МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ СИФАТ ЖИҲАТДАН ЯНГИ БОСҚИЧГА ЧИҚМОҚДА

Сурхондарё вилояти

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, соҳа фаолияти самарадорлигини ошириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.

Қарорга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида синов тариқасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Унга  кўра давлат ва нодавлат болалар мактабгача таълим муассасалари моддий-техник  базасини яратиш  ва мустаҳкамлаш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган бинолар 50 йил муддатга беғараз ажратилади.
Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида ҳам  286 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётир. Уларни молиялаштириш учун 2017 йилда маҳаллий бюджетдан 73 миллиард  384 миллион сўм ажратилди. Ушбу соҳада ёш авлод вакилларини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган 2 минг 500 нафардан ортиқ малакали мутахассис меҳнат қилмоқда.
– Президентимизнинг мазкур қарори юртимизда мактаб­гача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради, – дей­ди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Р.Каттаева. – Соҳа инфратузилмаси ва моддий-техник  базасини тубдан яхшилаш имконини беради. Қувонарлиси шундаки,  қарор билан ушбу тизимдаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйи­ча “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.
Дарвоқе, қарор ижроси дои­расида вилоятда ўтган давр мобайнида 3 та нодавлат мактаб­гача таълим муассасаси фао­лияти йўлга қўйилди. Ана шундай боғчалардан бири Шеробод туманидаги Тароқли  маҳалласи ҳудудида жойлашган “Покиза” номли  1-сон мактабгача таълим муассасасидир. 50 ўринга мўлжалланган мазкур боғчанинг лойиҳа қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Бу ерда болалар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Хоналарнинг эртакнамо безаклари ҳар қандай кичкинтойни ўз бағрига чорлаб, унинг боғча муҳитига тез мослашишига замин яратади. Жонкуяр мураббийлар томонидан ўтказиладиган амалий машғулотлар болажонларнинг тафаккурлари шаклланишига хизмат қилади. Шунингдек, “Болажон таянч дастури” асосида  рус ва инглиз тилларида ўтказилаётган машғулотлар орқали кичкинтойлар тил ўрганишади.
Сирасини айтганда, ушбу масканда ҳар жиҳатдан ўзига хослик мужассамки, бунда мудира ва тарбиячиларнинг хизмати катта.
Нодавлат мактабгача таълим борасида Термиз шаҳри ва Денов туманида ҳам амалий ишларга киришилди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур муассасалар белгиланган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Д.ЖАНГИРОВА