Янги лойиҳалар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Тошкент вилояти

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳаётга татбиқ этилаётган йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш баробарида жойларда йиғилиб қолган муаммолар, халқнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлаётган камчилик ва нуқсонларни қаттиқ танқид қилди. Уларни қисқа фурсатларда бартараф этиш борасида мутасадди раҳбарларга вазифалар юклади, шунингдек, вилоятнинг барча соҳаларини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар берди.

Алоҳида эътироф этиш керакки, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги аҳоли каби Тошкент вилояти аҳли ҳам Президентимизнинг ташрифини ўзгача мамнуният билан кутишади. Давлатимиз раҳбари ҳар галги ташрифида оддий одамлар билан дилдан суҳбат қуриб, уларнинг орзу-ўйларини тинглаб,  яшаш шароити билан яқиндан танишмоқда. Қувонарлиси, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар, узоқ вақтдан буён ечимини топмаётган камчиликлар жойида бартараф этилаётир.
Президентимиз вилоятга бу галги ташрифини Зангиота туманидаги “Highway Logistics” логистика марказида амалга оширилган ишлар билан танишишдан бошлади. Шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган бу марказ дунёнинг ривожланган давлатлари илғор тажрибаларини ўзида жамлагани, мамлакатимиз ва хориж тадбиркорларига маҳсулотларини экспорт ва импорт қилишда яқиндан кўмаклашиши билан аҳамиятлидир. Юртимизга кириб келаётган ва хорижга сотилаётган маҳсулотлар учун барча зарурий ҳужжатлар шу ернинг ўзида тайёрланиши экспорт ва импорт билан шуғулланувчи корхона ва компанияларнинг оғирини енгил қилади. Марказ фаолияти билан яқиндан танишган Президентимиз хизмат турларини янада такомиллаштириш, сифатини ошириш борасида таклифлар берди ва бу каби логистика марказлари ҳар бир вилоятда барпо этилиши лозимлигини таъкидлади.
Давлатимиз  раҳбари Янгийўл шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишиш чоғида ҳам асосий эътиборни инсонлар яшаш шароитини янада яхшилаш, озода ва обод ҳудудда, замонавий шароитлар мужассам уйларда истиқомат қилишини таъминлашга қаратди. Шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш дастури, хусусий уй-жойлар мулкдорлари ширкатлари фаолиятини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталди. Жорий йилнинг ўзида шаҳарда ўн иккита кўпқаватли уй-жой барпо этиш, замонавий боғ, бозор, супермаркет ва кўприк қуриш юзасидан берилган топшириқ эса янгийўлликлар кўнглини тоғдек кўтарди. Бундан ташқари, Оққўрғон тумани марказини замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида қайта қуриш, эски бозорни янги жойга кўчириб, унинг ўрнида кўркам боғ барпо этиш, Қибрай ва Зангиота туманларида сув таъминотини ҳамда Чирчиқ шаҳрининг иссиқлик тизимини яхшилаш борасидаги лойиҳалар ҳам давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан янада такомиллаштирилди.
Асосийси, узоқ йиллардан бери таъмирланмагани боис аксарият бинолари эскирган, тиббиёт ускуналари билан таъминланиши замон талабларидан ортда қолган Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси тубдан янгиланиш томон юз бурди. Давлатимиз раҳбари бу ҳудудда яқин келажакда 20 дан ортиқ йўналишда хусусий ҳамда давлат муассасаларини ташкил этиш, уларни энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Бундан ташқари, Президентимиз ташрифи давомида Бекобод туманида агрологистика маркази фаолиятини йўлга қўйиш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, 2018-2019 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда янги иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш, каноп етиштиришни йўлга қўйиш, шолини қайта ишлаш, от заводи мажмуасини барпо этиш каби ўнлаб соҳаларда ҳаётбахш лойиҳалар кўриб чиқилиб, улар ижросига асос солинганлиги воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим силжиш бўлди. Мазкур дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши истиқболда минглаб янги иш ўринлари барпо этилишига, вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари янада яхшиланишига ва асосийси, аҳолининг турмуш даражаси ошишига замин яратади.
Давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида аграр соҳани  ривож­лантиришга оид кенг кўламли лойиҳалар ижросига ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Маълумки, мамлакатимиз қиш­лоқ хўжалик тизимида етиштириладиган хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараённи қамраб олувчи кластер фаолияти кенг йўлга қўйилмоқда. Вилоятнинг 8 та туманида пахта етиштирилишига қарамасдан, ҳеч қайси туманда ҳозирга қадар ушбу маҳсулотни қайта ишлаш йўлга қўйилмаган эди. Пахта толаси шунчаки хомашё сифатида экспорт қилиниб келинарди. Президентимиз ташаббуси билан эндиликда Пскент, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ ва Бўка туманларида  пахта-тўқимачилик  кластер лойиҳаларига асос солинди.
– Аграр соҳада ривожланган барча давлатларда илғор усул сифатида эътироф этилган кластер усули олинаётган даромадни бир неча баробар ошириш, тизимда меҳнат қилаётган пахтакорларнинг меҳнатини енгиллаштириш ва кўп­лаб қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш имконини беради, – дейди Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Ботир Раҳимов. – Давлатимиз раҳбари ўтган галги ташрифида Тошкент вилоятининг эртаси бу – саноатдир, дея таъкидлаган эди. Кластер усулининг маълум соҳада хом­ашё етиштиришдан бошлаб қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан якунланиши айни саноатнинг ўзидир. Шу боис туманимизда Хитой давлатининг “Меком Текстил” компанияси томонидан 2018-2020 йилларда 70 миллион АҚШ долларидан зиёд сармоя эвазига асос солинаётган занжир ҳалқалари каби бир-бирига туташадиган узлуксиз жараённи ўзида жамлаган кластер лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Жами 15 гектар майдонда барпо этилаётган мажмуадаги кўп тармоқли фао­лиятга турли русумдаги агрегатлар, тиркама ва мосламалардан иборат техникалар жалб қилинади. Бу, аввало, барча бўғиндаги асосий ишлар техника зиммасига юкланишини англатади. Дастлабки кезлар ташкил этиладиган 622 та доимий иш ўрни, якуний жараёнда 4 минг нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаш имконини беради.
Мухтасар айтганда, бугун воҳанинг қайси ҳудудида бўлманг, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилини алоҳида кўтаринкилик ҳамда фаоллик билан бошлаган одамларнинг эртанги кунга катта ишонч  билан меҳнат қилаётганига гувоҳ бўласиз.

Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.