Деҳқонки, дона сочар…

3_01

Наманган вилояти

Деҳқон ерга уруғ сочар экан, мўл ҳосил сўрайди – элга барака беришини ният қилади. Йил давомида шу мақсадда ишлайди. Баҳорнинг инжиқ табиатини, ёзнинг жазирамасини, кузнинг беқарор иқлимини омилкорлик билан енгади. Ҳосил пишиб етилганида, хирмонлар юксалганидагина кўнгли тин олади. Меҳнатининг баракасини кўриб, дили шодликка тўлади.

Бугун  – Янги йил арафасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари ўтган йилни таҳлил қилар экан, яна бир бор кўнгли тўлмоқда. Ҳақиқатан ҳам, бу йил ниҳоятда баракали келди.
Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни, хусусан, унинг йирик тармоғи бўлган аграр соҳани тараққий эттиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Унга мувофиқ, ўтган ниҳоятда қисқа даврда, кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 2017 йилнинг ўзида қиш­лоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарор қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти тубдан такомиллаштирилди.
Қишлоқ туманларида ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди. Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди.
Буларнинг барчаси аграр соҳа ходимларини янада ғайрат билан ишлашга ундамоқда. Жорий йилда мамлакатимиз бўйича 8 миллион 377 минг тонна ғалла етиштирилди. Бу йил 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари олинди. Биринчи марта ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонга сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар экилди ва 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.
Наманган вилоятида ҳам қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида юқори натижаларга эришиш йўлида дадил қадамлар қўйилмоқда. Бу борада асосий тармоқ ҳисоб­ланмиш пахтачилик, пиллачилик, боғдорчилик, сабзавот ва полизчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Айниқса, ғаллачиликда эришилган ютуқлар билан вилоят ғаллакорлари ҳақли равишда фахрланмоқда. Зеро, бу юксак натижа Президентимизнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам эътироф этилди. Хусусан, Норин тумани ғаллакорлари барчага ўрнак ва намуна бўлди, дея қайд этилди.
Дона дон ерга тушгунча ерни шудгорлаш, уруғни тайёрлаш талаб этилади. Уруғ экилиб, майсалар парваришида бевосита иштирок этадиган кишиларни ҳисобласак, бу миқдор янада ортади. Ўрим-йиғим ишлари, хирмон чошлашу донни сақлаш, сўнг­ра тегирмон, ахийри, новвой қўлларида тандирдан узилгунча яна ўнлаб киши меҳнати зарур. Нонни бозорга элтмоқ, дастурхонга тортмоққа ҳам яна бир неча киши меҳнат сарф этади. Бу жараёнда қанча киши тирикчилигини ўтказиб, қанча киши оиласини теб­ратади.
Шу боис ҳам, халқимиз нонни улуғ неъмат билади. Донни азиз тутади. Унинг увол бўлиши олдини олади.
Мана шундай тамойил асосида меҳнат қилган наманганлик ғаллакорлар ҳам барча агротехник тадбирларга ҳам эътибор ва масъулият билан ёндашдилар. Хусусан, 185 та ер тайёрлаш, экиш отряди шакл­лантирилди. 78 минг гектарнинг салкам 19 минг гектарига очиқ, 59 минг гектардан зиёд майдондаги ғўза қатор орасига уруғлар сифатли экилди, тўла ундириб олинди.
Ҳазрат Навоий таъриф этганидек: Деҳқонки, дона сочар, дон сочмоқ била ризқ йўлин очар.
Деҳқон учун осон келган, ўз-ўзидан ҳосил битган йилнинг ўзи бўлмаган. Ҳосил ортида машаққатли меҳнат, тажрибаю омилкорлик борлигини барчамиз ҳар дам ҳис этиб туришимиз даркор. Ҳар бир деҳқон ўз даласини, туп­роқнинг таркибий тузилиши, қайси навли уруғни экканда кўпроқ ҳосил олиши мумкинлигини билсагина бири икки бўлади, муайян ютуқларга эриша олади. Ана шу тажрибадан келиб чиқиб, асосий эътибор эрта ва ўрта пишар навларни танлаш ва жойлаштиришга қаратилди. Таж­рибалардан келиб чиққан ҳолда 16550 гектар ёки умумий ғалла экиладиган 21 фоиз майдонга эрта пишар “Чиллаки”, “Есаул”, “Бобур”, “Шодлик”, “Андижон-4”, 56485 гектар ёки 72 фоиз майдонга “Таня”, “Первица”, “Нота”, “Крошка” навлари экилди. Қолган 4965 гектар ерга хориждан келтирилган янги нав­лар жойлаштирилди. Майсаларни ўғитлаш, маҳаллий ўғит билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, ҳашаротларга қарши биологик усул билан курашиш каби агротехник тадбирлар ўз вақтида ва маромида амалга оширилди.
Халқимизнинг шундай ривояти бор. Бир киши қўшнисининг олдига дон қарз сўраб борибди. У томда ғалла совураётган экан. Шунда бир дона буғдой юмалаб ерга тушибди. Буни кўрган қўшни пастга тушиб, бояги буғдой донасини топиб, хирмонга қўшибди. Кузатиб турган киши қарз сўрагани юраги чопмай ортга қайта бош­лабди. Шунда қўшни уни тўхтатиб, мақсадини билгач, бир халта буғдой берибди. Бундан ажабланган киши “бир дона дон учун томдан тушдингу, менга бир халта буғдойни бериб юборяпсан” дея сўрабди. Шунда қўшни “улкан хирмоннинг баракасини бир дона буғдой белгилайди-да” деган экан.
Ғаллакорлар етиш­тирган ҳар бошоқдаги донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишга қаратилган чора-­тадбирларда ана шу ҳикмат мазмуни акс этди. Бу йилги ўрим-йиғим мавсумига кўрилган пухта тараддуд натижасида мавжуд 255 та комбайнлар сифатли таъмирдан чиқарилди. 2016 йилда 22 та “Клаас Доминатор” ўрим техникаси сотиб олинган бўлса, 2017 йил ўрим мавсуми олдидан улар сафига яна 21 та ана шундай техника қўшилди. 255 та ўрим отряди ташкил этилди. Уларнинг 13 таси уруғлик майдонларни ўришга сафарбар этилди. Ҳар бир отрядга 4-5 тадан жами 1180 та транспорт воситаси ажратилди. 85 та кўчма таъмирлаш устахонаси, 127 та ёнилғи етказиб берувчи кўчма агрегат, кўчма дам олиш уйлари, ошхоналар ўримда иштирок этаётганларнинг самарали меҳнат қилиши, дам олиши, комбайнларнинг тўхтовсиз ишлаши учун хизмат қилди. Ҳар бир отряд туманнинг иқлим шароити, бошоқли дон навига қараб фермер хўжаликларига бириктирилди ва ўрим-йиғим кетма-кетлиги қатъий белгилаб олиниб, режали иш ташкил этилди.
Мавсумда бошоқли дон экинлари ҳосилини ўз вақтида, қисқа фурсатда йиғиштириб олиш учун мавсум иштирокчиларини рағбатлантириш йўлга қўйилди. Ғолибларга замонавий маиший техника ва пул мукофотлари топширилди. Натижада барча туманларда ўрим-йиғим мавсуми муваффақиятли ниҳоясига етказилди. Ҳар гектар майдондан олинган ҳосилдорлик 61,9 центнерданни ташкил қилди. Қабул масканларига 220 минг тоннадан зиёд дон етказиб берилиб, белгиланган режа 111,5 фоизга уддаланди.
Қатъият ва заҳматли меҳнат эвазига бунёд этилган юксак хирмон ризқимиз бутунлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, сирасини айтганда, фаровонлигимизнинг ёрқин тимсоли бўлди. Ғаллачиликнинг ривожи бошқа кўплаб соҳаларнинг ҳам тараққий этишига замин яратади. Чорвачилик, паррандачилик каби истиқболли тармоқларнинг маҳсулдорлигини ошириш имконини беради. Демак, гўшт, сут, тухум маҳсулотлари кўпая­ди.
Айни вақтда наманганлик ғаллакорлар келгуси ҳосил учун 76 минг 500 гектар майдонда ғалла парваришламоқда. Ўз вақтида қилинган меҳнат самарасида ғалла майсалари қишга тўла туплаб киришига эришилди.
Президентимиз ташаббуси билан бу йил мамлакатимизда биринчи марта Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни таъсис этилиб, кенг нишонланди. Пойтахтимиздаги муҳташам “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида шу сана муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзи иштирок этиб, барчамизни байрам билан муборакбод этди. Бизни “Қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларим”, деб атади. Соҳада эришилган ютуқларни эътироф этиб, истиқболдаги вазифаларимизни белгилаб берди.
Буларнинг барчаси бизни янада ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундамоқда. Эришган ютуқларимиз билан хотиржамликка берилиш, ютуқларимизга маҳлиё бўлишимиз керак эмас. Бизнинг ишга солинмаган имкониятларимиз ниҳоятда кўп. Яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланишимиз, қалб қўримиз, ақлу шууримизни соҳа равнақига йўналтириб, янада юксак натижаларга эришиш – жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшиш бизнинг фарзандлик бурчимиз, касбимизнинг асосий мезони эканлигини чуқур англаб етмоқдамиз.
Ғаллакорларимиз ҳам шу тамойил асосида қиш фаслини ҳам иш фаслига айлантириб, эл ризқини кўпайтириш борасида барча имкониятларни ишга солмоқдалар.

Равшанбек ҚУРБОНОВ,
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи.