Далалар чилла сувига қонмоқда

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Фарғона вилояти

Фарғоналик ирригаторлар шўр ювиш, ерларни яхоб сувига қондириш, суғориш тармоқларини тозалаш ва улардаги иншоотларни таъмирлаш ишларини жадаллик билан олиб бормоқдалар.

– Тизимдаги барча мутахассислар, ишчи ва хизматчилар қиш фаслини қизғин иш фасли, деб билиб, ғайрат билан меҳнат қилишмоқда, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи, Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор Аъзамжон Раҳматиллаев. – Шу ой охиригача вилоятимиздаги 2871 та фермер хўжалигига қарашли 55 минг 397 гектар ерда биринчи ва айрим ерларда иккинчи марта шўр ювиш ишларини бажариш режалаштирилган. Ҳозирги кунда чел олинган майдонларда шўр ювиш ишлари ўз вақтида бажарилмоқда. 12 та туманда, 82 та сув истеъмолчилари уюшмаларида суғориш штаблари ҳамда 98 та суғориш отр­ядлари тузилган бўлиб, уларда 2760 нафар сув хўжалиги ва сув истеъмолчилари уюшмалари ходимлари, 5 минг нафардан ортиқ фермер хўжаликлари сувчилари фаол иштирок этишмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаб­буси билан чел олиш ва шўр ювиш тадбирларида сидқидилдан меҳнат қилаётганларнинг 3 минг нафарига қишки кийимлар, этиклар тарқатилди. Айтиш жоизки, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Вилоятнинг ҳудудлар бўйича ер ҳолати, мелиоратив таркиби ҳисобга олиниб, ҳудудлар бўйича қиш мавсумида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди. Ирригация-­мелиорация тадбирлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, амалий семинарлар ўтказилди. Тизим ва тармоқлар раҳбарлари, мутахассислар, мироблар иштирок этган тадбирларда чел олиш, ерни шўр ювишга тайёрлаш, шўр ювиш, хўжаликлараро ва хўжалик ички ариқларини тозалаш, “шарбат ҳовузлари”ни ҳозирлаш, сув олиш “қулоқ”ларини жиҳозлаш, сув иншоотлари ва насос агрегатларини таъмирлаш каби юмушлар бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ўтказилди.
Ҳозиргача 40 минг гектардан кўпроқ экин майдонларида шўр ювиш ишлари бажарилди. Бу белгиланган режа қарийб 78 фоизга уддаланганини кўрсатади. Вилоят мелиорация экспедицияси раҳбари ўринбосари Комилжон Ўринбоевнинг айтишича, айни пайтда туманларда шўр ювиш ишларини сифатли якунлаш билан бирга ирригация бўлимлари, насос станциялари, каналлар, ариқ ва зовур бўйларида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар, ёрдамчи хўжаликлар барпо этиш ишлари ҳам жадаллик билан давом эттириляпти.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.