Ҳайратлар ўлкасига саёҳат

4_01

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигига 25 йилдан ошди. Чорак аср давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар муттасил ривожланиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил май ойида Хитой Халқ Республикасига ташрифидан сўнг ўзаро манфаатли алоқалар янада равнақ топмоқда. Янги йил арафасида ушбу мамлакатга уюштирилган медиатур даврида буни янада чуқур ҳис этдик.

Чин давлати, унинг бой тарихи, тиниб-тинчимас халқи  ҳақида кўп ўқиганмиз. Тарихий обидаларини, замонавий шаҳарларини телевизорда томоша қилиб, ҳайратга тушганмиз. Уларни ўз кўзимиз билан кўриш орзу эди. Шукрки, истиқлол боис ниятимизга етяпмиз. Сафар олдидан медиатур гуруҳининг ҳар бир аъзоси қалбини ана шундай ўй-хаёллар чулғаб олганди…
Самолёт тонгда Пекин, хитойликлар тилида Бейжинг осмонида пастлади. Нигоҳимиз  ранго-ранг чироқлар ёғдусида порлаб турган улкан мегаполис, осмонўпар бинолар, турнақатор автомобилларга тушди.
Сафарнинг биринчи куни ғоят ҳаяжонли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Кўпқаватли тижорат марказида Ўзбекистон-Хитой бизнес форумида иштирок этдик. Тадбирда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик доираси кенгайиб бораётганлиги таъкидланди. Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, имкониятлари, айниқса, туризм соҳасини ривожлантириш учун ғоят мақбул инфратузилмалари ҳақида маълумот берилди. Хитой оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимизнинг бой имкониятларига ғоят катта қизиқиш билдириб, кўп­лаб саволларга жавоблар олишди. Тадбир якунида етти нафар ўзбекис­тонлик тадбиркор хитойлик ишбилармонлар билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзолади.
– Хитойнинг “Green international trade co limited” компанияси билан  1 миллион АҚШ доллари  қийматида қуруқ меваларни етказиб бериш юзасидан келишувга эришдик, – дейди Сирдарё вилоятидаги “Баҳромжон нур савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Тошматов. – Серқуёш юртимида етиштирилган бодом ва майизга хитойликлардан буюртма олдик. Шу билан бирга мош ва ловия экспорт қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик таълим соҳасида ҳам кенгаймоқда, – дейди суҳбатимизга қўшилган Пекин кимё технологияси университети докторанти Элмурод Эгамбердиев. – Хитой олийгоҳларида ўнлаб ёшларимиз таълим олишмоқда. Мен бу ерда базальт толаси ҳамда топинамбур ўсимлигидан олинган целлюлозадан қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини яратиш устида изланмоқдаман.
Бизнес форум доирасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида 33 миллион долларлик  битимлар имзоланди. Булар инвестициявий лойиҳалар, экспорт-импорт шартномалари, туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги келишувлардир.
Бизнес форумда Ўзбекистон-Хитой иқтисодий муносабатларида “Huawei” компанияси алоҳида ўрин эгаллаши хусусида фикр билдирилиб, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини яратиш ва такомиллаштиришда жонбозлик қилаётган мазкур компания Ўзбекис­тонда самарали иш олиб бораётганлиги эътироф этилди.
Сафаримизнинг иккинчи куни телекоммуникация ва ахборот-коммуникацион ечимлар бўйича дунё­да етакчилар қаторида бораётган компаниянинг Пекин атрофида жойлашган тест лабораторияси фаолияти билан танишдик. Мазкур илмий-тадқиқот масканида компания бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва мобил қурилмалар, телекоммуникация тизимлари турли шароитларда  синаб кўрилар экан. Жумладан, бирйўла минглаб смартфонлар дастурий синовдан ўтказиляпти. Уларнинг турли таъсирларга, яъни ҳар хил баландликлардан тушиб кетиши ёки зарбага бардошлилиги ва бошқа жиҳатларга чидамлилиги такрор текшириб борилмоқда. Антенналарнинг сифат кўрсаткичлари ҳам ўрганилмоқда. Шу тариқа мураккаб текширувлар смартфон ва бошқа маҳсулотларнинг жаҳон базоридаги сифат кўрсаткичларининг кафолатланишига асос бўларкан.
Кейинги кун эса келажак шаҳри, дея эътироф этилган Шеньчжен сари парвоз қилдик. Денгиз соҳилидаги бу мўъжизавий шаҳарга кундузи етиб борганимиз боис унинг кўркам қиёфасини фалакдан туриб томоша қилдик. Бири бирига ўхшамайдиган бетакрор, осмонўпар бинолар ям-яшил дов-дарахтлар, чаман бўлиб очилган гуллар билан қуршаб олинганди гўё. Ана, ўхшаши йўқ, бағоят гўзал манзаралар… Соҳилга туташ ҳудудлардаги мафтункорликни таърифлаш эса ғоят қийин эди.
Хитойга сафаримиз дастуридан бежиз Шеньчжен ўрин олмаганди. Чунки дунёга машҳур “Huawei” компаниясининг бош қароргоҳи шу шаҳарда жойлашган. Компанияга асос солинган кундан ҳозирга қадар эришилган ютуқларнинг ғояси шу заминда яратилиб, амалиётга жорий қилинган.
Бизни бош офисда компания менежерлари мамнуният билан кутиб олишди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашувлар чоғида компаниянинг ўтмиши, бугуни ва эртаси билан таништиришди. Замонавий ахборот-коммуникация­лар бозорида компания бренди эришаётган юксак натижаларнинг омили инновацион ғоялар ва энг илғор технологияларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилаётганлигида эканлиги амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳалар тақдимотида ўз ифодасини топди.
Ҳамжиҳатликдаги астойдил ҳаракат, тинимсиз изланиш  ва жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш компанияда ишловчи 170 мингдан зиёд ходимнинг муштарак мақсадига айланган.
Энг муҳими, компания йиллик даромадининг 10-15 фоизи илмий-тадқиқот йўналишига сарфланар экан. Дунёнинг 16 мамлакатидаги илмий марказларда “Huawei” маҳсулотларини такомиллаштириш учун янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Компаниянинг телекоммуникациялар кўргазмаси намойиш этиладиган муҳташам залига саёҳат гуруҳимиз аъзоларини таажжубга солди. Чунки янги аср технология­лари нималарга қодиру, илмий изланишлар қандай ажабтовур самаралар бераётганлиги афсонавий ишланмаларда яққол намоён бўлганди. “Ақлли уй”, “Ақлли тиб­биёт”, рақамли операциялар трансформацияси ва бошқа ишланмалар “Ақлли шаҳар” концепциясида бир тизимга бирлашади.
“Хавфсиз шаҳар” лойиҳасидан  тортиб замонавий телекоммуникациялар тизими, нефть-газ комплекси, электр энергияси таъминоти, коммунал соҳалар фао­лияти видеоназорати, йўл  ҳаракати хавфсизлиги кузатуви ва бошқа  ўнлаб ишланмалар, энг янги алоқа воситалари эътиборимизга ҳавола этилди.
Шу ўринда хитойлик кашфиётчиларнинг ҳозирги замон телевизион тиббиётини шакллантириш борасидаги изланишлари ҳам диққатимизни тортди. Таъкидлашларича, яратилган қурилмалар воситасида масофадан туриб бемор билан мулоқот қилиш, касаллик­ларни аниқлаш ва ташхис қўйиш, даволаш юзасидан маслаҳатлар бериш мумкин. Бундан ташқари жарроҳлик амалиётларини ва бошқа тиббий жараёнларни видеоконференция тизими ёрдамида тўғридан-тўғри талабалар таҳсил олаётган ёки шифокорлар малакасини ошираётган масканларга узатиш имкониятлари яратилган.
Кўргазма билан танишиб бўлгач, автомашинада Дуанган шаҳри сари йўл олган пайтимизда мамлакатимизда улкан тарихий воқеа – Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси  тақдим этилгани ва 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилганлиги ҳақидаги хушхабарни олқишлар билан кутиб олдик. Чунки,  эркин тадбиркорлик шароитида инновацион ғоялар ва замонавий технологиялар рағбатлантирилаётганлиги  биргина “Huawei” тимсолида қанчалар беқиёс самаралар бераётганлигига ҳозиргина амин бўлгандик.
Мурожаатномада Ватанимиз равнақи, унинг тараққиётини янада жадаллаштиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилибди. Уларни амалга оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини дилдан ҳис этдик.
Дуанганда янги аср технологиялари татбиқ этилган, мукаммал инновациялар ишлаб чиқаришга жорий қилинган корхона фаолияти билан танишдик. Бу ердаги ишлаб чиқариш қувватларининг сермаҳсуллиги, автоматлаштирилганлиги чиндан ҳам ҳавас қилса арзийдиган даражада. Тайёрланаётган смартфонларда энг янги инновацион ғоя­лар мужассамлашган.
Сафар якунида “Huawei” компаниясининг Шеньчжендаги қароргоҳи ташқи алоқалар бўлими вице-президенти Уолтер Женнингс бизни қабул қилди. Мулоқот ғоят қизиқарли тусда ўтди. Жаноб Женнингс компаниянинг истиқболдаги режалари хусусида сўзлаб берди. Жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик доираси янада кенгайиб бораётганлигидан мамнунлигини айтди.
– Ўзбекистон биз учун энг ишонч­ли ва самарали ҳамкор, – деди Уол­тер Женнингс. – Мамлакатингизда ўнлаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. “Huawei” Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтириш учун интиляпти. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ­Шавкат ­Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида имзоланган шартномага мувофиқ барча йўналишлар бўйича изчил ишлар олиб борил­япти.
Сафар дастуридан туристик йўналишлар, турли-туман маданий тадбирлар ҳам ўрин олганди. Шеньч­жендаги миллий боғнинг таровати бизни лол қолдирди.  Миллий рақс театрининг замонавий технологиялар воситасидаги ажаб­товур чиқишларини завқу шавқ билан томоша қилдик. Энг эсда қоларли саёҳат тоғлараро ўтган, кўҳна Чин меъморчилигининг улкан ва ноёб намунаси – Буюк Хитой девори мажмуасида кечди. Бу ҳақда соатлаб гапириш мумкин. Бугунги кунда мазкур тарихий иншоот Хитойга келаётган минг-минглаб саёҳатчиларнинг  таассуротларга бой зиё­ратгоҳларидан бирига айланган.
Ҳайратлар ўлкасига саёҳат чиндан ҳам самарали якунланди. Дунё кўриш инсон тафаккурини бойитишда муҳим аҳамият касб этишини яна бир карра дилдан ҳис этдик.

Абдулла ҒОЗИЕВ