Момиқ қуёнлардан мўмай даромад

Сирдарё вилояти

“Микрокредитбанк” Сирдарё филиали томонидан ёш тадбиркор Элдор Шерқўзиевга 2016 йилда 300 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилганди. Натижада Мирзаобод тумани “Оқ олтин” СИУ ҳудудида “Сирдарё момиқ қуёнлари” агрофирмаси ташкил этилди.

Ажратилган сармоя эвазига бу ерда қуёнхона қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, қуёнлар учун озуқа етиштириш мақсадида агрофирмага 2 та “МТЗ-80” русумли трактор, 1 та “КИР-1,5” беда ўриш агрегати ва тиркама сотиб олинди. Туман ҳокимлиги озуқа экинлари етиштириш учун 15 гектар ер ажратди. 5 гектар ерда беда, яна шунча майдонда маккажўхори етиштирилиб, қуёнлар мўл озуқа билан таъминланмоқда.
Италиядан 100 бош “Оқ великан” зотли қуён келтирилди. Улар сони ўтган давр ичида 5000 тадан ошди. Ҳар бир она қуён бир йилда 5-6 марта 6-7 тадан болалаши ҳисобга олинса, соҳанинг жуда сердаромад эканлиги ойдинлашади. Боз устига, унинг гўшти хушхўр бўлиши баробарида парҳезбоп таом саналади. Агрофирмада боқилаётган қуёнлар уч ойда 4,5-5 килограммгача семир­япти ва етилганлари бозорга чиқарил­япти. Бундан ташқари, агрофирма жамоаси ўтган давр­да республикамизда янги ташкил этилаётган қуёнчилик фермаларига 3000 дан зиёд зотли қуён етказиб берди.
Вилоятда белгиланган дас­тур асосида шу йилнинг ўзида ёш тадбиркорлар томонидан 10 дан ошиқ янги қуёнчилик фермалари ташкил этилди. Янгитдан фаолият бошлаган ёш тадбиркорларни ҳам “Сирдарё момиқ қуёнлари” агрофирмаси зотли қуёнлар билан таъминлади.
– Қуёнларнинг тез кўпайи­шини ҳисобга олиб, бу ерда озуқа цехини ҳам ишга туширдик, – дейди “Сирдарё момиқ қуёнлари” агрофирмаси иш бошқарувчиси Равшан Шерқўзиев. – Эндиликда парҳез гўшт сақланадиган музхона қурилишини поёнига етказяпмиз. Яна ҳам аҳамиятлиси, банкдан олган 300 миллион сўм кредитни бир йилдаёқ тўладик. Шунинг ўзиёқ қуёнчилик сердаромад соҳа эканидан далолат беради. Ҳаракатларимиз самарасида ўн нафардан ошиқ коллеж битирувчиси доимий иш ўрнига эга бўлди.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.