, кўрсатилаётган  амалий ёрдам натижасида туманда балиқчилик хўжаликлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу ерда 122 гектардан ортиқ сунъий кўллар мавжуд бўлиб, уларда 32 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда.
– Туманимизда 2009-2010 йилларда 5 тонна балиқ ишлаб чиқарилган бўлса, 2017 йилга келиб бу кўрсаткич 361 тоннани ташкил этди, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассиси Тоштемир Қурбонов. – “Сурхондарёбалиқсаноат” уюшмасидан балиқлар учун зарур бўлган минерал ўғитлар, озуқалар лимит асосида ажратилиб, фермерларга тенг миқдорда тақсимлаб келинмоқда.
Вилоятда 2017-2021 йилларда балиқчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда интенсив усулда балиқ етиштириш билан бирга мавжуд илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ҳам белгилаб берилган. Масалан, Вьетнамда шоли майдонларида кенг миқёсда балиқ етиштирилади. Бу усулни 2018 йилда вилоятнинг Музработ, Шеробод ва Қизириқ туманларида жорий этиш режалаштирилган. Биргина Музработ туманининг ўзида йилига  3 минг 400 гектар майдонда шоли етиштирилишини эътиборга олсак, балиқ боқишдаги имкониятлар кўлами маълум бўлади.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли балиқ ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб боряпти. Бу фақатгина балиқчилик хўжаликларининг сони кўпайиши билангина эмас, кўллар ҳосилдорлигининг ошаётгани билан ҳам боғлиқдир. Масалан, 2009 йилда сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлиги 3-5 центнер бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 20-25 центнерни ташкил этди. Шунингдек, ана шу даврда аҳоли жон бошига балиқ ишлаб чиқариш 400 граммдан қарийб 1 кило 300 граммга кўпайди.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.