Маҳалла – менинг тақдиримда

Нукусда “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Унда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларидан иборат жамоалар иштирок этди.
Иштирокчилар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуд тарихи, ёшлар тарбиясида маҳалланинг ўрни, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги, соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича билимларини синовдан ўтказди.
Кўрик-танловда Нукус шаҳридаги “Боғдорчилик” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Навқирон ёшлар” жамоаси биринчи, Нукус тумани “Оқманғит” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Оқманғит” жамоаси иккинчи, Амударё тумани “Оёқчи” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Баркамол авлод” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
– Ҳудуд ривожига ҳисса қўшиш фақат фуқаролар йиғини ходимларининг эмас, балки барчамизнинг бурчимиздир, – дейди ғолиб жамоа сардори  Г.Алданазарова. – Бизнинг “Боғдорчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида 431та оилада 3 минг нафардан зиёд аҳоли аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ҳудудимизда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, таълим муассасаларида “Бир болага етти маҳалла ота-она” шиори остида учрашувлар ҳамда “Ота-­оналар университетлари” фаолиятини такомиллаштириш ишлари самарали йўлга қўйилган. Шунингдек, диний ташкилотлар вакиллари, профилактика инспектори иштирокида  аёллар ҳамда ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, турли экстремистик оқимларга кириб кетишнинг олдини олиш борасида давра суҳбатлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.