«Бу бахтнинг мезони йўқ»

Андижон вилояти

Абдуваҳоб Мирзаев 1993 йилда Қирғизистонда туғилган. Икки ёшида унинг оиласи Хонобод шаҳрига кўчиб келгани боис шу ерда ўқиди, касб-ҳунар эгаллади. Ҳозирда Абдуваҳоб шаҳардаги “Ленс-текстиль инвест” қўшма корхонасида самарали меҳнат қилиб, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекис­тон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонида вилоятда истиқомат қилувчи 15 нафар ҳамюртимиз орасида Абдуваҳоб Мирзаевнинг номи ҳам қайд этилган эди.
Вилоят ҳокимлигида фуқаролик паспортларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, фуқаролик паспорти олганларни табриклади.
– Давлатимиз раҳбарининг инсон манфаатлари, унинг қадр-қимматини улуғлашга қаратилган сиёсати туфайли бугун Ўзбекистон фуқароси, деган шарафли номга сазовор бўлиб турибман, –  дейди Абдуваҳоб. – Келажакда бу номга лойиқ бўлишга бор куч-қудратимни сафарбар этаман.
– Дарҳақиқат, фуқаролик – ҳеч қандай моддий мезон билан ўлчаб бўлмайдиган неъмат, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Маликахон Маҳмудова. – Асли Қирғизис­тонда туғилган бўлсам-да, шахс сифатида Андижонда шаклланиб, ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Олий маълумотли бўлдим. Андижон шаҳридаги 35-ихтисослаштирилган мактабда ишлайман. Бугунги шодиёна менинг ҳаётимда унутилмас воқеа бўлиб қолади.
Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, майор Жаҳонгир Исмоиловнинг маълумот беришича, 2017 йилда вилоятда Президентимиз томонидан имзоланган фармонларга кўра 109 нафар киши фуқаро бўлиш бахтига эришди.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ