ЮРТ РАВНАҚИ, ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИГА МУНОСИБ ҲИССА ҚЎШАЙЛИК

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимда иштирок этган аграр соҳа вакилларининг республикамиз миришкор деҳқонлари, фермерлари ва соҳа ходимларига

М У Р О Ж А А Т И

Қадрли ҳамкасблар, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган миришкорлар!
Мамлакатимиз тарихида илк бор Президентимизнинг шахсан ташаббуси билан барчамиз Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини катта тантаналар ва кўтаринкилик билан нишонладик. Пойтахтимиздан бошлаб, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларигача шоду хуррамлик билан “Ҳосил байрами” бўлиб ўтди. Деҳқону боғбонлар, чорвадору мироблар, хуллас, аграр соҳанинг барча меҳнаткашларига юксак иззат-икромлар кўрсатилди. Бундай шараф ҳаммамизнинг кўнглимизга фахр-ифтихор бағишлайди, албатта.
Зеро, тинч-осуда юртга, дастурхони тўкин-сочин элга байрамлар, шодиёналар ярашади. Ҳолбуки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қиш­лоқ хўжалиги ташкилоти − ФАО маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 800 миллиондан кўпроғи тўйиб овқатланмай, оч-наҳор ҳаёт кечирмоқда. Сайёрамизнинг турли бурчакларида бўлаётган ўзаро урушлар, юз бераётган табиий офатлар ҳам минг-минглаб одамлар қисматини аянчли аҳволга солмоқда. Ана шулар ҳақида ўйлар эканмиз, фаровон юртда яшаётганимиздан шукроналар қиламиз, эл-юрт равнақи йўлидаги камтарона меҳнатимиздан фахрланамиз.
Қишлоқ хўжалиги ходимларини, айниқса, фермерлик ҳаракатини Президентимиз ҳамиша қўллаб-қувватлаб келганлар. Бир пайтлар бу соҳанинг келажагига шубҳа билан қараган айрим одамларнинг фикрига қарамасдан, қатъий туриб, қанчалик қийин бўлмасин, фермерлик фаолиятини ҳимоя қилиб, уларга ишонч билдирганлигининг меваси сифатида фермерлик ҳаракати иқтисодиётнинг етакчи бўғинига айланди.

Азиз дўстлар!
Давлатимиз раҳбари Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағиш­ланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчалик тотли ва ширин эканлигини барчамиз яхши биламиз. Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мус­таҳкам таянчи десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди”, деган сўзлари орқали бизга нисбатан ўзининг чексиз ҳурмат ва эҳтироми билан кўнглимизни тоғ қадар юксалтирган бўлса, келгусида олдимизда турган долзарб вазифалар ва уларни амалга ошириш йўллари, фаолиятимиздаги хато ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари хусусидаги дастурий топшириқлари эса биз,  соҳа ходимларини янги марраларга ундовчи даъват бўлди.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бизнинг муаммоларимизни ҳеч ким четдан келиб ҳал қилиб бермайди, хато ва камчилик­ларимизни кўрсатмайди.
Шунинг учун ўз фаолиятимизни танқидий-таҳлилий равишда қайта кўриб чиқиб, нуқсон ва камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, ишга солинмаган имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини кўрмоғимиз керак.
Азалдан ота-боболаримиз ерни, сувни қадрлаб келганки, бу хислат халқимиз қон-қонига сингиб, миллий қадрият даражасига кўтарилган. Лекин аждодларимиз йиллар давомида иззат-икром кўрмай, юрагида армон ва ситамлар билан яшаб ўтдилар. Чунки асл деҳқон бўлса-да, уларга ерга эгалик қилиш ҳуқуқи берилмай келди.
Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз йил давомида заҳмат чекиб, ҳосил етиштириб косаси оқармаган. Истиқлолгача деҳқонларимиз асосан пахта етиштиришга мажбур этилди. Кечаю кундуз меҳнат қилиб, рағбат ўрнига туҳматга қолиб, “пахта иши” деган сохта айб­лов билан қийноққа солинган ва жазоланган.
Пахта ва ғалла асосий экин сифатида қолаверди. Уларнинг ўрнида қисман бўлса-да сердаромад экинлар экишга жазм этмадик. Бу ҳол бугун ўтмишга айланди.
Эндиликда давлатимиз раҳбари унумсиз, паст ҳосилли ерларда пахта ва ғалла ўрнига тупроқ-иқлим шароитига мос келувчи сердаромад, серҳосил, дунё тажрибасида синовдан ўтган экин ва мева-сабзавотларни жойлаштириш, ғалладан бўшаган майдонларда хоҳлаганча бозорбоп, экспортбоп такрорий экинлар экишга даъват қилиб турган бир пайтда, иқрор бўлайлик, биз бу имкониятлардан фойдаланмай ўта сусткашликка йўл қўймоқдамиз.
Ҳар бир фасл ўз муддатида келадиган диёримизда бор-йўғи бир марта ҳосил олиш, бу – ўзбек деҳқонига хос эмас. Шу боис, олтинга тенг ер майдонларимизда йилига 2-3 марта ҳосил олиш ҳар бир деҳқоннинг халқимиз олдидаги бурчига айланмоғи даркор.
Бу борадаги фаолиятимизга холисона назар ташласак, ерларимиз унумдорлигини ошириш, ундан самарали фойдаланиш, ҳар қаричини асраб-авайлашга панжа орасидан қараб келаётганимиз ҳам айни ҳақиқат.

Ҳурматли соҳа фидойилари!
Тириклик манбаи бўлган ер умумхалқ бойлигидир. У халққа хизмат қилиши керак. Уни ўз манфаати йўлида сотишга, талон-тарож қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Сафимизда ерларни сотаётган ҳамкасбларимизнинг борлиги биз учун иснод эканлигини афсус билан тан олмоғимиз лозим. Ерни қадрламаган, унга меҳри бўлмаган фермернинг қандай қилиб ишида унум, ҳосилида барака бўлиши мумкин?
Президентимиз таъкидлаганидек, ерни эъзозлайдиган, сувнинг қадрига етадиган, ўз техникаси, иш қуроллари бўлган, натижадорликни мақсад қилиб олиб, фақат даромадга ишлайдиган инсонгина келажак фермери бўла олади. Биз бу жараёнда фермерлик ҳаракати қонунларига ўзгартириш киритилиши тарафдоримиз.
Маълумки, ҳар юртнинг ўз рамзий дарахтлари бор. Тарихдан маълумки, тут оғир даврларда ота-боболаримизга егулик бўлган. Барги эса Буюк ипак йўлининг шаклланишига асос яратган ипакчиликнинг озуқа манбаи бўлиб хизмат қилган.
Лекин кейинги йилларда тутларни беаёв кесиб, ўтин қилиб ёқдик. Оқибатда жабрини ўзимиз кўряпмиз. Шунинг учун ота-боболаримиздан қолган меросни тиклаб, экин майдонларимиз четларига тутлар экайлик. Токи далаларимизни тут дарахтлари ўраб турсин. Зараркунанда ҳашаротларни чақирадиган асосий ерларимизга соя берадиган дарахтларни экиш ҳар жиҳатдан зарарли эканлигини тарғибот қилайлик.
“Фермерликни касб қилдингми, даромад олишинг шарт!”, деган шиорни иш жараёнимиз мезонига айлантириб меҳнат қилишимиз учун барча имкониятлар етарли.
Таассуфки, бугунги кунда табаррук тупроқни сақлаш, унинг унумдорлигини ошириш борасида маҳаллий ўғит, турли озуқага бой чиқиндилардан фойдаланиш, “шарбат” усулида суғориш каби оддий, бажарса бўладиган агротехник тадбирларга риоя қилмаяп­миз. Ариқлар ва зовурларни тозалаш ишларида фақат техникага суяниб қолганмиз. Қўлда ариқ ва зовурларни тозалаш мутлақо эътибордан четда қолмоқда. Натижада ерларимизнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига барчамиз сабабчи бўляпмиз.
Тасаввур қилинг-а, ота-боболаримиз ариқ-зовурларнинг ёни ва тагини қандоқ кесиб-тарашлаб, сип-силлиқ қилиб тозалашарди. Ундан оққан сув ҳам яйраб оқарди, исроф бўлмай, деярли тўлалигича далага тараларди. Бу йўл билан экин майдонига ариқ-зовурда қолиб кетган ҳар хил чиқиндию кучсизланган, зарарланган тупроқ етиб бормайди. Аксинча, бундай тозаланган ариқ-зовур орқали ерни унумдор тупроқ билан тўйдириш мумкин бўлади. Асл деҳқон дала четидан, фойдаланилмаётган жой ҳисобидан ерга ер қўшади.
Олимлар, зиёлилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги, таваккалчилик асосида деҳқончилик қилиш пировардида ўз чўнтагимизга зарар бўлаётганини ҳам инкор эта олмаймиз.  Энди фермерми, сувчими, ирригаторми ёки шу соҳанинг олими бўладими замон билан ҳамнафас қадам ташлаши учун ўз устида тинимсиз ишлаб, касбий малакасини ошириб бориши, энг асосийси, соҳага оид китобларни ўқиб, ўрганиб боришини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Холисона иқрор бўлайлик, қайси фермер илм ва амални уйғунлаштириш мақсадида олимлар билан ҳамкорлик қилмоқда ёки хорижнинг қандай илғор тажрибасини қўллаяпти? Ваҳоланки, Хитой, Жанубий Корея, Индонезия, Вьетнам каби кўплаб давлатларда шаклланган ибратли тажрибалар, ўзини оқлаётган, сердаромад тармоқлар жуда кўп. Биз мавжуд имконият ва салоҳият нуқтаи назаридан улардан каммизми?
Тўғрисини айтганда, олимларимизнинг аксарият тадқиқотлари, яратган янгиликлари, агротехникага оид билимлари ё бизнинг, ­ё олимларимизнинг ташаббуссизлиги боис далагача етиб келмаяпти ва ўз фойдасини бер­маяпти.

Қадрли касбдошлар!
Мамлакатимизда сув миқдори чекланганлиги, айни шу сабабли ерларни кенгайтириш имконияти йўқлигини Президентимиз алоҳида таъкидлаб, барчамизни ерни севишга, уни эъзозлашга, сувнинг ҳар томчисини қадрлашга даъват қилди. Ҳаммамизга маълумки, юртимизда суғориладиган ерларнинг 45 фоизи оқар сув манбаларидан, 55 фоизи эса насослар ва тик қудуқлар орқали сув билан таъминланади. Бугун Ўзбекистонда бир куб сувнинг таннархи 40,3 сўмга тушмоқда. Қолаверса, ҳар йили давлатимиз томонидан ирригация ва мелиорация тадбирлари учун ўртача 2,3 триллион сўм маблағ сарфланмоқда. Энди айтингчи, қай биримиз сувдан фойдаланганлик учун неча сўм тўладик?
Давлатимиз раҳбари келгусида бу тадбирлар учун маб­лағни икки баробар оширамиз, деб таъкидлади. Биз эса бунга жавобан етиштираётган ҳосилимизни, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни камида икки баробар оширишимиз керак. Бунинг учун эса, аввало, сув ва ресурс тежовчи, интенсив технология­ларни иш жараёнимизга жадал жорий қилишимиз талаб этилади.
Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Агар Юртбошимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни бугун биз уддаламасак, эртага навқирон ёшларимиз, албатта, уддалайди.
Токи тажрибамиз бой, малакамиз юқори бўлса ҳам, замон билан ҳамнафас бўла олмасак, замонавий фикрлайдиган, ишлайдиган ёшларга ўрнимизни вақти-соатидан олдинроқ бўшатиб беришга мажбур бўламиз. Зотан, Президентимиз “Келажак бугундан бошланади” дея айтганларида, халқимизнинг яхши ҳаётни кутиб эмас, яхши ҳаётнинг ўзида яшаш истагини назарда тутмоқда.
Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик тармоқлари ривожи хусусида ҳам эътиборга молик ютуқларимиз билан мақтана олмаймиз. Бу тармоқлар равнақи йўлидаги ишларимизни тизимли равишда юқори суръатларда йўлга қўймоғимиз замон талабидир.
Илғор технологияларни қўллаган ҳолда, тармоқни ривожлантиришимиздан ташқари, ҳар бир фермернинг даласи бошида кичик бўлса-да балиқчиликка мос сув ҳавзаси, камида эллик бош товуғи, ўзига мос иссиқхонаси, ҳеч бўлмаганда беш қути асалариси, ишчи-хизматчилар учун шинамгина дала шийпони, ҳатто у ерда ўзбекона тандири бўлиши аввало моддий, қолаверса, маънавий жиҳатдан ҳам кони фойда эмасми?
Эндиликда ҳаммамиз ўз далаларимиз этагига бориб, дала четларига эътибор берайлик, мавжуд ҳолатни синчиклаб кўздан кечириб, қайта ўрганайлик. Наҳотки, ўзимиз, оиламиз, ишчи-­хизматчиларимиз учун керак бўлган бундай ишларни давлатимиз раҳбари белгилаб берса-ю, ижроси фақат бизнинг манфаатимизга хизмат қилишини тушунмасак.
Тан олайлик, орамиздаги боқиманда фермерларга бефарқ қараймиз, уларнинг салбий ишларидан кўз юмамиз, уларга амалий ёрдам кўрсатмаймиз. Шунингдек, тажрибали, омилкор бўла туриб, тажрибаси камроқ бўлган фермерларни қўллаб-қувватламаймиз. Ахир сафимизда 12 мингдан ортиқ ёш фермерларимиз мавжуд, улар сафи йил сайин кенгаймоқда.
Барча камчиликларимиз – нуқсонларимиз, бефарқлигимиз, сусткашлигимиз, эътиборсизлигимиз хусусида Юртбошимизнинг фаолиятимиз ривожини кўзлаб берган топшириқлари замирида яна ва яна фақат ўзимизнинг манфаатимиз мужассам эканлигини юракдан ҳис қилайлик.
Қадимдан деҳқон аҳли элда эъзозланиб, ижодкорлар асарларида олқишланиб, мадҳ этиб келинган. Ҳозир ҳам шоир-ёзувчиларимиз шеъру достонларида, ҳикоя ва қиссаларида бу касб соҳиблари юксак даражада тараннум этилади. Мана шу ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлиш учун ўз соҳамизда ташаббус ва интилишларимиз, натижадор ишларимиз билан шахдам ҳаракат қилмоғимиз керак.
Президентимизнинг мазкур нутқи ҳар биримиз учун дас­туриламал бўлиб, унда белгилаб берилган вазифаларни сид­қидилдан адо этсак, ғайрат кўрсатсак, эзгу ишларимизда унум, ҳосилимизда барака бўлади.
Бунинг учун эса ҳозирданоқ кейинги йил ҳосили учун ҳар биримиз ишимизни пухта режалаштирайлик. Соҳа олимлари фик­ри, тавсияларига қатъий риоя қилган ҳолда, илғор технология­ларни жорий қилиб, ишлаб чиқарадиган маҳсулотимиз сифат ва миқдори ўсишини таъминлайлик. Ушбу улуғвор ишларни амалга оширишда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига, қишлоқ хўжалигининг барча ходимларига куч-­қувват, шижоат, сиҳат-саломатлик ва омадлар тилаймиз.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали
маросим иштирокчилари