Хўжасаётда табиий газ ишлаб чиқарилмоқда

Бухоро вилояти

Олот туманида “New Silk Road Oil & Gas” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида “Денгизкўл” газ конденсати конининг Хўжасаёт участкасида табиий газ қазиб чиқариш ишлари бошланди. Шунингдек, ҳудудда “Хўжадавлат ва Шарқий Олот ГККларини ободонлаштириш” лойиҳаси доирасида кончиларнинг яшаши учун мўлжалланган вахта шаҳарчаси ҳам барпо этилди.

Жорий йилнинг май ойида Хитой Халқ Респуб­ликасига давлат ташрифи давомида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев­нинг CNPC корпорацияси бошқаруви раи­си Вал Илин билан учрашуви лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш учун туртки бўлди.
Ўтган олти ой давомида 47 километр узунликдаги магистрал газ қувури, 15,7 километрли шлейф газ қувури ўтказилди. Хўжасаёт участкасини ободонлаштириш ишлари якунланиб, 2 та янги қудуқ бурғиланди. Аввал бурғиланган учта қудуқ эса мукаммал таъмирланди. Шунингдек, реал вақт тартибида табиий газ қазиб чиқаришни назорат қилиш учун замонавий автоматлаштирилган бошқариш пульти қурилди.
– Корпорациямиз Ўзбекистонда амалга ошираётган қўшма лойиҳалар жуда юқори инвестицион жозибадорликка эга, – дей­ди CNPC корпорацияси вакили Ван Чжун Цай. – Шу ўринда иккала мамлакат манфаат­ларига хизмат қиладиган бунёдкорлик ишларига катта ҳисса қўшаётган ўзбекис­тонлик мутахассисларнинг профессионал маҳоратларини юқори баҳолайман. Улар ва мутахассисларимизнинг ҳамжиҳатликдаги астойдил меҳнати туфайли белгиланган вазифаларни қисқа муддатларда сифатли бажаришга муваффақ бўлдик. Ана шундай ўзаро манфаатли алоқаларимизни янада мус­таҳкамлаш ниятидамиз.
Мураккаб чўл шароитида ишчи-хизматчи ва мутахассисларнинг бунёдкорлик ишларини жадал олиб бориши учун мақбул шароит яратилган. Барча қулайлик­ларга эга 72 кишига мўлжалланган вахта шаҳарчаси барпо этилгани бунинг яққол исботидир.
Қўшма корхона Хўжадавлат ва Шарқий Олот конларини ободонлаштириш, 8 та янги қудуқни бурғилаш ва аввал бурғиланган учта қудуқни таъмирлаш, 43 километрли газ қувурини ўтказиш ишларини бошлаш арафасида.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида экспортга жўнатиш учун ҳар йили 1 миллиард кубметргача табиий газ қазиб чиқариш ва ички бозорда сотиш учун қарийб 6,5 минг тонна газ конденсатини ишлаб чиқариш таъминланади.
Умуман олганда, лойи­ҳа доирасида 378 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Лойиҳа харажатлари қопланиши мўлжалланган даврда қўшма корхона томонидан мамлакатимиз бюджетига (солиқлар ва мажбурий тўловлар шаклида) қарийб 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Яна бир муҳим жиҳати, объектда 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Истиқболда қўшма корхона жамоаси геологик-қидирув ишларини жадал олиб бориб, янги истиқболли углеводородли конларни ишга туширишга тайёрлаш лойиҳаларини амалга оширади. Бу эса табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.