Бол етиштиришнинг истиқболи порлоқ

epa03693127 Palestinian beekeepers inspect beehives at the honey-bee farm in Al Moghraqa area in the central Gaza strip on, 09 May 2013. The beekeepers collect honey and wax from the beehives at this time of year.  EPA/MOHAMMED SABER

Халқимиз асаларини етти хазинанинг бири, дея эътироф этади. Асаларичилик эса қишлоқ хўжалигининг сердаромад тармоқларидан саналади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги салоҳият ва имкониятларимизни танқидий таҳлил қилиш, холис баҳолаш ҳамда галдаги вазифаларни белгилаб олиш имконини берди.

Асаларичиликни ривожлантириш бир неча муҳим йўналишларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этади. Асаларичилар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тармоқни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ва турини кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, экспортга кенг йўл очиш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш сингари долзарб масалалар шулар жумласидандир.
Қарорда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасини ташкил этиш ҳамда унинг “Апимондия” халқаро асаларичилар уюшмалари федерациясига аъзо бўлиши ҳам назарда тутилган. Аслида бу ўзбек асаларичиларининг азалий орзуси эди. Мазкур нуфузли федерация аъзоси сифатида ўзбек асаларичилари жаҳон асаларичилигидаги янгилик­лар билан танишиш, илғор технологияларни республикамизга олиб келиш ва жорий этиш имкониятига эга бўладилар. Муҳими, бу каби ишлар билан боғлиқ харажатлар ҳамда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмасининг федерацияга кириш ва аъзолик бадаллари тўлови дастлабки уч йил давомида “Алоқа банк” маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Асаларичиликни ривожлантиришда наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуни назарда тутиб, вилоятларда ихтисослашган наслчилик хўжаликларини кўпайтириш, уларда наслдор ва маҳсулдор асалари пакетлари етиштиришни йўлга қўйишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Айни пайтда асаларичилик хўжаликларининг аксарияти кўп йиллар давомида фойдаланилган эски ва яроқсиз ҳолга келиб қолган қутилардан фойдаланмоқда. Қарорда шу каби муаммолар ечими ҳам ўз ифодасини топган. Замонавий технологиялар асосида асалари қутиларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида хориждан сосна, ель ва бошқа сифатли ёғоч материалларини келтириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган. Айни пайтда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси томонидан асаларичилик хўжаликларининг асалари қутилари ва жиҳозларига бўлган талабини қондириш юзасидан таклифлар тайёрланмоқда.
Тармоқнинг озуқа базасини яратиш ва уни мустаҳкамлаш мақсадида ўрмон фондидаги нектарга бой фацелия, янтоқ, ковул, оқкўрай, қизилмия ва индов каби ўсимликлар кўп ўсадиган жойларни аниқлаш ва у ерларга асалари оилаларини жойлаштириш, ўрмон фонди ерларидан бепул фойдаланиш (ўрмон хўжалиги билан ҳамкорликда) юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Қарорда наслдор она асалариларни сунъий уруғлантириш ишларини йўлга қўйиш мақсадида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти базасида “Асаларичилик лабораторияси” ҳамда унинг негизида “Асаларичилик илмий-тажриба станцияси”, “Асалари касалликларига тезкор ташхис қўйиш диагностика лабораторияси”ни  ташкил этиш, уларни зарур жиҳозлар, малакали мутахассис­лар билан таъминлаш ҳам белгиланган.
Албатта, қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун давлат ва бошқарув органлари, корхона ва муассасалар, соҳага дахлдор ҳар бир мутахассис сидқидилдан меҳнат қилиши, фидойилик кўрсатиши лозим.
Қарор асосида республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш юзасидан бир неча муҳим масалаларга ечим топиш лозим деб ўйлаймиз. Соҳани етук ва малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Тимирязов номидаги Москва давлат қишлоқ хўжалиги академияси ҳамда Бошқирдистон Аграр университетлари билан ҳамкорлик қилиш, ўзбек асаларичиларининг Рязань асаларичилик академиясида малака ошириш курс­ларидан ўтишларини таъминлаш ва бу ташаббуслар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши шулар жумласидандир.
Маълумки, асаларилар мевали дарахтлар, пахта, беда, кунгабоқар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари гулини чанглантириш орқали уларнинг ҳосилдорлигини оширади. Демакки, асаричилар ва фермерлар ўртасида ҳамкорлик шартномаларини тузишдан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор. Бундай тажрибалар Европа мамлакатлари, АҚШ, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларда анча йиллардан бери қўллаб келинади.
Тармоқни ривожлантиришда гулширага бой бўлган рапс ва перко сингари ўсимликларни экиш ҳам муҳимдир. Чорва моллари учун озуқабоп бу ўсимликларни буғдой ва жавдардан бўшаган ерларга так­рорий экин сифатида экиш тавсия этилади. Улар эрта баҳорда чорва моллари учун тўйимли озуқа бўлиши билан бирга, асалариларнинг баҳорги ривожланишида жуда зарур бўлган гулшира ва гулчанг манбаи ҳамдир. Шунингдек, буғдойдан бўшаган ерларда кунгабоқар ва гречка каби нектарга бой экинларни экиш ҳам ёз ва куз мавсумида асалари оиласини керакли миқдордаги озуқа билан таъминлайди.
Асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши воситаларни, асалари оиласини кўчириб юриш учун кўчма асалари павильонларини ҳамда енгил автомобиль тортиб юришига мослаштирилган ихчам тиркамаларни мамлакатимизда  ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам муҳимдир.
Асалари маҳсулотлари инсон саломатлигини сақлашда бебаҳо неъмат ҳисобланади. Қолаверса, улардан бир неча турдаги дори-дармон воситаларини тайёрлаш ҳам мумкин. Аён бўладики, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиши зарур бўлган қатор вазифалар мавжуд.
Энг узоқ умр кўрувчи халқлардан бўлган японлар ҳар куни бир қошиқ асал ейишни одатга айлантиришган. Бу бежиз эмас, албатта. Халқимиз дастурхонига экологик тоза ва шифобахш асал маҳсулотларини тортиқ этишда “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиб чиқишимиз ва унда белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминламоғимиз  зарур.

Омон ТЎРАЕВ,
Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти “Асаларичилик лабораторияси” мудири, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.