Ёрқишлоқликларга омад ҳамиша ёр

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Андижон вилояти

Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқ вилоятнинг жанубий нуқталаридан бирида жойлашган. Ушбу гўшадан Олой тоғи яққол кўриниб туради. Тоғ этагидан бошланадиган Оқбўрасой қишлоқ оралаб оқади. Шу боис қишлоқнинг табиати тамомила ўзгача. Айниқса, ёзда шовуллаган боғлар, ишкомларда олтин рангга кирган узумлар сизни беихтиёр ўзига ром этади. Уларнинг харидори шу қадар кўпки, ҳатто олдиндан ўзаро аҳдлашиб қўйишади. Давраларда қишлоқ аҳлининг деҳқончилик ҳамда боғдорчиликда эришаётган ютуқлари кўп бор тилга олинади. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, ҳар донаси бармоқдек келадиган турфа хил узумлар ёз бошигача анъанавий усулда сақланади.

Бугун Ёрқишлоқ янада чирой очмоқда. Наинки қишлоқ маркази, барча кўчалари обод, йўл бўйларидаги гўзаллик қишлоқ табиатига уйғунлашиб кетган. Фермерлик ҳаракати эса қишлоқда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада мустаҳкамлашга асос бўлмоқда. Фермерларнинг ғайрат-шижоати боис зироатчиликнинг барча турларида юксалиш кўзга ташланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами арафасида Ёрқиш­лоқ массиви раҳбари, “Обод водий соҳибкори” фермер хўжалиги раҳбари Маҳмуджон Тўхтасинов Президентимиз фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.
Маҳмуджоннинг отаси бир умр хўжаликда техника соҳасида меҳнат қилган. Ота касбига ҳавас қилган Маҳмуджон қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича олий таълим олди. Қишлоққа муҳандис дипломи билан қайтган  Маҳмуджон Тўхтасинов 1984 йилдан буён камтарона меҳнати билан элда обрў-эътибор топиб келмоқда.
Ўн йилдан зиёддирки, қаҳрамонимиз қишлоқ фермерларининг етакчиси. Фермерларнинг бошини қовуштириш ва шу орқали Ёрқиш­лоқ шуҳратига шуҳрат қўшиш йўлида меҳнат қилиб келаётир. Якунланган 2017 йилда Ёрқишлоқда ғалла, пахта ҳар қачонгидан-да мўл бўлди. Қобилжон Қўзиев номли, “Чашма гулчирой файзи”, “Табаррук замин инъоми” “Саховатли миришкор ҳосили”, “Миржаҳон Аслиддин даласи”, “Қосимбек Қўлдошев даласи” каби фермер хўжаликларида шартномага нисбатан 16-27 тоннагача қўшимча юқори сифатли пахта ҳосили тайёрланди. Маҳмуджон Тўхтасиновга қарашли фермер хўжалигида ҳам ҳосилдорлик салкам 40 центнерни ташкил этди. Массив бўйича қўшимча тайёрланган пахта миқдори 200 тонна атрофида бўлди. Худди шундай натижа ғаллачиликда ҳам қайд этилгандики, шубҳасиз, бунда қишлоқ фермерларининг сардори Маҳмуджон Тўхтасиновнинг хизматлари бор.
Юқорида қишлоқдан сой оқиб ўтишини зикр этгандик. Тоғ чўққиларидан тўйинадиган Оқбўрасой доим ҳам деҳқонларни хурсанд қилавермайди. Қачонки, тоққа қор мўлроқ тушса, ўшанда ҳам сувнинг келиши июль ойида, айни экинлар ёз чилласида кўпроқ чанқайдиган паллада кес­кин камайиб кетади. Бир ҳовуч сувнинг қадри ўша дамларда янада ортади. Эҳтиёт чораси сифатида “Савай” каналидан сув оладиган насос станцияси қурилган. Мазкур иншоотдан бир вақтнинг ўзида “Ўзбекистон 5 йиллиги”, “Бештол” массивлари ҳам фойдаланади. Ҳозирда ушбу насос станцияси эскириб бўлди. Фермерларнинг орзуси ана шу насос станциясининг янгиланиши билан ҳамоҳанг десак, тўғри бўлади.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясига ташрифи давомида Жаҳон банки раҳба­рияти билан ўтказган музокаралари самарасида “Савай-Оқбурасой” ирригация тизими бошқармасига қарашли каналлар, ариқлар, гидроиншоотлар, чунончи, “Савай” насос станцияси ҳам қайта қурилади. Яқинда Жаҳон банки экспертлари ишчи гуруҳи Ёрқишлоқда бўлишди. Тез кунларда Жаҳон банки кредити кўмагида ишлар бош­лаб юборилади.
– Сув таъминоти борасида қийин­чиликлар борлиги сабабли айрим йилларда кўзланган ҳосилни олиш оғир кечади, – дейди фахрий ирригатор Юсуфжон ота Сотволдиев. – Бизнинг бу борадаги ниятимиз ижобат бўладиган кунлар яқин эканлигидан хурсанд­миз. Ушбу масаланинг ечими билан боғлиқ ташкилий ишлар бораётганлиги ёшу қарини бирдек қувонтирмоқда. Бу ишнинг бошида турган Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. Сув етиб борган жойда ҳаёт қайнайди. Қиш­лоғимиз аҳли ернинг ҳар қаричини эъзозлайди. Сув бўлса, билингки, қиш­лоғимиз довруғини оширишга қодир зироатчилик янада юқори поғоналарга кўтарилади.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.