АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

2_01

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳрида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, Жиззах гарнизони қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши ҳамкорлигида “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Ўзбекистон – мустақил Ватаним, миллий армия – фахрим, ғурурим!” шиори остида ўтказилган тадбирда ҳудуддаги ҳарбий қисмларнинг аскар ва офицерлари, мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаётган аскарларнинг оналари, бурчини бажариш давомида ҳалок бўлган ички ишлар, божхона ходимлари ҳамда ҳарбийларнинг яқинлари иштирок этишди.

Ватан ҳимоячилари куни ва миллий Армиямиз ташкил топганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанада юрт тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва давлатимиз чегараларининг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Шундан сўнг республикамизнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда намунали хизмат қилаётган жиззахлик аскарлар ўз оналарига гулдасталар тақдим этишди. Кутилмаган учрашувдан бошлари осмонга етган оналар ҳарбий хизматни ўташ давомида жанговар шайлик ва хулқ борасида сафдош­ларига ибрат бўлаётган ўғилларига уч кунлик таътил эълон қилинганлигини эшитиб, кўнгиллари қувончдан тўлиб-тошди.
– Набирам Миржалол Умаров ҳозир аскар сифатида Ватан олдидаги бурчини ўтаяпти, – дейди Фориш туманининг Гараша қишлоғида яшовчи Адаш Бобое­ва. – Шукрки, юртимиз тинч, кунларимиз осойишта. Фарзандим ҳақиқий юрт ҳимоячисига айланганлигидан бахтиёрман.
– Муддатли ҳарбий хизматни адо этганимдан сўнг бир гуруҳ сафдошларим билан бирга шартнома асосида хизматни давом эттириш ниятим бор, – дейди аскар Миржалол Умаров. – Ниятим – Ўзбекистони Қуролли Кучларининг офицери бўлиш.
Тадбир давомида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, божхона, ички ишлар ва бошқа соҳа вакилларининг яқин қариндошларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.