Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш керакми ёки темирдан бет?

“Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш бўлиши керак” деган гапни кўп эшитганмиз. Асл санъат дарғалари бу иборани шунчалик қатъият ва ишонч билан айтишадики, уни эшитган одам машаққат залворини ҳис этгандай бўлади. Санъаткор бўлиш учун, аввало, инсонда Яратган томонидан ато этилган илоҳий неъмат – истеъдод бўлиши керак. Бу “туҳфа” тинимсиз машаққатли меҳнат, доимий изланиш, мақсад сари интилиш туфайлигина бўй кўрсатиши, сайқал топиши мумкин.

Шундагина санъат аталмиш сирли олам сари одимлашга журъат этса, куч топса бўлади. Бу майдонда мунтазам турмоқ эса санъаткордан қалб қўри, меҳр нури ила йўғрилган санъат асарлари яратишни тақозо этади. Зеро, “Тановар”, “Муножот” каби дилни ўртовчи куйлар, жаранги гўё мудроқ руҳга жон бахш этувчи қадим Хоразмнинг бетак­рор лазгиси ёки ҳар ноласи қалбларга ором, юракка ҳаловат бериб, оҳанги кўнгилни маст қилувчи “Сегоҳ”, “Дугоҳ”, “Насруллойи”, “Феруз” каби асрлар давомида ўз қадрини йўқотмай келаётган сувораю мақомларимиз санъатга ихлос қўйган, уни қадрлаган авайлаб-асраган буюк ижодкорларнинг заҳматли меҳнати маҳсули. Эҳтимол, санъатнинг қадимийлиги ҳам, қадри ҳам шундадир. Бироқ бугун ўзини санъаткор, деб атаётган айрим қўшиқчиларнинг ижодини кузата туриб, бугун “санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш” эмас, чидамлироқ, қизармайдиганроқ, яъни темирдан “бет” керак эканми, деймиз. Ҳа, тўғри, айнан “темир бет”. Баъзи ижодкорлар томонидан хиргойи қилинган, техниканинг тенгсиз “маҳорати” натижасида “обдон ишланган асарлар”ни эшитиб, шу хулосага келишингиз аниқ.
Санъат азалдан инсониятни яхшиликка етакловчи буюк куч, қудратли восита сифатида жамиятни тарбиялашга, унинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилиб келган. Қўшиқ орқали одамларда яхши хулқ, дид, савия каби инсоний хусусиятлар шакл­ланган. Биз назарда тутган “намояндалар”нинг қўшиқларида  эса тарбия унсурини топиш у ёқда турсин, асабийлашмасдан эшитиш мумкин эмас. Бундай “асарлар” тингловчининг савиясини, дидини ўтмаслаштиришга хизмат қилмоқда.
Маломат қилмаслигингиз учун мисол келтирамиз. “Мусиқа, мусиқалли, физика физикалли, вивалла видаллави, логика логикали..”, “Бир, икки, уч, танамда қолмади куч, Тўрт, беш, олти, Етти кунга кетди…”, “Севади ёрим мани, Тунлари савол бериб,  Ухлатмай қўяди мани…”, “Мани ёрим манбоп, Қарашлари манбоп, Юриш-туришлари манбоп, Юрагим, борим… Озорим, азобим, беморим, бедорим, касалим, хуморим, Борган сари кундан-кунга, секин-аста ҳузурингга яқинлашиб боравераман, эй ёрим. Кунлар, ҳафта, ойлар, йиллар, соғиниб бемор кўнгиллар, ман бечора ёрингни чорла ёрим,”…  Бу қўшиқлардан бирор маъно англанмайди. Фикрларимни ўқиб, “Сизга ёқмаса, эшитманг, яхши қўшиқлар ҳам бор-ку”, дерсиз. Тўғри, асл санъатни тушуниб, қадрлаб ижод қилаётганлар кам эмас. Ҳамма ёқда, ҳатто автобусда ҳам шу каби қўшиқлар жаранглаб турса, эшитмай қулоғингни қаёққа яширасан? “Ну погоди Заяц, Уйга кириб чой ич”, “Кийдим клёш-клёш, чўнтак бўш-бўш” деган жумлаларни зўр бериб такрорлаётган жажжи болажонлар кимдан ўрганяпти бундай шеърларни?  Ахир шеър сўзга сайқал бериш санъати эмасми? Ҳар қандай ҳолатни, қалб туғёнини, юрак ноласини, дил изҳорини маҳорат билан сўзга кўчириб, гўзал тасвирларда, латиф лутфларда, нозик такаллуфларда ифода этиш санъати-ку бу! Лекин айрим қўшиқларга ёзилган сўзларни тинглаб, чиройли ифода у ёқда турсин, мазмун ҳам топа олмайсиз. Мана сизга ана шундай “ноёб” иқтидор эгалари қаламидан  тўкилган жумлалар: “Сен, сен, сен, сеньорина, Сенга бўлай мен ёрина, Қора қошингга тушди кўзим, Ошиқ бўлай, о Зулфия! Тураман эрта, яшийман шетта, Саламандра ботинкам. Роналду, Месси, ичаман пепси, Шу болладан қатим кам”.
Кўплаб қўшиқчилар орасида шеърларни буюртма асосида ёздириш урф бўлган. Чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, юқоридаги қуруқ гап қоришмалари ҳам “буюртма илҳом” маҳсули эканига шубҳа йўқ. Хўш, бундай аянчли ҳолатда кимни айблаймиз? “Санъат­кор” деган ном остида ўз бизнесини йўлга қўяётган “уддабуронлар”ними ёки ижод эркинлигини пеш қилиб, қуруқ жумлаларни бир-бирига қориштираётган сохта шоирларними? Ёки шуларни санъат асари, деб ҳазм қилаётганларга бепарво қараётган бизу сизними?

Инобат МАТЁҚУБОВА