Оқдарёда “суюқ олтин” етиштирилмоқда

Самарқанд вилояти

Зайтун инсон саломатлигини асрашда жуда самаралидир. Унинг ёғи кимёвий таркиби жиҳатидан она сути таркибидаги мойга яқин туради. Греция, Италия, Испания каби йирик давлатлар энг катта даромадни айнан зайтун мойидан олганликлари учун ҳам уни “суюқ олтин” дейишади.

Мана шундай хазинани юртимизда етиштириш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, Оқдарё туманида зай­тунзор ташкил этиш ишлари қизғин кечмоқда.
– Ноёб ўсимликларни кўпайтиришга қизиққаним учун 2015 йили ўз ҳисобимиздан Туркиядан 140 дона зайтун кўчати олиб келиб, хўжалигимиздаги 80 сотих майдонга экдик, – дейди “Оқдарё Машраббек” фермер хўжалиги раҳбари Мавлуда Ашурова. – Зайтун дарахти 4-5 йилда ҳосилга киради. Олтинчи йилга бориб, ҳар бир кўчат 90 килограммгача ҳосил бериб, ундан 30-35 литргача қимматбаҳо ёғ олиш мумкин. Икки йил давомида мутахассислар тавсияси асосида керакли озиқлантирувчи дорилар бердик. Зайтун парвариши жуда нозик экан. Бу дарахт 10 даражадан паст совуқ ва 40 даражадан ортиқ иссиққа чидамсиз. Шунинг учун ўтган йили ёз чилласида кўчатларимизнинг катта қисми қуриб қолди. Шундай бўлса-да, барча имкониятни ишга солдик. Хориждан керакли дориларни келтирдик. Натижада 90 туп кўчатни асраб қолдик. Улар ҳозир бошқатдан янги ниҳоллар чиқариб, яхши ривож­ланяпти, фақат ҳосил бериш даври бироз кечикди. Қолаверса, зайтунни суғоришда юмшоқ оқар сувдан фойдаланиш талаб этиларкан. Хўжалигимиз ҳудудида табиий оқар сув йўқлиги учун артезиан сувидан фойдаланяпмиз. Бу эса кўчатлар ривожини бироз ортга сурмоқда.
Зайтун кўчатлар ҳосилга киргунга қадар қатор ораларига сабзавот ва такрорий экинлар экилади. Табиийки, суғориш сабзавот ва мевага ҳам бирдек таъсир қилади. Зайтунларни қиш чилласида совуқдан асраш учун кўчатлар полиэтилен плёнка ва бошқа шунга ўхшаш жиҳозлар билан ўралади. Кўчатлар тўлиқ иқлимга мослашиб олмагунча алоҳида парвариш лозим. Шу боис зайтунни парваришлаш технологиясини ўзлаштириш учун фарзандларимни Туркия­даги зайтунчилик хўжалигига тажриба оширишга юбордим. Бундан ташқари, келгуси йили Хитойдан ўриб олинадиган тут навларини келтиришни ҳам мўлжаллаяпмиз.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист.