Мўъжизани ўз қўлимиз билан яратамиз

Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида билдирилган фикрлар барча қатори биз – ўқитувчи ва мураббийларни ҳам тўлқинлантириб юборди. Ҳеч бир соҳа йўқки, эътибордан четда қолган бўлса. Барчаси очиқ-ойдин, халқона тарзда ифодаланди. Юртимиз, юртдошларимиз ҳаётига, тақдирига дахлдор энг муҳим жиҳатлар тилга олиндики, бугун бу барчамизни чуқур ўйлашга, мушоҳада юритишга ундамоқда.

Президентимиз ёшлар таълим-тарбияси масаласига, иқтидорли ёшларни тарбиялаб камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканига алоҳида урғу бердилар. Буларнинг барчасидан биз ягона бир мақсадни кўзда тутмоқдамиз, дедилар. Яъни Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт.
Дарҳақиқат, бугунги шиддат билан ривожланаётган замон ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ҳаракат қилмаган, ақл-заковатини ишга солмаганки, замондан орқада қолаверади. Шундай экан, ёшларимизни ҳар томонлама билимли, ота-боболаримизга хос қатъиятли қилиб тарбиялаш биздан жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади. Президентимизнинг фикрларини диққат билан эшита туриб, кўнглимдан кўп нарсалар кечди. Сабоқ бераётган ўқувчиларим, фарзандларим бир-бир кўз ўнгимдан ўтди. Уларнинг ичида ҳам эртанги кунимиз, жонажон юртимизнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўша оладиган замонавий кадрлар, юксак иқтидор эгалари борлигини ҳис этдим. Уларнинг иқтидорини юзага чиқаришлари, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун биз – устозлар бор куч-имкониятларимизни ишга солмоғимиз шарт эканлигини яна бир карра юрагимдан ўтказдим. Негаки, Мурожаатномада ҳам баён этилганидек, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, интилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди. Шу нуқтаи назардан бугун барчамиз аҳилликда, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоғимиз, амалий ишларимиз билан Президентимизнинг оқилона, одилона олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватламоғимиз зарур.
Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда, дедилар давлатимиз раҳбари. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак.
Ўйлайманки, бу йўлда барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиламиз ва ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга, албатта, эришамиз.

Дилшода ПРИМОВА,
Сирғали туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.