Улуғ ният билан юксак марралар сари

Навоий вилояти

Одатда йил бошида ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади, келгусидаги режалар белгилаб олинади. Вилоятда ўтган 2017 йилда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари доирасида улкан ишлар амалга оширилди, салмоқли марралар забт этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиб, Навоий кон-металлургия комбинати давлат корхонасида 2017-2026 йилларда 27 та лойиҳани амалга ошириш бўйича муҳим қадамлар ташланди.
Айниқса, Президентимизнинг вилоятга қилган ташрифи чоғида Навоий кон-металлургия комбинати тизимида Ауминзо-Амантой олтин конлари негизида 5-гидрометаллургия заводи қурилишига тамал тоши қўйилгани вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Шунингдек, келгусида “Навоийазот” корхонасида қиймати 1,7 миллиард АҚШ доллари бўлган 3 та лойиҳа босқичма-босқич равишда амалиётга татбиқ этилади. “Навоий иссиқлик электр станцияси” корхонасида қурилаётган лойиҳа қиймати 547,2 миллион долларлик қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси жорий йилда фаолият бош­лайди.
Бундан ташқари, 2019-2021 йилларда яна бир 450 МВт қувватга эга учинчи буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
“Навоий” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгандан буён жами 161 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, уларнинг 35,4 фоизга яқини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Бугунги кунда ҳудудда 22 та корхона самарали фаолият юритмоқда. Улар томонидан 150 дан ортиқ турдаги экспортбоп, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Мазкур зонада 2017 йил давомида 10,9 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Амалга оширилган ишлар натижасида 285 та янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда эса яна 5 та лойиҳани амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Ўтган йилда вилоят бўйи­ча ҳудудий корхоналар томонидан 26,4 миллион АҚШ долларилик саноат маҳсулотлари ва 16,5 миллион АҚШ долларилик мева-сабзавот экспорти амалга оширилди. Бунда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йил давомида туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ҳамда оилавий поликлиникаларга 1 миллиард 167 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар келтирилиб, 23 та тез тиббий ёрдам автомашинаси тизимдаги муассасалар ихтиё­рига топширилди. Вилоят­да қисқа вақт ичида 147 та қишлоқ врачлик пункт­лари негизида 34 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди. Соҳадаги бу янгиликлар саломатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Фуқароларимизнинг кўп йиллик орзуси бўлган уй-жой билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ҳал қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, шаҳарларда арзон кўпқаватли уйларни қуриш дастурига асосан 2017-2020 йилларда Навоий шаҳрида 1218 хонадонли 29 та уй қурилиши белгиланган. Ўтган йилда  5 та 7 қаватли турар жой биноларининг фойдаланишга топширилиши натижасида вилоятдаги 210 та оила янги йил байрамини янги хонадонларда кутиб олишди.
Эътиборлиси, навоий­лик­лар янги йилни ҳам ўзгача шижоат, кўтаринки кайфият билан янги меҳнат зафарларини кўзлаган ҳолда бошлашди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.