Халқ мулкига хиёнат кечирилмайди

Сирдарё вилояти

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими томонидан Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов-интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш борасида шаҳар ҳудудида мунтазам равишда мониторинглар ўтказиб борилмоқда.

Жумладан, 2017 йилнинг декабригача  шаҳар ҳудудида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари юзасидан тегишли тартибда 118 та маъмурий иш қўзғатилди. Бунинг натижасида аниқланган 248417,3 минг сўмлик моддий зарарнинг 122561,6 минг сўми ундирилди. 116 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, улардан 43651,7 минг сўм, истеъмолчиларнинг энергия ресурслари тармоқларига қайта улангани учун 53106,6 миллион сўм жарима ундирилди. Шунингдек, бу йўналишда содир этилган қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилди.
Хусусан, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган “Олмалиқмахсусмонтаж” МЧЖнинг Дўстлик канали ёқасида жойлашган вақтинчалик идорасида энергия ресурслари истеъмолининг қонунийлиги текширилганда, электрон электр ҳисоблагичдан ташқари электр тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди. Текширув натижасида “Олмалиқмахсусмонтаж” МЧЖ раҳбари Б.Суванов Гулистон шаҳар электр таъминоти корхонаси манфаатларига 21,480,428 сўм 88 тийин зарар етказганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Етказилган зарар тўлиқ ундирилди.
Мевазор маҳалласида жойлашган озиқ-овқат дўконида энергия ресурслари истеъмоли текширилганда ҳам бир қатор қонунбузилишлар аниқланди.  Натижада дўкон эгаси Р.Дўсматовга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди.
Шу билан бирга, бурчига, давлат ва жамият ҳақига хиёнат қилаётган баъзи нопок назоратчилар ҳам учраб турганини эшитганимизда, шоли курмаксиз бўлмайди, деган нақл ёдимизга тушади. Албатта, бундай кимсаларга нисбатан қатъий жазолар кўриляпти. Масалан, “Гулистон шаҳар электр таъминоти” корхонасида элек- тромонтёр назоратчиси вазифасида ишлаган Қ.Умаров хизмат мавқеидан фойдаланиб, Намуна маҳалласида яшовчи Д.Куранова хонадонида вужуд­га келган қарздорликни ёпиб бериш эвазига “яхшилик” қилади. Унга санаси қайд этилмаган, рақамсиз “Аҳоли истеъмолчисининг қарздорлигини хатловдан ўтказиш бўйича далолатнома”ни тақдим этиб, 1 365 000 сўм пул ва 500 000 сўмлик мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. Мўмайгина пулларни эса албатта кассага эмас, киссасига тиқиб, эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилмоқда.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ихтиёрий ижро этилиши, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши юзасидан истеъмолчиларнинг маданиятини юксалтириш бўйи­ча комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Шунга асосан оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш, уларни фаолиятимиз натижалари тўғрисида хабардор этиш, тегишли тартибда тадбирлар ўтказишга  катта  эътибор  қаратяпмиз.

Баҳодир БАЙЗАҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Гулистон шаҳар бўлими бошлиғи.